Спорт | 22:30 / 13.12.2017
15658
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қишки спорт турлари бўйича 4 та федерация ташкил этилади

http://olympic.uz

13 декабрда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Қишки спорт турлари ассоциацияси ва ҳомийлик ташкилотлари Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантириш масаласига бағишланган учрашув ўтказишди. 

Учрашувда Ўзбекистонда хоккей, фигурали учиш ва шорт-трек, кёрлинг, чанғи учиш қишки спорт турлари бўйича 4 та янги мустақил федерация ташкил этишга қарор қилинди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Булар: Хоккей федерацияси, Фигурали учиш ва шорт-трек федерацияси, Кёрлинг федерацияси ва Чанғи спорти федерацияси. Улар таркибига, шунингдек, сноубординг, тоғ-чанғи спорти, фристайл, чанғида трамплиндан сакраш ва бошқа қишки спорт турлари киради.

Учрашувда Ўзбекистон вакиллари қишки спорт турлари бўйича халқаро ареналарда муҳим ютуқларга эриша олмаганлари таъкидлаб ўтилган. Ўзбекистондан қишки Олимпиадалар медалларининг ягона совриндори, 1994 йилда Лиллехаммердаги Олимпиадада ғолиб бўлган Лина Черязова ҳисобланади.

Учрашувда профессионал мутахассисларни жалб қилган ҳолда 4 та федерацияни ташкил этиш билан шуғулланувчи ташаббус гуруҳи тузилди. Бу гуруҳ, шунингдек, янги федерацияларнинг самарали ишлаши учун сармоячилар ва ҳомийларни излаш билан ҳам шуғулланади.

Яратилаётган федерациялар қишки спорт турлари бўйича болалар ва ўсмирлар фаолиятини йўлга қўйиши, миллий терма жамоалар учун муносиб номзодларни етиштириши, вилоятларда бўлимлари, муз саройлари ва ўқув-машғулот лагерлари очишлари лозим бўлади.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид