Ўзбекистон | 19:48 / 08.10.2021
10761
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек тили ва маданияти Афғонистоннинг янги ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этади — Абдулазиз Комилов

Афғонистон заминида узоқ вақтдан буён истиқомат қилиб келаётган ўзбек ватандошларимизнинг тили ва маданияти Афғонистоннинг янги ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этади.

7 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Томонлар мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган.

«Авваламбор, биз афғон биродарларимиздан кучли ва аниқ кафолатларни олдик. Биринчидан, улар «ҳеч қачон Афғонистон заминидан Ўзбекистонга қандайдир хавф, қандайдир таҳдид чиқишига йўл қўймаймиз» деган ваъдани беришди.

Иккинчидан, кун тартибида кўп иқтисодий масалалар муҳокама қилинди. Яқин орада ишчи гуруҳлар Термизда йиғилишади ва масалалар ҳал қилинади. Келажакда жуда кўплаб лойиҳалар бор. Шулардан бири темир йўл қурилиши - Мозори Шарифдан Кобулгача, у ердан Пешоваргача.

Яқинда Ўзбекистонда ўтган халқаро анжуманда бу масала ҳам муҳокам қилинган, кўп давлатлар ва халқаро ташкилотлар буни маъқуллаганди. Ана шу масалалар бўйича фикр алмашдик, ўйлаймизки, келажакда бу икки бир-бирига яқин давлатлар дўстона алоқаларни янада кучайтириб, ҳамкорликни янада ривожлантиради», деган вазир Bakhtar News Agency томонидан тарқатилган видеода.

Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуф Қобулжоновнинг телеграмдаги каналида Комиловнинг толиблар Афғонистонда ўзбек тили ривожланишига ҳам кафолат бергани ҳақидаги гапларини келтирган.

«Афғонистон заминида узоқ вақтдан буён истиқомат қилиб келаётган ўзбек ватандошларимизнинг тили ва маданияти Афғонистоннинг янги ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этади», дейилади иқтибосда. 

Август ойи охирида ижтимоий тармоқларда «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ўзбек тилини ўрганишни мактаб дастуридан чиқариб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалган, кўп ўтмай Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маълумот юзасидан расмий баёнот бериб, бу ҳақидаги хабарлар асоссиз экани, «Толибон» вакили ўзбек тили, пушту ва дарий тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлагани ҳақида маълум қилганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид