Жаҳон | 18:21 / 13.10.2022
42289
14 дақиқада ўқилади

Каспийнинг суви камаймоқда: Дунёдаги энг йирик кўлнинг бошига ҳам Оролнинг куни тушадими?

Бундан бир неча кун олдин NASA сайтида дунёдаги энг йирик кўл – Каспий денгизининг 2006 ва 2022 йилда туширилган фотосуратлари эълон қилинди. 16 йил фарқ билан олинган фотосуратларда Каспийнинг суви анча камайиб кетганини кўриш мумкин. Сўнгги бир неча ўн йилликларда содир бўлаётган иқлим ўзгаришлари бу денгизга ҳам акс таъсир қилмоқда.

Фото: tripadvisor.ru

ХХ асрда инсоният иқтисодиёт ва фан-техника ривожланиши ортидан экологик муаммоларга ҳам дуч кела бошлади. Бир томондан турли техникалар инсоннинг оғирини енгил қилган бўлса, иккинчи томондан улар экологияга жуда катта зарар етказмоқда.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин аҳоли сонининг кескин ортиб бориши, ерости бойликларнинг аёвсиз тарзда қазиб олиниши, турли транспорт воситалари ва корхоналардан чиқаётган заҳарли газлар туфайли экология  кескин ўзгармоқда.

Оқибатда, Ер юзи иқлими кескин ўзгаришларга юз тутмоқда. Ҳаво ҳарорати ошиб, аномал иссиқлар содир бўлмоқда. Аксарият ҳудудларда ёғингарчиликлар кам бўлмоқда.

Нафақат Арктика ва Антарктидадаги, балки баланд тоғларда ҳам музликлар шиддат билан эриб кетмоқда. Шу туфайли дарёларнинг суви камаймоқда. Улар бориб қуйиладиган аксарият кўлларнинг суви сатҳи пасайиб, қуриб бормоқда.

Орол денгизининг 1977 ва 2020 йиллардаги ҳолати

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб бугунгача бир нечта кўллар батамом қуриди. Қолганларида эса сув сатҳи шиддат билан пасайиб бормоқда. Жумладан:

  • Марказий Осиёда жойлашган Орол денгизи;
  • АҚШнинг ғарбий қисмидаги Юта штатида, Буюк Ҳавза Тоғлари орасида жойлашган Буюк Шўркўл;
  • Ғарбий Африкада, Судан, Нигерия, Нигер ва Чад давлатлари чегаралари орасида жойлашган Чад кўли;
  • Хитойнинг Гансу провинциясида, Дунҳуанг шаҳридан 5 километр узоқликда, Гоби саҳросида жойлашган Юэяцюан кўли;
  • Хитойнинг Шимолий-Ғарбий қисмида, Шанси провинциясида жойлашган Ҳонгжианнао кўли;
  • Эроннинг шимоли-ғарбида жойлашган Урмия кўли;
  • Иордания ва Исроил давлатлари чегарасида жойлашган Ўлик денгиз кўли;
  • Саҳрои Кабирдаги Мали давлати ҳудудида жойлашган Фагибин кўли қуриб бормоқда.

Бугун иқлим ўзгаришлари дунёдаги энг катта кўл – Каспийга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда ва унинг суви ҳам сўнгги бир неча ўн йилдан буён муттасил камайиб келмоқда.

Каспий ҳақида маълумотлар

Каспий Осиё қитъасида, бешта давлат – Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбойжон ва Эроннинг ўртасида жойлашган.

Денгизнинг умумий қирғоғи 6 500-6 700 километрни ташкил этади ва унинг асосий қисми чўллар билан туташган.

Каспийнинг:

— Ўртача чуқурлиги – 208 метр;

— Энг чуқур жойи – 1025 метр;

— Шимолдан жанубга узунлиги – 1200 км;

— Ғарбдан шарққа узунлиги – 310 км;

— Майдони 390 000 км/квадрат;

— Сув ҳажми – 78 000 км/куб;

— Туз миқдори – 12,8-12,9 фоизни ташкил этади.

Каспий денгизининг жанубий қисми чуқурроқ  бўлиб, шимолий қисми анча саёз.

Каспий уч бўлакка бўлинади. Денгизнинг жануби унинг энг чуқур қисми ҳисобланиб (унинг энг чуқур жойи ҳам шу қисмида), марказ билан чегараси Боку шаҳри жойлашган Абшерон яриморолидан Туркманбоши шаҳри жойлашган ҳудудга бориб тақалади. Шимол ва марказий қисм ўртасидаги чегара эса Манғиқишлоқ кўрфазидан Терек дарёси делтаси бўйлаб ўтади.

Денгизнинг шимоли анча саёз бўлиб, чуқурлиги 3 метрдан 35 метргача етади. Ўрта қисмининг чуқурлиги 50 метрдан 900 метргача, жанубий қисмининг чуқурлиги 700 метрдан 1025 метргача боради.

Каспий денгизида сувнинг ҳарорати турли фаслларга қараб унинг шимолий ва жанубий қисмида турлича бўлади. Масалан, шимолий қисмида қиш фаслида ўртача 0... +1, жанубида эса + 10... +11 даража, ёзда шимолий қисмида +17... +18, жанубий қисмида +28... +32 даража иссиқ бўлади.

Каспийнинг ҳайвонот дунёси бой. Унда 1 809 хил тур борлиги аниқланган ва улардан 415 таси умурқали жонзотлар ташкил этади. Каспийда 101 турдаги балиқлар яшайди. Шунингдек, бу ерда ноёб сут эмизувчи – Каспий тюлени ҳам бор.

Каспий денгизи ва унинг қирғоқларида жами 728 хил ўсимликлар борлиги аниқланган. Уларнинг орасида турли кемалар орқали уруғи келиб қолган турлар ҳам бор.

Каспий денгизига 100 дан ошиқ турли дарё ва сойлар суви қуйилади ва уларнинг олтитаси йирикроқ ҳисобланади. Булар – Волга, Урал, Терек, Кура, Сулак, Самур.

  • Волга дунёдаги энг йирик дарёлардан бири ҳисобланиб, у Россия шимолидан бошланади. Сўнг марказий қоратупроқ ҳудудини кесиб ўтади ва Каспий денгизига шимол томондан қуйилади. Дарё қуйилиш жойида жуда катта дельта ҳосил қилади.
  • Урал дарёси ҳам Россия ҳудудидаги Урал тоғларидан бошланади ва Қозоғистон ҳудуди орқали жанубга оқиб, Каспийга қуйилади.
  • Терек дарёси Кавказ тоғларининг Грузияда жойлашган қисмидан бошланади ва Россия ҳудудидан Каспийга қуйилади.
  • Кура Каваказорти ҳудудида жойлашган энг йирик дарё ҳисобланади. У Туркия ҳудудидаги тоғлардан бошланади ва Грузия, Озарбойжон ҳудудларидан оқиб ўтиб, Каспийга қуйилади.
  • Сулак кичик дарё бўлиб, у Доғистондаги тоғлардан бошланади ва шу республика ҳудудида Каспийга қуйилади.
  • Самур дарёси Доғистоннинг жанубий қисмида жойлашган тоғлардан бошланади ва Каспийгача Россия ва Озарбойжон чегараси бўйлаб оқади.

Каспий сувининг камайиш сабаблари

Каспий сувининг камайиб бораётганига асосан иқлим ўзгаришлари сабаб бўлмоқда. Ёғингарчиликлар кам бўлиши туфайли баланд тоғлардаги музликлар эриб кетмоқда. Оқибатда, дарёларнинг сатҳи пасайиб, Каспийга тушадиган сув миқдори камайиб бормоқда.

Озарбойжонлик олим, узоқ йиллардан буён Каспий қирғоқларини ўрганиб келаётган Амир Алиевнинг маълум қилишича, денгизга тушадиган сувнинг 80 фоизи Волгадан, 5 фоизи Уралдан қуйилади.

Сўнгги йилларда иқлим ўзгаришлари туфайли Волгадан Каспийга тушаётган сув миқдори 30 фоизга камайган.

Бундан ташқари, Эрон ва Турманистонда содир бўлаётган аномал иссиқлар туфайли Каспийнинг бу давлатларга туташ қисмида денгиз суви янада кўпроқ буғланиб кетмоқда. Оқибатда, икки томонлама «зарба остида қолаётган» Каспий суви шиддат билан камаймоқда.

«Каспий денгизи қирғоғининг қисқариши унинг турли ҳудудларида турлича кечмоқда. Қаердадир 200-300 метр, бошқа жойда бир неча километрлаб қисқармоқда», дейди Алиев.

2022 йил 8 октябр куни NASA сайтида Каспий денгизининг 2006 ва 2022 йилда туширилган фотосуратлари эълон қилинди. 16 йил фарқ билан олинган фотосуратларда Каспийнинг анча саёз бўлган шимолий қисмида, Қозоғистоннинг Манғистов вилояти ҳудудига туташ жойларда сув анча камайиб кетганини кўриш мумкин.

Фото: NASA
Фото: NASA

Қозоғистонлик экологлар фикрига кўра, Каспийда сувнинг камайишига иқлим ўзгаришларидан ташқари, унга қуйилаётган дарёлар тўсилиб, уларга кўплаб гидроэлектростанцияларнинг қурилиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Каспий денгизининг суви камая бошлагандан буён манфаатдор давлатлар олимлари томонидан вазият кузатиб келинмоқда. Уларнинг ҳисоботларига кўра, денгиз суви ҳар йили 7-10 сантиметр пасаймоқда.

2019 йилда Волганинг суви кескин камайган ва бу унда қурилган ГЭСлардан дарёнинг қуйи оқимига камроқ сув оқизилган. Оқибатда ўша йили Каспий суви 15 сантиметр камайган.

Аср бошидан буён бугунгача Каспий суви жами 1,5 метрга пасайган. Сўнгги тадқиқотларга кўра, агар, вазият шу тахлитда давом этса XXI аср охирига бориб Каспийнинг суви 20 метргача пасаяди ва ўшанда денгизнинг ярми қуриб кетади.

«Йил давомида иссиқ кунлар сони ошмоқда, булутли ва ёғинли кунлар қисқармоқда. Бундай ҳолатда денгиздан янада кўпроқ сув буғланиб кетади ва унга қуйилаётган сув йўқотишларнинг ўрнини тўлдира олмайди. Бугун Каспийга 150 га яқин катта-кичик дарё ва сойларнинг суви қуйилади. Улардан фақат иккитаси Волга ва Урал Каспийга салмоқли миқдорда сув беради. Сўнгги йилларда Волга дарёсининг суви ҳам камайиб бормоқда. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик Волга ва Урал дарёсининг саёзлашишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, Россия ва Қозоғистонда бу икки дарёдан саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув олиш ортмоқда. Фаол равишда уларнинг олдини тўсиб сув омборлари ва тўғон қуриш ишлари олиб борилмоқда. Оқибатда, денгизга қуйиладиган сув миқдори кескин камайиб, бу денгизнинг умумий ҳолатига акс таъмир қиляпти», дейди қозоғистонлик эколог Кирилл Осин.

Каспийдаги ўзгаришлар бўйича тадқиқот олиб бораётганлар денгизнинг суви шу тахлитда камайиб бораверса, энг биринчи унинг анча саёз бўлган шимолий қисми ва Туркманистон ҳудудида жойлашган Қорабўғоз кўли қуришини айтишади.

Кейин денгизнинг Туркманистон ҳудудига туташ бўлган жанубий-шарқий қисми ва Озарбойжонга туташ бўлган жануби-ғарбий қисмида сув камаяди. Оқибатда, Туркманистон томони кўпроқ, Озарбойжон томони камроқ қурийди.

Каспий денгизи қуришининг асоратлари қандай бўлади?

Каспий денгизининг суви камайиб боргани сайин унинг анча саёз бўлган шимолий ва шимолий-шарқий қисмида жуда катта ҳудуд очилиб қолади ва чўлга айланади.

Оқибатда, денгизнинг қуриган тубидаги қумлар нафақат Марказий Осиё учун, балки Эрон ва Кавказ экологияси учун жуда катта хавфга айланади.

Арктикадан келаётган ҳаво оқимларининг бир қисми Каспий устидан ўтиши ва шаклланадиган шамол оқимлари асосан шимолдан жанубга ва ғарбдан шарққа эсиши инобатга олинса, денгиз ўрнида пайдо бўлган чўлдан кўтарилган қум бўронлари асосан Эрон ва Марказий Осиё томон ҳаракатланади.

Бундан ташқари, денгиз ҳудудининг қисқариб бориши, унда қолаётган сувдаги туз миқдорининг кескин ошиб кетишига олиб келади. Оқибатда Каспийдаги кўплаб денгиз жониворлари қирилиб кетади ва унинг флора ҳамда фаунаси аянчли аҳволга келиб қолади.

