Ўзбекистон | 23:12 / 15.05.2020
12910
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги ўзбек фаоллари қийин аҳволдаги ватандошлар учун ёрдам тадбирларини ўтказмоқда

Россиядаги ўзбек фаоллари карантин сабабли қийин аҳволга тушиб қолган ватандошлар учун ижтимоий ёрдам тадбирларини ўтказишмоқда. Бу ҳақда Россияда ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритаётган Ботиржон Шермуҳаммад Kun.uz’га маълум қилди.

Унга кўра, коронавирус инфекциясининг Россия ҳудудида тарқалиши ва карантин чоралари сабаб бу давлатдаги ўзбекистонлик кўплаб мигрантлар қийин аҳволга тушиб қолмоқда. Шу билан бирга, мигрантларга кўмак бераётган фонд, ташкилот ва мустақил гуруҳлар сони ҳам ошиб бормоқда.

«Ҳар бир ташкилотнинг ўзбек мигрантларига кўмак бериш бўйича ўз йўналиши бор. Масалан, кимдир беморларга ёрдам берса, бошқаси ёш болали оилаларга кўмаклашади.

Россияда шундай саховатпеша ватандошлар ҳам борки, улар 100-150 оила учун моддий ёрдам бериш ташаббуси билан чиқишмоқда. Бу ҳолатда муҳтожларни керакли ёрдам ташкилотларига йўналтириш, муҳтожлар рўйхатини тузиш, уларни текшириш ва умуман, ёрдам кўрсатиш ишларини тартибга солиш эҳтиёжи туғилади.

Шуларни ҳисобга олиб, жамоамиз томонидан муҳтож мигрантлар учун ёрдам олиш онлайн анкетаси тузиб чиқилди. Биз келган сўровларни тегишли фондларга юбориш ва ўзимиз ҳам муҳтожларга имкон қадар ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламиз», – деди ҳуқуқшунос.

Шу тариқа, Россияда қийин вазиятда қолган ўзбекистонликларда қуйидаги сўровномани тўлдириш орқали ижтимоий ва моддий кўмак олиш имкони туғилди.

Маълумот учун, Россияда бўлиб турган ўзбекистонлик ватандошлар қуйидаги сўровномани тўлдириш орқали ижтимоий ва моддий кўмак олишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 14 майдан бошлаб Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ҳам хайрия маблағлари ҳисобидан ватандошларга бир марталик моддий ёрдам кўрсата бошлаган эди.

Тайёрлаган:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид