Ўзбекистон | 00:05 / 04.05.2020
7302
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги мавжуд электр станциялари модернизация ва реконструкция қилинади

Ўзбекистонда мавжуд электр станциялари модернизация ва реконструкция қилинади ҳамда қайта тикланадиган, айниқса, қуёш энергияси манбалари ривожлантирилади.

Бу “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергия билан таъминлаш концепцияси”да кўзда тутилган.  

Қайд этилишича, концепция Ўзбекистон Республикасида электр энергиясига ўсиб бораётган эҳтиёжларни қондириш ва электр энергетика тармоғининг янада мутаносиб ривожланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Концепцияда қуйидаги йўналишлар белгиланган: 

•  мавжуд электр станцияларини модернизация ва реконструкция қилиш, шунингдек электр энергия ишлаб чиқариш бўйича энергия самарадор технологиялардан фойдаланган ҳолда янги электр станцияларини қуриш; 
•  электр энергияси ҳисобини юритиш тизимни такомиллаштириш; 
•  қайта тикланадиган, айниқса, қуёш энергияси манбаларини ривожлантириш; 
•  тариф сиёсатини такомиллаштириш ва улгуржи бозорга чиқишни таъминлаш бўйича ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш.

2030 йилгача қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган: 

•  электр энергияси ишлаб чиқаришни  13 545 МВт дан 29 200 МВт гача кўпайтириш;
•  табиий газ истеъмолини 16,5 млрд куб метрдан 12,1 млрд куб метргача қисқартириш;
•  электр энергиясини узатишдаги йўқотишларни 2,35 фоизга ва уни тақсимлашда – 6,5 фоизга камайтириш (2019 йилдаги даражани 1,85 маротаба камайтириш).

Қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда электр энергияси тақчил бўлган ҳудудларни энергия таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Қайта тикланадиган энергия манбалари жадал ривожланишини таъминлаш мақсадида ушбу соҳада давлат-хусусий шерикчилигини кенг қўллаш чоралари белгиланди.

Мавзуга оид