Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Донецк ва Одессада дафн маросимлари, Қизил майдонда Путин ва сайловдаги «рақиблари» иштирокида концерт. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 754-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Белгород областида бир ҳафталик ўққа тутишлар оқибатида 11 киши ҳалок бўлиб, 80 дан ортиқ киши жароҳатланди.
- Белгород областининг Николское қишлоғида зарба оқибатида тўрт кишидан иборат оила аъзолари ҳалок бўлган.
- Украина қуролли кучлари тун давомида россиялик ҳарбийлар учирган 22 та дрондан 17 таси уриб туширилганини маълум қилди. Кривий Риҳда дрон парчалари турар жой биноси устига тушган.
- Харкив областида ракета зарбаси ўт ўчириш қисмига келиб тушди. Бир нафар қутқарувчи жароҳатланган.
- Евроиттифоқ Украинага ҳарбий ёрдам учун беш миллиард евро ажратишни маъқуллади.
- WSJ маълумотига кўра, Чехия Украина учун 800 мингта артиллерия снарядлари сотиб олди ва қўшимча сифатида етказиб берилиши мумкин бўлган яна 700 минг снаряд топди. Чехиялик мулозимларга кўра, етказиб берувчи мамлакатлар орасида Россия иттифоқчилари ҳам бор.
- Путин Қрим аннексиясининг 10 йиллигига бағишланган концертда Ростовдан Бердянскка олиб борувчи темирйўлни тиклаш режаси ҳақида маълум қилди.
Ирпинда харобаларни тозалаётган кўнгиллилар
«Қайта тиклаш учун жасорат» («Brave to Rebuild») номли кўнгиллилар жамоаси Украинанинг турли чеккаларидаги шаҳар ва қишлоқларда Россия босқинидан жабрланган кўрган кўчаларни тартибга келтириш ҳамда харобаларни тозалаш ишлари билан шуғулланади. Кўнгиллилар орасида украинлар ҳам, ёрдамга келган хорижликлар ҳам бор, деганди бир йил олдин DW билан суҳбатда ушбу ташаббус асосчиларидан бири Виталий Селик, ўшанда «Қайта тиклаш учун жасорат» Бучада ишлаганди. 2024 йил мартида кўнгиллилар Ирпиндаги харобаларни тозаламоқда — бу Киев областининг Россия босқинининг илк ҳафталарида жабр кўрган яна бир шаҳри.
Одессада ҳалок бўлган ўт ўчирувчининг дафн маросими
15 март куни Россия қўшини Одесса бўйлаб икки бор ракета зарбаси йўллади. Иккинчи ракета биринчи зарба оқибатларини бартараф этаётган қутқарувчилар устига учирилган. 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, жумладан 39 ёшли ўт ўчириш машинаси ҳайдовчиси Виталий Алимов ҳам. У оғир тан жароҳати олган ва 16 март куни шифохонада вафот этган. 18 март куни Алимов Одесса областининг Белгород-Днестровский шаҳрида дафн этилди.
Victor Sajenko / AP / Scanpix / LETA
Victor Sajenko / AP / Scanpix / LETA
Донецкда ҳалок бўлган болаларнинг дафн маросими
Донецкда 17 март куни уч бола дафн этилди. Аннексия қилинган ДХР расмийлари 2007 йилда туғилган қиз, 2014 йилда туғилган бола ҳамда 2021 йилда туғилган қизча 15 март куни Петровский районида украин ҳарбийлари зарбаси оқибатида ёниб кетган уйда ҳалок бўлганини маълум қилган. Петровский райони — Донецк шаҳрининг ғарбий чеккаси — шаҳарнинг марказдан энг узоқ жойлашган қисмидир. ДХР расмийлари 2014 йилдан буён мунтазам равишда украин ҳарбийларини ушбу ҳудудни ўққа тутишда айблаб келади. 17 ёшли Виктория, 10 ёшли Володимир ва икки ёшли Мелания бир оила аъзолари бўлишган, уларни ёнма-ён дафн этишган.
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Белгород ўққа тутилиши оқибатлари
Сўнгги ҳафталарда Белгород деярли ҳар куни ўққа тутилмоқда, натижада уйлар ва автомобиллар шикастланмоқда, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳалок бўлмоқда ёки жароҳат олмоқда. Зарбалар оқибатлари акс этган фотоларни регион раҳбари Вячеслав Гладков ҳам эълон қилмоқда. Белгород РФ президентлиги учун уч кун давом этган сайловлар вақтида ҳам мунтазам равишда ўққа тутилди. Гладков 19 март куни областнинг чегара ҳудудларидан тўққиз минг киши эвакуация қилиниши ҳақида эълон қилди.
Қрим аннексия қилинганининг ўн йиллиги
РФ президентлиги учун овоз бериш якунларига кўра, Владимир Путин сайловчилар рекорд даражада кўп қатнашган сайловда сайловчиларнинг рекорд даражадаги қўллови билан янги, бешинчи муддатга сайланди. Уч кун давом этган овоз бериш жараёнининг эртасига Қизил майдонда Қрим аннексиясининг 10 йиллигига бағишланган «митинг-концерт» ўтказилди. Унда Путин сайловдаги рақиблари билан бирга саҳнага кўтарилди.
Александр Земляниченко / AP / Scanpix / LETA
Максим Шеметов / Reuters / Scanpix / LETA
Наталя Колесникова / AFP / Scanpix / LETA
Мавзуга оид
12:10
Зеленский Украина энергетикасида фавқулодда ҳолат режими жорий этилишини маълум қилди
10:28
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик 4 майгача узайтирилди
09:50
Трамп: Путин тинчликни истаяпти, келишувга Зеленский тўсқинлик қиляпти
19:16 / 14.01.2026