Ўзбекистон | 20:50 / 19.01.2021
8396
4 дақиқада ўқилади

Миллий ғоя тарғиботи учун янги жамғарма ташкил этилиб, 120 млрд сўм ажратилади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилиши маълум қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳар нуронийларининг тарбияси оғир, ишсиз ёшларга кўмаклашиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.   

Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» мажмуасини халқимиз, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарих ва аждодларимиз қаҳрамонлигини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш таклифи билдирилди.

Ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

«Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур», деган Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.  

Ўзбек тилининг давлат тили мақомини кучайтириш, юртимизда ва хорижда уни ўрганиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан кўрсатма берилди.

«Бугун ҳаёт янгича фикрлаш ва ишлаш, миллий «ақл марказлари»мизни шакллантиришни талаб этмоқда. Афсуски, атрофимиздаги барча сиёсий-ижтимоий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан тилда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам. Бундай вазиятда жамиятимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги илмий-амалий тадқиқотларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Шу маънода, Маънавият ва маърифат, «Тараққиёт стратегияси», Ислом цивилизацияси марказлари, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқот институтлари ҳақиқий «ақл марказлари»га айланиши кераклиги таъкидланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.  

Миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида «Ижод» жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилди.

Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади.

Шу йилдан бошлаб, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Китобхонлик маданиятини кенгайтириш, кино санъатини изчил ривожлантириш, барча телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, теледастурларнинг савиясини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

«Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир», – деган президент.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар бўйича соҳа мутасаддилари, ўқитувчи ва профессорлар, вазирлар, вилоят ҳокимлари фикр билдирди.  

Мавзуга оид