Бугун Каспий бўйида жойлашган беш давлат жуда кўп юкларини бу денгиз орқали ташимоқда. Агар денгиз сатҳи пасайиб бораверса Каспий орқали юк ташиш ҳажми ҳам кескин камаяди. Бу энг денгиз бўйида жойлашган давлатларнинг иқтисодиётига сезиларли равишда акс таъсир қилади.

Каспий денгизининг қуриб боравериши туфайли келажакда ундан фойдаланаётган беш давлат ўртасида можаролар келиб чиқиш эҳтимоли ҳам бор.

Каспийдан балиқ овлаш, денгиз остида жойлашган углеводородга бой конларни излаб топиш ва қазиб олиш учун рақобат кучаяди.

Маълумотларга кўра Каспий денгизи остида 18-35 миллиард баррел (1баррел – 159 литр) нефт ва бир неча триллион кубометр табиий газ захираси бор.

Каспий денгизини қуриб кетишдан сақлаб қолиш мумкинми?

Россиялик океанолог Петр Бухарициннинг фикрича Каспий денгизининг қуриб бораверишини айтаётганлар адашяпти. Денгиз ва унга қуйиладиган дарёларнинг суви турли йилларда турлича оқяпти.

Яъни серёғин келган йилларда Каспий суви кўпаймоқда, қурғоқчилик бўлган йилларда озаймоқда. «Денгиз сатҳининг сўнгги йилларда 1,5 метрга пасайиши келажакда унинг суви кескин камайиб кетади дегани эмас», дейди у.

Бухарициннинг маълум қилишича, Каспий суви ХХ асрда бир неча марта камайган ва қайта тўлган. Жумладан, 1930-йилларда денгиз сув сатҳи кескин пасайган ва 1940-йиллар охири, 1950-йиллар бошида ўз ўрнига қайтган.

1977 йилда Каспий суви 3,5 метрга пасайган ва 1978 йилдан бошлаб сув сатҳи кўтарила бошлаган. Бир неча йилда эски ҳолатига келган. Бухарицин келажакда Каспийнинг суви яна кўпайишини ва йўқотилган 1,5 метр сув қайта тўлишини айтади.

Аммо аксарият соҳа мутахассислари Бухарициннинг фикрларига қўшилмайди. Уларга кўра ХХ асрда иқлим ўзгаришлари ҳозиргидай тезкор бўлмаган. Ўшанда, Каспийнинг сувига йиллик ёғин миқдорлари таъсир кўрсатган. Қурғоқ келган йилларда денгиз суви камайган, серёғин келган йилларда қайта тўлган.

Энди эса вазият анча ўзгарган ва иқлим ўзгаришлари ўз сўзини айтмоқда. Волга дарёсидан денгизга муттасил тарзда сув кам тушяпти ва вазиятни ўтган асрнинг 70-йилларидаги ҳолат билан тенглаштириб бўлмайди.

Боку давлат университетининг Каспийни ўрганиш илмий маркази раҳбари Чингиз Исмоилов денгизни асраб қолиш учун ҳозирдан кечиктириб бўлмас чоралар кўришни бошлаш кераклигини айтади.

Жумладан, у Каспийдан балиқ овлашни камайтиришни, портлар фаолиятини қаттиқ назорат қилишни, денгиздан унга зарар етказадиган нефт маҳсулотларини ташишни зудлик билан тақиқлаш кераклигини билдирган.

Қозоғистонлик эколог Кирилл Осин ҳам Каспий денгизини сақлаб қолиб бўлмаслигини айтади.

«Бундан 40 йил аввал денгиз қирғоғи Оқтов шаҳрига туташ бўлган. Сув кўпайган пайтда ҳатто шаҳарнинг бир қисмини сув босган. Энди эса Каспийнинг суви кескин камайиб, шаҳар денгиз томонга қараб кенгайиб бормоқда», дейди у.

Кириллнинг маълум қилишича, Оқтов шаҳрида яшовчи ёши катта инсонлар Каспий сувининг сатҳи авваллари ҳеч қачон бу даражада пасайганини кўришмаганини айтишган.

Фото: tripadvisor.ru

Эколог, Каспий сувининг камайишига бефарқ қараб бўлмаслигини, ҳолат ҳали аянчли тус олмаганини, тезкор чоралар кўрилмаса вазият оғирлашиши мумкинлигини айтади.

«Каспий сувининг камайиб бориши минтақада иқлим ўзгаришларини тезлаштиради ва экологик ҳолатнинг янада ёмонлашишига сабаб бўлади», дейди Кирилл Осин.

 Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид