Ўзбекистон | 20:41 / 21.12.2022
14413
4 дақиқада ўқилади

Ҳар мавсумда шу бўлар такрор. Қашқадарёда яна чигит машмашаси бошланди

Чигит маҳсулотини вилоятдан олиб чиқиб кетишга тўсиқ вазифасини Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ИИБ ЙҲХБ бажармоқда. Эътиборлиси, Сурхондарё ёки Бухородан олиб кетилаётган чигит эътирозсиз ўтказиб юборилмоқда.

2022 йил 19 декабр куни Кўкдала туманидаги “Умакай” постида яна тадбиркорга тегишли чигит ушлаб қолинган. Тадбиркорга кўра, маҳсулотга оид барча ҳужжатлар прокуратура департаменти томонидан олиб қўйилган ва ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Жиззах вилоятида фаолият олиб бораётган “PAXTAKOR SIFAT YOG‘” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Раҳмат Кўраловнинг Kun.uz’га маълум қилишича, еттита юк машинасидаги 150 тоннадан ортиқ маҳсулот Қашқадарё вилоятидан чиқарилмаяпти. Бундай ҳавода чигит намланиб, зарарланиш эҳтимоли юқори.  

МЧЖ раҳбари Кўраловга кўра, маҳсулот биржа савдолари орқали харид қилинган ва барча ҳужжатлари мавжуд. 19 декабр куни ЙПХ ходимлари ҳеч қандай асоссиз маҳсулот харид қилинганига оид ҳужжатларни олиб қўйган. Юк машиналари эгаларининг ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳам қайтариб берилмаган. 

“Маҳсулотни етказиб бериш учун юк машиналари Қашқадарё вилоятидан ёлланганди. Мана, орадан икки кун вақт ўтди ҳамки, маҳсулотимиз қўйиб юборилмади. Ҳайдовчилар ушлаб турилган ҳар бир кун учун мендан қўшимча ҳақ талаб қилишади. Қолаверса, “Умакай” ҳудудида ҳаво ҳарорати анча паст, маҳсулотимизга зарар етяпти. Бизни йўлда истаган ташкилот тўхтатиб, қўлига тақдим қилган ҳужжатларимизни бир неча кунлаб текшириши қайси мантиққа тўғри келади? Етказилаётган зарарни ким қоплаб беради?” - деди Раҳмат Кўралов.

Қашқадарё вилояти прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти масъул ходими Турғун Пўлатовдан телефон орқали изоҳ олдик. Унинг айтишича, постда ЙПХ ходимлари материал қилиб, департаментнинг Кўкдала тумани бўлимига ўтказган. Айни вақтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Агар тадбиркорлар маҳсулот сифати бузилишидан хавотир олса, бизга хат билан чиқишсин. Заруратга қараб керакли ҳужжатларни тақдим этишса, тезроқ қарор чиқариб беришади”, - дейди Турғун Пўлатов.

“Умакай” пости масъули Абдушукур Шодиевдан ҳам вазият бўйича изоҳ олдик. ЙПХ масъулининг айтишича, Қашқадарё вилоятидан чиқиб кетаётган ҳар қандай чигит тўхтатилиб, унинг қонуний олиб кетилаётганини текшириш учун департаментга юборилмоқда. Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидан харид қилинган чигит “Умакай”да ушлаб қолинмаяпти.

“Чигитнинг қонуний эканлигига оид ҳужжатлар департамент томонидан текширилмоқда. Агар ҳаммаси қонуний бўлса, машиналарни бир дақиқа ҳам ушлаб ўтирмаймиз”, - деди пост раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил январида ҳам айнан ушбу постда каттақўрғонлик тадбиркор харид қилган 100 тонна чигит вилоят ҳокимлиги топшириғига кўра ушлаб қолингани айтилганди. Масалага Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова ҳам аралашиб, Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовдан чигитни қўйиб юборишни илтимос қилганди.  

Ёмғир тагида чириётган чигит воқеаси бўйича Kun.uz репортажи ҳам эълон қилинганди.

Чигит тўхтатиб қолинганидан ўн кун ўтиб, техник чигит ўрнига уруғлик чигит бериб юборилгани айтилганди. Ёмғир тагида қолган маҳсулот эса бошқасига алмаштириб берилганди.

Айни пайтда “Умакай” постида “PAXTAKOR SIFAT YOG‘” масъулияти чекланган жамиятидан ташқари, бошқа тадбиркорларга тегишли чигит ортилган бир нечта юк машинаси ҳам ушлаб турилибди. Негадир икки ҳуқуқ-тартибот идоралари – прокуратурани ҳам, ИИБни ҳам тадбиркорларнинг фаолияти, маҳсулот тақдири қизиқтирмаяпти.

Мавзуга оид