Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжидига имом-хатиб тайинланди
Фото: Президент матбуот-хизмати
Куни-кеча Тошкент шаҳрида нафақат юртимиз, балки ислом оламида машҳур бўлган, улуғ аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ номларидаги муҳташам жоме масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган мазкур мажмуа Рамазон ойида халқимизга катта туҳфа бўлди.
11 май куни ушбу жоме масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўғиллари, бошлаган хайрли ишларининг давомчиси, бир неча исломий ташкилотларнинг аъзоси ва мўмин-мусулмонларга жуда катта хизмат қилаётган «Ҳилол нашр» мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф имом-хатиб этиб тайинланди. Шунингдек, Шайх ҳазратларининг суюкли шогирдлари, ҳофизи Каломуллоҳ Баҳодир қори Раҳматуллев эса мазкур масжид имом ноиби бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.
Исмоил Муҳаммад Содиқ кучли илмий салоҳият, ҳаётий тажриба ва ноёб истеъдод соҳиби ҳисобланади. У 1976 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1994 йил «Исломий даъват куллияси»га ўқишга кирди. Тўрт йил бакалавр босқичида, сўнг икки йил магистратурада ўқиб, 2001 йили ушбу куллияни тамомлади. Шундан сўнг, элчихоналарда, диний таълим муассасаларида, нашр ишларида, сайт хизматларида ва таълим марказларида фаолият олиб борди.
Ҳозирда Исмоил Муҳаммад Содиқ «Ҳилол нашр» матбаа нашриёти раҳбари ҳисобланади.
11 май куни ушбу масжидда таровеҳ намози адо этилиб, хатми Қуръон бошланади. Таровеҳ намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, уламолар, марҳум ва мағфур Шайх ҳазратларининг яқинлари, шогирдлари иштирок этишди.
Мавзуга оид
17:26 / 05.06.2024
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф илмий меросига бағишланган “Пешқадам карвони” лойиҳаси сарҳисоби бўлиб ўтди
15:00 / 30.08.2023
Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тақдирланган олий орден унинг ўғлига топширилди
19:57 / 27.06.2023
Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди
16:46 / 24.05.2022