Ўзбекистон | 19:21 / 06.10.2020
12241
3 дақиқада ўқилади

ССВ прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан бошқа эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқишни сўради

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича расмий муносабат билдирди.

«Ҳозирда Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамоққа олиниши масаласи интернет тармоғида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 36-моддасига кўра, терговчи терговнинг йўналиши ва тергов ҳаракатларини юритишга оид барча қарорларни, прокурор рухсатини олиш қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, мустақил равишда қабул қилади.  

Мазкур кодекснинг 14-моддасига кўра, одил судловни амалга оширишда судьялар мустақил фаолият юритиб, фақат қонунга бўйсунадилар. 

Судьялар ва халқ маслаҳатчиларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги идоралар фаолиятига аралашишга ҳақли бўлмаса-да, Гулжаҳон Йўлдошева аёл киши эканлиги ҳамда қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олган ҳолда, прокуратура идораларидан бошқа эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқишни сўрайди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 миллион сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб, ҳибсга олинганди. Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлишига сабаб бўлган касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

5 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраганди.

6 октябрда эса Чирчиқ прокуратураси томонидан Гулжаҳон Йўлдошевани уй қамоғига ўтказиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар қилинди.

Шифокор қамоққа олингандан то унинг қўйиб юборилиши маълум бўлгунига қадар ССВ бу масала ҳақида умуман муносабат билдирмаганди.

Мавзуга оид