Ўзбекистон | 18:34 / 11.12.2024
2122
2 дақиқада ўқилади

Қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур — Конституциявий суд

Тартибсиз қурилишлар аҳолининг ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатиши, хавфсизлик чораларига риоя этилмаслиги ҳатто ёш болалар ўлимига сабаб бўлганини инобатга олиб, қурилиш ишларида хавфсизлик таъминланиши бўйича қурувчи ташкилотлар устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, реновацияга оид муносабатларни қонун даражасида тартибга солиш зарур, дейилади Ўзбекистон Конституциявий суди баёнотида.

Фото: Kun.uz

6 декабр куни Конституциявий суднинг навбатдаги мажлисида Ўзбекистондаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборот кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Конституциявий суднинг қайд этишича, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан чеклаш мумкин эмас, бундай нормалар бўлган қонун лойиҳалари “мутаносиблик ва етарлилик конституциявий принципларига” қатъий мувофиқ бўлиши керак.

Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда унинг Конституцияга мувофиқлиги нуқтайи назардан баҳолашни энг асосий, бирламчи мезон сифатида алоҳида белгилаб қўйиш ҳақидаги президент таклифини Конституциявий суд қўллаб-қувватлаган.

Фото: Конституциявий суд

Конституциявий суд фуқаролар мурожаатларида кўтарилган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратган:

  • тартибсиз қурилишлар, қурилиш ишларида хавфсизлик чоралари кўрилмагани аҳоли ҳаёти сифат даражасига салбий таъсир кўрсатишини, шу жумладан, ёш болалар ўлимига сабаб бўлганини инобатга олиб, барча йирик қурилиш ишларида хавфсизлик кафолатларини ҳамда ушбу масалада қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, реновацияга оид муносабатларни қонун даражасида тартибга солиш мақсадга мувофиқ;
  • масъул идоралар тергов ва суд жараёнида вақтинча тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга байрам кунларида озиқ-овқат, кийим-кечак киритиш, тоза ҳавода сайр қилиш, яқин қариндошлари ва адвокатлари билан учрашувга рухсат берадиган тизимни жорий этиш масаласига эътибор қаратиши зарур;
  • баъзи ҳудудларда фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотни эркин тасарруф этишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя қилиш талаб этилади.

Конституциявий суд муҳокама қилинган масалаларни ўрганиб чиқиб, конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотни тасдиқлаб, уни Олий Мажлис палаталари ва президентга юборди.

Мавзуга оид