Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
WSJ: Чехия Украина учун 800 минг артиллерия снаряди харид қилди
Чехиялик мулозимларга кўра, етказиб берувчи мамлакатлар орасида Россия иттифоқчилари ҳам бор.
Чехия совуқ уруш давридаги алоқаларни тиклаб, бутун дунё бўйлаб турли етказиб берувчи мамлакатлардан Украина учун 800 мингта артиллерия снарядлари сотиб олди ва қўшимча сифатида етказиб берилиши мумкин бўлган яна 700 минг снаряд топди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашрининг Праганинг Киевни урушни давом эттириш учун зарур бўлган ўқ-дорилар билан таъминлаш режаларига бағишланган мақоласида келтирилган.
Гап советлар намунасидаги 300 мингта снаряд ҳамда ғарб қуролларидан отишга мўлжалланган 500 мингта ўқ-дори ҳақида кетмоқда, бу ўқ-дорилар Украинага 2024 йил охирига қадар бир неча партияда етказиб берилади. Чехия ҳукумати тасдиқлашича, маблағлар келиб тушиши билан бошқа снарядлар ҳам пайдо бўлади. Чехия ҳукуматига кўра, топилган бир ярим миллион снаряд тахминан уч миллиард еврога (3,3 миллиард доллар) тушади. Уларни Украинага етказиб бериш яқин ҳафталар ичида бошланиши кутилмоқда.
Харид жараёни билан шуғулланаётган чехиялик мулозимлар The Wall Street Journal нашрига айтишича, Украина учун ўқ-дори излаш Россия босқинидан олдинроқ бошланганди. Нашр суҳбатдошлари собиқ шарқий блок аъзоси сифатида Чехияда бутун дунё бўйлаб алоқаларга эга бўлган ҳарбий ишлаб чиқариш саноати ҳамда совет қуроллари захиралари мавжуд бўлган ва уларни ишлаб чиқара оладиган Глобал Жанубнинг кўплаб мамлакатлари билан яхши муносабатлар сақланиб қолган.
Уруш бошлангач, чехиялик мулозимлар бутун дунё мамлакатларини айланиб, ўнлаб ишлаб чиқарувчилар билан ўқ-дори етказиб бериш бўйича шартномалар туза бошлаган, дейилади мақолада. The Wall Street Journal манбалари Украина учун снарядлар қайси мамлакатлардан келишини очиқламаган, аммо етказиб берувчилар қаторида «Россиянинг айрим иттифоқчилари» ҳам борлигини қайд этган. Ғарб расмийларига кўра, АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатларининг Африка, Осиё ва Лотин Америкасидаги эҳтимолий етказиб берувчиларига йўллаган шу каби сўровлари рад этилганди.
Феврал ойида Мюнхендаги хавфсизлик бўйича конференцияда Чехия президенти Петр Павел унинг мамлакати Украинага агар иттифоқчилар томонидан ушбу ташаббус молиялаштирилса, учинчи дунё давлатларидан 155 миллиметр калибрли 500 мингта артиллерия снарядлари ҳамда 122 миллиметр калибрли 300 мингта снаряд етказиб беришга тайёрлигини айтганди. Март ойида Павел барча 800 мингта снаряд учун пуллар топилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббусга 18 мамлакат қўшилган.
Чехиянинг таклифини НАТО ва Евроиттифоқ вакиллари қўллаб-қувватлаган. Хусусан, The Wall Street Journal мақоласида айтилишича, Германия Украинага ўқ-дорилар сотиб олиш учун 500 миллион евродан ортиқ маблағ ажратишга ваъда берган, бу эса дастур иштирокчилари орасидаги энг йирик мажбурият саналади. Айни вақтда Чехия тахминан 300 минг снаряддан иборат илк траншни молиялаштиришга муваффақ бўлган. Бунинг учун маблағлар Германия, Канада, Нидерландия ва Дания томонидан тақдим этилган.
The Wall Street Journal маълумотига кўра, Чехия томонидан тузилган шартномалар етказиб бериш Москванинг жавоб реакциясини келтириб чиқармаслик учун етказиб берувчи ва Украина ўртасидаги боғламни яшириш мақсадида Чехия ёки бошқа учинчи мамлакат орқали амалга оширилади.
Етказиб бериш Украина қуролли кучларида ўқ-дориларнинг кескин тақчиллиги фонида бошланмоқда. The Wall Street Journal ғарб разведкаси маълумотларига асосланиб ёзишича, ҳозирда украин армияси Россия армияси бир кунда учираётган ҳар 10 та снарядга фақат иккита снаряд билан жавоб қайтара олади.
Ҳарбий таҳлилчилар тахмин қилишича, Россия қўшинлари юришига қарши туриши учун Украинага ойига турли калибрдаги 200 мингтагача снаряд керак бўлади. Ғарб мамлакатлари ўз қурол ишлаб чиқариш ҳажмини аста-секинлик билан ошираётгани туфайли Чехия томонидан ташкиллаштирилган таъминот Украина қуролли кучларига Россия юришини тўхтатишда ёрдам бериши мумкин.