Жамият | 17:55 / 17.02.2022
46861
8 дақиқада ўқилади

“Ижарада туриб бўлса ҳам боласини бизда ўқитишади” — Сергелидаги мактабнинг қандай оҳанрабоси бор?

Сергели туманидаги 300-мактабда 5,5 мингга яқин ўқувчи ўқийди. Бу мактабни ўтган йили битирган ёшларнинг 82 фоизи талаба бўлди. Мактаб директори Нигора Саидхўжаева бундай натижага қандай эришгани, мактабда ўқувчи кўплигининг сабаби ва устозларга муносабат бўйича мактаб тажрибасини Kun.uz'га сўзлаб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Юрт фарзандларига ҳарф танитиб, уларни илмга-нурга етаклаётганлар – муаллимлардир. Яқинда Ўзбекистон халқ ўқитувчиси унвонини олган Нигора Саидхўжаева ва Сергели туманидаги 300-мактаб жамоаси ҳам болаларни илм-маърифатли қилишга бел боғлаган устозлардан бўлади.

“Фарзандларини хусусий мактаблардан ҳам қайтариб олиб келишяпти”

Нигора Саидхўжаева 5 йилдан бери Сергелидаги 300-мактаб директори сифатида фаолият юритмоқда. Бу мактабда 5,5 мингга яқин ўқувчи билим олади. Бундай рақам халқ таълимидаги камдан-кам мактабларда учрайди. Бунинг сабаби – Нигора Саидхўжаеванинг айтишича, 300-мактабдаги дарслардан ота-оналарнинг кўнгли тўлади.

Ҳатто хусусий мактабга олиб кетганлар ҳам боласини қайтариб олиб келмоқда. Ота-оналар, боласини шу мактабда ўқитиш учун яқин атрофдаги уйларга атайлаб келиб, ижарада туришади, дейди у.

“Мана, кечаги мисол. Ота-она бошқа жойга кўчгани учун боласини мактабдан олишга мажбур бўлганди. Лекин боласи янги мактабга ўрганолмабди. Қийналсак ҳам боламизни сизнинг мактабда ўқитамиз, деб қайтиб олиб келишди. Болани олдик, ўзининг синфига қўйдик, хурсанд, 2-синф ўқувчиси, раҳмат айтиб кетишди”, – дейди Нигора Саидхўжаева.

Нигора Саидхўжаевага Ўзбекситон халқ ўқитувчиси унвони топширилмоқда.
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Ўқитувчи ўқувчи кўнглини топиши учун, аввало устознинг кўнглини топиш керак: ўзига илиқ муносабатни, рағбатни сезган ўқитувчи болаларга меҳр билан таълим беради. Шу сабаб бу борада 300-мактаб қандай йўл тутиши билан ҳам қизиқдик.

“Ўқитувчига рағбат бўлмаса, иш бўлмайди. Педагогни рағбатлантириш вазифасини асосий мақсад қилиб қўйганмиз. Рағбатлантириш учун ҳомийлар топамиз. Тўғри, ҳаммани ҳам бирдай рағбатлантиролмаймиз, қайси ўқитувчини рағбатлантириш ютуқларидан билиниб бораверади. Ҳозир жуда кўп мусобақа ва олимпиадалар чиққан. Ишлайдиган ўқитувчи натижаси шуларда кўринади”, – дейди директор.

Ўқувчиларни иқтидорига қараб йўналтириш ҳақида

Ўқувчилар иқтидорини аниқлаш учун 300-мактабда ўзига хос услуб яратилган. Ўқувчи 5-синфга ўтганда унинг қайси соҳага қизиқиши мактаб ўқитувчилари, психологлари ва ота-она ёрдамида аниқланади. Ундан кейин ўқувчи иқтидорига қараб мактабда ташкил қилинган “Кичик академия”, яъни ўқувчиларнинг ижодий уюшмасига таклиф қилинади.

“Кичик академия” илмий кенгашидаги фаол ўқувчиларни рағбатлантириш маросими.
Фото: Нигора Саидхўжаеванинг шахсий архивидан

2001 йилдан бери ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Малика Абдуллаеванинг айтишича, “Кичик академия” 5 хил йўналишни ўз ичига олади. Биринчиси – фанлар кесимида иқтидорли ўқувчилар, иккинчиси – илмий иш, тадқиқотлар қиладиган ўқувчилар, учинчиси – ижодий иш қиладиган, тўртинчиси – спорт ва маданият йўналиши ва охиргиси – робототехникага қизиқадиган ўқувчилар. Ҳар бир ўқувчига битта ўқитувчи бириктирилиб, якка тартибда шуғулланилади.

“Ўқувчиларга октябрда вазифа берилиб, вазифалар апрелда кичик академия илмий кенгашига тақдим қилинади. Топширилган ишлар ичидан ҳимояга лойиқларини олиб қоламиз ва йил охиридаги ҳисобот фестивалида рағбатлантирилади”, – дейди у.

Бунинг натижаси мактаб ўқувчилари ютуқларида ҳам кўринади. “Масалан, – дейди Малика Абдуллаева – яқинда бир ўқувчимиз математика фан олимпиадасидан ғолиб бўлгани учун шаҳар ҳокими стипендиясини олди. Бошқа ўқувчимиз “Миллий чолғу” халқаро танловида рубоб бўйича 2 карра ғолиб бўлди. Ян бир ўқувчимиз АҚШнинг Вебстер университети талабаси бўлиб, грант ютиб олди. Бу – шу кеча-кундуздаги ютуқларимиз”.

Малика Абдуллаева "Кичик академия" илмий кенгаши фаолига медал топширмоқда.
Фото: Нигора Саидхўжаеванинг шахсий архивидан

“Биз оддий халқ болаларини ўқитамиз, улар репетиторга доим ҳам боролмайди”

Халқ таълими тизимидаги мактабларда олинган билим билан ОТМга кириш қийинлиги сир эмас. 300-мактаб жамоасининг айтишича, мактаб битирувчиларининг кўпи мактабнинг ўзида ўтиладиган фан курсларига қатнайди ва ўтган йили 82 фоиз битирувчи ОТМга қабул қилинган. Бунинг сири нимада экани кўпчиликни қизиқтириши турган гап. Директор дарсдан кейинги курсларга кўп ўқувчи жалб қилиниши бунга сабаб бўлса керак, дейди.

“Тўғри, репетиторга борадиган болаларим ҳам бор. Лекин биз оддий халқ болаларини ўқитамиз. Каттаконларнинг болалари келиб, биздан таълим олмайди. Бу мактабимиз жойлашган ҳудуд билан ҳам боғлиқ. Битта оилада 3-4 нафар фарзанд яшайди. Уларнинг ҳаммаси репетиторга пул беролмайди.

Биласиз, дарсдан кейинги машғулотлар жуда қиммат. Шунинг учун биз болаларнинг иқтидорини вақтли аниқлаб, уларни қизиқишига қараб йўналтирамиз. Бола 10–11-синфга чиққанида иқтидори аниқланиб бўлади. Шунга қараб, дарсдан кейинги фан курсларига қатнайди. Уларга олий тоифали ўқитувчилар бириктирилган”, – дейди Нигора Саидхўжаева.

Нигора Саидхўжаева фаол ўқувчиларга “Фахрий ёрлиқ” топширмоқда.
Фото: Нигора Саидхўжаеванинг шахсий архивидан

“Замон билан ҳамнафас бўлиш эмас, ундан бир қадам олдинда юриш керак”

Нигора Саидхўжаева – 3 нафар фарзанднинг онаси, 6 нафар набиранинг бувиси ҳамдир. Кўриниб турганидек, у директорлик қилаётган мактаб ютуқлари ҳам кам эмас. Буларнинг барига улгуриш учун чарчадим демасликни, ҳаммасига ҳаракат қилиб эришиш кераклигини айтади қаҳрамонимизнинг ўзи.

“Авваламбор, олдимизга ҳаммадан бир қадам олдинда юриш мақсадини қўйганмиз, ана шу мақсадга интиламиз. Агар замон билан ҳамнафас бўлсангиз, янгиликларга етиб ололмайсиз, чунки замон шиддат билан ўзгаряпти. Бирор ютуққа эришиш замондан бир қадам олдинда юришни тақозо қилади”, – дейди у.

Тажрибали устоз ўқитувчиларга муносабат сабаб шу касбни танлаганидан пушаймон бўлган вақтлари ҳам бўлганини айтади.

“Олдин ўқитувчиларга муносабат ҳам бошқача эди. Кўча супуришга олиб чиқишарди. Шунақа ҳолатда роса хафа бўлардим. Нега энди мана шу касбни танладим, синглимга, акамга ўхшаб банкда столда ўтириб ишласам бўларди, деб ўйлаганман. Лекин мана, 5 йил бўлди директор бўлганимга, коллектив олдида бемалол айта оламанки, кўчага чиқиб бирор марта супуртирмаганман. Бунинг учун техник ходимларимиз бор. 7 гектар ерим бор. Шу техник ходимлар билан эплаяпман, ҳамма жойим тоза, обод”, – дейди у.

“Кичик академия” илмий кенгаши аъзолари.
Фото: Нигора Саидхўжаеванинг шахсий архивидан

Марҳаматдаги воқеа

Нигора Саидхўжаева яқинда Андижоннинг Марҳамат туманида ўқувчилари ўқишга киролмагани учун ўқитувчиларнинг ота-оналардан кечирим сўраттирилишидан қаттиқ ранжиганини айтди.

“Андижондаги воқеадан хафа бўлдим. Ўқитувчини турғазиб қўйиб, ота-онадан кечирим сўраттиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Неча йилдан бери ўқитувчилик қилиб келамиз, лекин ўқувчи олий таълимга кирмагани учун ўқитувчи жавоб бермайди-ку. Нега ўқитувчи туриб кечирим сўраши керак? Балки у ерда муҳитни ўзгартириш керакдир. Балки бошқачароқ ёндашиш керакдир. Нега ўшанинг ичига кирмай туриб, ўқитувчига кечирим сўра дейишди, мана шунга хафа бўлдим.

Ким бунга йўл қўйган бўлса ҳам, аввало муҳитнинг ичига кириб, нега шунча ўқувчи ўқишга киролмади, сабаб нимада, буни аниқлаш керак эди. Ўқувчининг кундалик ҳаётини ўрганиш керак эди”, – дейди у.

Мактаб жамоаси ҳозир республикада бренд мактаб яратиш тажрибаси устида иш олиб боряпти. Яъни республикада 3та йўналишда – президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар бўлса, уларнинг сафига тўртинчи бўлиб бренд мактаб йўналиши ҳам қўшилиши мумкин. Бу йўлда мактаб жамоасига куч-қувват тилаб қоламиз.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид