Жаҳон | 09:59 / 31.07.2025
3923
3 дақиқада ўқилади

Канада Фаластинни тан олади – Марк Карни

30 июль куни Канада бош вазири Марк Карни мамлакат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сентябрь ойидаги йиғилишида Фаластин давлатини тан олиш режасини маълум қилди. Ғазода очарчилик кучайиб бораётган пайтда амалга оширилган бу қадамлар Исроилга нисбатан босимни оширмоқда.

​​​​​​​Фото: AFP

Канада бу билан Франция ва Британиядан кейин Фаластинни тан олиши кутилаётган G7 нинг учинчи давлати бўлади. «Канада Исроил ҳукумати Ғазода фалокат юз беришига йўл қўйгани фактини қоралайди», деди Карни.

Карни тан олиш қарори – қисман Фаластин давлатини БМТда ифодалайдиган Фаластин маъмуриятининг бошқарувни ислоҳ қилаётгани, 2026 йилда умумий сайловлар ўтказишга тайёрлиги ҳақидаги кафолатларга асосланганини айтди. Унга кўра, бу сайловларда ҲАМАС «иштирок этмаслиги керак».

Исроил ва унинг энг яқин иттифоқчиси ҳисобланган АҚШ Карнининг баёнотларига раддия берди.

«Канада ҳукуматининг ҳозирги позициясини ўзгартириши ҲАМАСни мукофотлаш ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳамда гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга зарар етказади», дейилади Исроил ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Франция ва Британиянинг баёнотларидан сўнг шунга ўхшаш фикр билдирганди.

Reutersʼнинг Оқ уйдаги исми ошкор этилмаган расмийсига кўра, президент Доналд Трамп ҳам Фаластин давлатини тан олишни «ҲАМАСни мукофотлаш» деб ҳисоблашини айтган. АҚШнинг махсус элчиси Стив Уиткофф пайшанба куни Ғазо масаласида музокаралар учун Исроилга йўл олади. Трамп бу ҳафта Ғазода кўпроқ одамларни озиқлантириш учун марказлар ташкил этилишини айтганди.

АҚШ Миллий разведкасининг Яқин Шарқ бўйича собиқ ўринбосари Жонатан Паникофф Фаластинни тан олиш «Исроилни икки давлатли ечимга қайтишга мажбур қилиш учун босимни оширишга қаратилган» деди. Бироқ у Канада қарори «рамзий бўлишдан бошқа нарса эмас ва Исроил билан узоқ йиллик иттифоқчилик муносабатларини заифлаштириш хавфини туғдиради», дея қўшимча қилди.

Фаластин давлати 2012 йилдан бери БМТ Бош Ассамблеясининг аъзо бўлмаган кузатувчи давлати ҳисобланади ва уни ташкилотнинг 193 аъзосидан учдан икки қисми тан олган.

Исроилнинг энг яқин иттифоқчилари бўлган айрим давлатларнинг ушбу қарорлари Ғазога озиқ-овқат ва бошқа ёрдамни чеклаш ва у ердаги кескин ҳуманитар инқирозга нисбатан халқаро ғазаб кучаяётганини акс эттиради. Глобал очарчилик мониторинги Ғазода энг оғир – очарчилик сценарийси юз бераётганидан огоҳлантирди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид