Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент шаҳри кўркига ярашмайдиган йўл – Самарқанд дарвоза кўчаси қачон таъмирланади?
Тошкент шаҳридаги Самарқанд дарвоза кўчасининг ҳозирги аҳволи кўпчиликка катта қийинчилик туғдирмоқда. Ушбу йўлнинг ачинарли аҳволда экани анча вақтдан бери бу ерга эътибор берилмай келаётганини кўрсатади.
“Чорсу” бозори ва “Самарқанд дарвоза” савдо мажмуаси оралиғидаги иккала тараф йўл ҳам жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган. Ҳайдовчиларнинг айтишича, бу кўчага анча вақтлардан бери эътибор бермай келинади. Чуқур бўлган жойлар тўлдириб кетилади, бироқ ёғингарчилик мавсумидан сўнг аҳвол янада оғирлашади.
“Қарийб 10 йилдан бери шу аҳвол. Бу йўлга ҳеч ким қарамайди. Машинамни яқинда таъмирлатгандим, яна кўп ўтмай таъмирталаб бўлиб қоляпти. Чуқурларни кўряпсиз, катта бўлиб кетган. Ҳар замонда тўлдириб кетишади, бироқ ёмғир ёғганидан кейин яна чуқур бўлиб қолади. Қийинчиликлар туғдиряпти. 4та йўловчи билан бу чуқурларга тушсак, баллонга зарар етади. Йилдан йилга бу чуқурлар катталашиб кетяпти”, – дейди ҳайдовчилардан бири. Унинг қўшимча қилишича, битта чуқурдан олиб қочаман деган ҳайдовчи олдинда келаётган машинага халақит беради ва натижада йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади.
“Мана шу Самарқанд дарвоза йўли расвоси чиқиб ётибди. Юриб бўлмайди. Машина бир марта чуқурга тушса, баллон дам қўйиб юборяпти. Ҳеч ким қарамайди”, – дейди яна бир ҳайдовчи.
Ўз гапларини исботлаб бериш учун киракашлардан бири машинасига ўтиришни ва бу ҳолатга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлишимизни сўради. Воқеага гувоҳ бўлиб борар эканмиз, ҳолат биз ўйлагандан анча ёмонлигига шоҳид бўлдик.
“Мана шу чуқурни кўряпсизми? Неча ойлардан бери шу аҳволда ётибди. Мана бу жой чўккан. Чуқурлар катта-катта бўлиб кетган. Секин тушмасангиз, кечқурун шошилаётганингизда баллон дам қўйиб юборади”, – дейди у.
Бу ерда ҳаракатланиш нафақат ҳайдовчилар учун, балки йўловчилар учун ҳам қийинчиликлар туғдиради. Пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган бундай йўлнинг неча йиллардан бери эътибордан четда қолаётгани шаҳар кўркига ярашмайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади. Бу ердан ҳар куни минглар транспортлар ҳаракатланади. Бозорга яқин бўлгани сабабли бу йўлдан аҳолининг фойдаланиши жуда юқори.
Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов 1 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳрида 2021 йилда ички ва марказий кўчаларни таъмирлаш учун маҳаллий ва республика маблағлари ҳисобидан жами 467,3 млрд сўм сарфланиши ва бунинг учун 155та маҳалла ички йўллари таъмирдан чиқарилиши ҳақида маълум қилган эди. Шундан, Тошкент шаҳар ҳокимининг 8 февралдаги қарорига асосан, жами 155та маҳалла ички кўчаларини таъмирлашга республика бюджетидан 74,7 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2021 йил 22 февралдаги қарорига асосан, жами 68та марказий ва 269та ички кўчалар таъмирланишига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 147 млрд сўмга яқин маблағ ажратилиши ўша куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинган эди.


Шунингдек, Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳри бўйлаб кенг қамровли ишларнинг бошланиши об-ҳавога боғлиқлиги, ҳаво ҳарорати 10 даража илиқдан юқори бўлганида кенг кўламли ишлар бошланишини, агар ҳаво ҳарорати шаҳарсозлик нормаларига маъқул бўлса, 10—12 мартдан кейин кенг қамровли ишларни бошлаб юборишини таъкидлаб ўтган.

Бироқ, орадан қарийб 25 кун вақт ўтган бўлса-да, пойтахт бўйлаб сезиларли даражада ишлар бошланмаган. Албатта, баъзи жойларда секин-секин жараёнлар бошланаётганини кўриш мумкин, лекин бу кенг қамровли ишлар бошланганини англатмайди. Неча йиллардан бери эътибордан четда қолиб келаётган бу йўлларнинг таъмирлаши нафақат аҳолига қулайлик яратади, балки шаҳар кўркига ҳам кўрк қўшади. Ҳар йили чуқурлар тўлдириб кетилавергани билан ёғингарчилик мавсумидан омон чиқиши қийин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар тез орада масалага ижобий ечим топади, деган умиддамиз.
Достон Раҳматов. Kun.uz мухбири,
Тасвирчи — Муҳиддин Қурбонов.
Мавзуга оид
23:15 / 11.01.2026
12 январ куни Тошкентдаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати вақтинчалик чекланади
18:27 / 10.01.2026
Тошкентда катталар учун ҳоспис очилади
13:53 / 10.01.2026
Тошкентда тунги рейд: автомашина йўловчисидан шубҳали модда топилди
12:00 / 10.01.2026

