Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Турмада ўтириб, сизларга қарши курашиб ўламан» – Муҳаммад Али нега Вьетнам урушига боришдан бош тортганди?
1965-1975 йилларда АҚШ Вьетнам ҳудудида, 1979-1988 йилларда СССР Афғонистонда босқинчилик урушини олиб боради ва ҳар иккаласи ҳам енгилиб чиқиб кетади. Ўша вақтда дунёдаги аксарият соғлом фикрли инсонлар бу урушларга қарши бўлган. Улар орасида бокс афсонаси Муҳаммад Али ҳам бор эди.
Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин ҳам инсоният тин олмаяпти ва дунё яна кўплаб урушларни кўрди. 1960-70 йилларда АҚШ Вьетнамда, 1979-1989 йилларда СССР Афғонистонда, XXI-асрга ўтиб АҚШ Афғонистон ва Ироқда Россия эса Грузия ҳамда Украинада уруш олиб борди.
Бу урушларнинг аксарияти босқинчилик урушлари бўлиб, уларда миллионлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди, шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланди. Ўз вақтида бундай урушларга кўпчилик ўз норозилигини билдирган эди.
Жорий йил 24 феврал куни Россия армияси очиқчасига Украинага бостириб кирди. Россиянинг бу босқинчилик ҳаракати мамлакатнинг ўзида ҳам кўплаб фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар орасида таниқли шахслар ҳам бор.
Агар яқин тарихга қарасак, бир пайтлар АҚШнинг Вьетнамда олиб борган уруши ҳам аксарият америкаликларнинг норозилигига сабаб бўлган ва улар орасида машҳур боксчи Муҳаммад Али ҳам бор эди.
Муҳаммад Али нафақат АҚШнинг Вьетнамда, балки СССРнинг Афғонистонда олиб борган босқинчилик урушига қарши бўлгани билан ҳам кўпчиликнинг ёдида қолган.
Муҳаммад Али ҳақида
Муҳаммад Али 1942 йилнинг 17 январ куни АҚШнинг Кентукки штати Луисвилл шаҳрида дунёга келган. Туғилганда унинг исм-шарифи Кассиус Клей бўлган.
12 ёшидан бокс билан шуғуллана бошлаган Кассиус Клей мусобақаларда ҳам қатнаша бошлайди ва 1956 йилда 14 ёшида «Олтин қўлқоп» мукофотини қўлга киритади. У мактабни битирган пайтида ҳаваскор боксда 100та ғалабага эришган ва бор-йўғи 8 марта мағлубиятга учраганди.
Мактабни тугатиб профессионал боксга ўтмоқчи бўлиб турган Кассиусга мураббийлари аввал олимпиада чемпиони бўлиши лозимлигини айтишади. У олимпияда йўлланмасини қўлга киритади ва 1960 йилда Рим шаҳрида ўтказилган мусобақаларда бокс бўйича ярим оғир вазн тоифасида чемпион бўлади.
Кассиус ўша йилиёқ профессионал боксга ўтади илк жангини ўтказади. Кўплаб рақибларини мағлубиятга учратган Кассиус 1964 йилда Сонни Листонни енгиб ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлади. Ўша йили Ислом динини қабул қилиб, исм-шарифини Муҳаммад Али деб ўзгартиради.
Муҳаммад Али ўз фаолияти давомида ўта оғир вазн тоифасида 61 та жанг ўтказган. Ундан 56 тасида ғалаба қозонган, 5 тасида мағлубиятга учраган ва беш марта «Йил боксчиси» бўлган. 1999 йилда «Аср спортчиси» деб тан олинган.
Исломни қабул қилиши
Муҳаммад Али Исломни қабул қилганини 1964 йилда ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлгандан сўнг эълон қилган бўлса-да, унинг бу динга қизиқиши 1960-йилларнинг бошида пайдо бўлганди.
1961 йилда у Майамида АҚШдаги қора танли мусулмонлар раҳнамоси бўлган таниқли воиз Элижаҳ Муҳаммаднинг сафдоши Абдул Раҳмон билан учрашади. У Муҳаммад Алини масжидга олиб боради.
Ўша пайтда АҚШда ирқчилик авжига чиққан, оқ танлилар учун турли хизмат кўрсатиш муассасалари, жамоат транспортлари, ҳатто ишхоналардаги ҳожатхоналаргача алоҳида эди. Бундай жойларга қора танлилар кира олмасди.
Ана шундай ҳолатда Муҳаммад Али Майамидаги масжидда оқ танлилар ва қора танлиларнинг ёнма-ён намоз ўқишларини, ибодатдан сўнг бир-бирини бағрига босишларини кўриб ҳайратланади. Унга Исломда ирқ, миллат ажратиш йўқлигини, барча бир-бирига оға-инидай биродар бўлишини тушунтиришади.
Майамидаги масжидда кўрган ҳолати Муҳаммад Алига жуда қаттиқ таъсир қилади. Шундан сўнг Ислом дини ва унинг арконларини ўргана бошлайди. Орадан бироз ўтиб у Ислом динини қабул қилганини эълон қилади.
Муҳаммад Али Ислом динини қабул қилганини шундай таърифлайди:
«Мен рингда Америка учун жанг қилдим ва олимпиада олтин медалини олдим. Ўша куни ресторанга кириб, буни нишонлашни истадим, аммо америкаликлар мени у ердан қувиб чиқаришди. «Қора танлисан», деб менга овқат беришмади. Алам билан соҳилда кезар эканман, Америка учун олган олтин медални дарёга улоқтирдим. Масжидга келиб қолдим ва у ерда оқ танли билан қора танли бир сафда ўтирганини, бир-бири билан оға-инидек суҳбатлашаётганини, бирга намоз ўқиб, кейин бир-бирини бағрига босаётганини кўрдим. Мен Исломни қабул қилишимни айтдим. Имом менга шаҳодат калимасини ўргатди. Мен чемпионлик шоҳсупасида туриб, йиғламагандим, ҳозир йиғладим. Чемпионлигимдан кўра ҳозир буюкроқ мартабада турганимни ҳис қилиб, йиғладим…»
Муҳаммад Али Вьетнам урушига қарши
Иккинчи жаҳон урушидан кейин мустақиллик учун давом этган саккиз йиллик урушдан сўнг 1954 йилда Вьетнам иккига бўлиниб қолади. Мамлакат шимолида СССР ёрдамида Вьетнам Демократик Республикаси, жанубда эса АҚШ ёрдамида Вьетнам Республикаси тузилади.
1959 йилда шимолликлар мамлакат жанубини босиб олиш учун уруш бошлайди. 1961 йилдан бошлаб АҚШ жанубликларга ҳарбий ёрдам кўрсатишни бошлайди.
1964 йил ноябрда Линдон Жонсон АҚШнинг 36-президенти этиб сайланади (1963 йилда президент Жон Кеннеди ўлдирилганди). АҚШ Конгресси янги сайланадиган президентга лозим бўлганда Жанубий-Шарқий Осиёда ҳарбий куч ишлатиш ҳуқуқини беради.
Шундан сўнг 1965 йил март ойидан бошлаб АҚШ Вьетнамга кўп миқдорда ҳарбийларини жўната бошлайди. Кейинчалик оддий аҳоли ҳам урушга жўнатила бошланади. Аммо кўпчилик бу урушга қарши эди ва уни босқинчилик деб ҳисобларди.
1967 йилда Муҳаммад Али ҳам Вьетнам урушида қатнашаётган АҚШ ҳарбийлари сафига чақирилади. Аммо боксчи армияда хизмат қилишдан бош тортади. Ўшанда у Вьетнам урушига бормаслигини «босқинчилик урушида қатнашмаслиги ва бу иш эътиқодига зид экани» билан изоҳлайди.
Шунингдек, боксчи ҳатто қуролли кучлар сафидаги хўжалик ишларида қатнашишни ҳам истамайди.
Муҳаммад Али Вьетнам урушига бормаслигини маълум қилганидан бир соат ўтиб, Нью-Йорк штати Спорт комиссияси ундаги боксчилик лицензиясини бекор қилади. Яна Муҳаммад Алини жаҳон чемпиони деб ҳисобламаслигини билдиради.
Шундан сўнг яна кўплаб штатларнинг Спорт комиссиялари ҳам шундай қарор қабул қилишади. Муҳаммад Али ўта оғир вазнда чемпион бўлган йўналиш эгаси Бутунжаҳон Бокс ассоциацияси ундан чемпионликни тортиб олади. Шунингдек, мамлакатдан чиқиб кетмаслиги учун унинг паспортини ҳам тортиб олишади.
1967 йилда Муҳаммад Али ҳарбий хизматни ўтамаса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш олади. Бироқ боксчи ўз фикридан қайтмайди. Оқибатда, унинг устидан жиноят иши очилади.
1967 йил 19 июн куни Хюстон шаҳрида бўлиб ўтган суд мажлиси тўққиз соат давом этади ва судялар Муҳаммад Алини айбдор деб эълон қилади. Унга 5 йил қамоқ жазоси берилади ва 10 минг доллар жаримага тортилади. Муҳаммад Алининг адвокатлари бу ҳукм устидан апелляция беришади.
Ўша судда 25 ёшли боксчи сўзлаган нутқ ҳали-ҳануз унутилмайди:
«Мен вьетнамликлар билан жанжаллашмаганман, уларга бирорта хусуматим йўқ. Улар менга ҳеч бир ёмонлик қилишмаган, мени негр деб ҳақорат қилишмаган, ҳуқуқларимни чеклашмаган, суд-сўроқсиз оломон қилишмаган. Мени қамоқхонага жўнатмоқчи бўлсаларингиз — марҳамат. Лекин мен бу бечора бахтсиз инсонларни ўлдириш учун 10 минг километр йўл босмайман. Яхшиси мен, турмада ўтириб, сизларга қарши курашиб ўламан. Чунки айнан сизлар менинг йўлимга тўғаноқ бўлиб, менинг бошқалар билан тенг бўлишимга қарши чиқмоқдасиз, менинг диний ҳуқуқларимни ҳурмат қилмаяпсизлар. Вьетнамликларга эса менда заррача эътироз йўқ».
Иккинчи суд мажлиси Янги Орлеанда бўлиб ўтади ва унда биринчи суднинг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилади. Шундан сўнг боксчининг адвокатлари АҚШ олий судига апелляция киритишади.
Суд маҳкамалари давом этаётган пайтда Муҳаммад Али озодликда қолади. 1971 йил 28 июнда АҚШ Олий суди боксчининг иши бўйича якуний ҳукмни чиқаради. Унга кўра Муҳаммад Али ўз диний қарашлари туфайли ҳарбий хизматдан бош тортишга ҳақли деб топилади. Аввалги суд ҳукми бекор қилинади ва боксчи оқланади.
Шундан сўнг Муҳаммад Алининг лицензиясини ва чемпионлик камарини қайтариб беришади. Унинг барча ҳуқуқлари тикланади ва боксчи мусобақаларда қатнаша бошлайди.
Муҳаммад Али Ўзбекистонда
1978 йил 12-21 июн кунларида Муҳаммад Али рафиқаси Вероника Порше, мураббийи, менежери, адвокати ва бошқа шахслар ҳамкорлигида СССРга сафар қилади.
Дастлаб у Москвада бўлади ва боксчига «Улуғ советлар мамлакати»нинг пойтахтини кўрсатишади. 15 июн куни Муҳаммад Али Тошкентга келади. Унинг мақсади СССР мусулмонларининг ҳаёти билан танишиш эди.
Ўша пайтда СССРдаги исломий таълим берадиган ягона олий таълим муассасаси – Тошкент Ислом институти, шунингдек, Ислом оламида машҳур бўлган Имом Бухорий туғилган шаҳар ва унинг қабри ҳам Ўзбекистонда эди. Шу сабабли Муҳаммад Али Ўзбекистонга келишни хоҳлайди. Сафар дастурида боксчининг Самарқанд ва Бухорога бориши ҳам режалаштирилган эди.
Муҳаммад Али Тошкентда икки кун бўлади ва бу ерда унга шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатишади. Боксчи Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раҳбари, муфтий Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон билан учрашади. Унинг хонадонида меҳмон бўлади.
Муҳаммад Али 17 июн куни Самарқандга боради. Кўҳна шаҳарда боксчи тарихий ёдгорликларни томоша қилади. Масжидга ташриф буюриб, намоз ўқийди. 18 июн куни вақт тиғизлиги боис Бухорога бориш режаси бекор қилиниб, Москвага қайтиб кетади.
1978 йил 21 июн куни Муҳаммад Али Нью-Йоркка учиб кетади. Эртаси куни «Комсомолская правда» газетасида «Муҳаммад Али: Мен кўрганларнинг ҳаммаси ажойиб» сарлавҳаси билан мақола чоп этилади. Унда боксчи СССРга қилган сафаридан олган таассуротлари ҳақида гапирган ва мухбир унинг сўзларини янада кўпиртириб берган эди.
Муҳаммад Али Афғон урушига қарши
1979 йил декабр ойида СССР ҳарбийлари Афғонистонга бостириб киради ва оқибатда бу мамлакатда нотинчлик бошланади. Бир йил олдин совет иттифоқига сафар қилган ва АҚШга қайтгач бу давлатни мақтаган боксчи СССР раҳбариятининг бу ишини дарҳол қоралаб чиқади.
Шундан сўнг у дунё бўйлаб қилаётган сафарларида СССРнинг Афғонистонда олиб борган босқинчилик урушини қоралашда давом этади.
Бундан ташқари, Муҳаммад Али АҚШ президенти Жимми Картернинг 1980 йилда ўтказилиши белгиланган Москвада олимпиадасини бойкот қилиш ҳақидаги ташаббусини қизғин қўллаб-қувватлайди.
Муҳаммад Алининг Афғон урушига қарши тарғиботи Москвада нохуш кутиб олинади. Бир йил аввал машҳур боксчини мақтаган совет матбуотида Муҳаммад Алини қоралаб кўплаб мақолалар эълон қилинади.
Муҳаммад Али адолат ва ҳақиқат учун курашган, бу йўлда дунёнинг иккита йирик давлати томонидан олиб борилган босқинчилик урушларга дадил қарши чиқа олган эди.
Боксдан кетиши ва вафоти
1978 йилда Муҳаммад Али боксдан кетишни режалаштиради. Аммо охирги рақиб сифатида танланган рақибидан енгилади. Бир неча ойдан сўнг ўтказилган такрорий жангда у рақибини енгади ва чемпионлик камарини қайтариб олади. Шундан сўнг у катта боксдан кетишини эълон қилади.
Аммо Муҳаммад Алининг молиявий шароити уни яна катта боксга қайтишига мажбур қилади. 1980-1981 йилларда яна бир нечта жанг ўтказган боксчи уларда мағлубиятга учрайди. 1981 йил декабр ойида ўтказилган жангда ютқазгач Муҳаммад Али рингга қайтмайди.
Фаолиятини тугатгандан сўнг кўп ўтмай Муҳаммад Али Паркинсон касалига чалиниб қолади. Шундай бўлса ҳам у дунё бўйлаб турли хайрия тадбирларида спорт мусобақалари фахрий меҳмони сифатида иштирок этади.
Ҳолливудда «Шон-шараф хиёбони» бор. У ердаги йўлакда АҚШлик машҳур инсонларнинг, киноюлдузларнинг исми тошга ўйиб ёзилган. 2002 йилда Муҳаммад Алининг ҳам исмини шу йўлакка ёзишни режалаштиришади.
Бундан хабар топган Муҳаммад Али ўзининг исм-шарифини ерда эмас, деворга ёзишса бу ишга рози бўлишини айтади. У Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг исмини йўлакда бўлиши ва уни ҳамма босиб ўтишини хоҳламайди. «Шон-шараф хиёбони» масъули Анна Мартинес бунга рози бўлади ва Муҳаммад Али исми йўлак олдидаги деворга ўрнатилади.
2016 йил 3 июн куни Муҳаммад Али АҚШнинг Феникс шаҳрида жойлашган шифохонада 74 ёшида вафот этади. У 32 йил давомида Паркинсон касаллигидан азият чекади.
Унинг дафн маросими 10 июн куни ўтказилади ва унда қарийб 15 минг одам қатнашади. Сўнг жаноза намози ўқилиб боксчи дафн этилади. Боксчининг дафн маросимида АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон, Иордания қироли Абдулла Иккинчи, Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған, машҳур Ҳолливуд актёрлари Уилл Смит, Арнольд Шварценеггер ва жаҳонга машҳур боксчи Леннокс Льюис каби нуфузли шахслар иштирок этади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
17:43 / 10.03.2025
Муҳаммад Али учун ўч: Тайсоннинг тарихий жанги ҳақида
21:19 / 19.03.2023
«Узун пичоқлар кечаси». Ҳитлернинг мутлақ ҳокимият йўлидаги биринчи қонли «тозалаш» операцияси
13:27 / 14.03.2023
СССРда яширилган фожиалар: муз саройида сақич талашган одамлар қандай ҳалок бўлганди?
11:29 / 04.03.2023