Ўзбекистон | 21:35 / 13.04.2021
12344
7 дақиқада ўқилади

Миришкор туман ободонлаштириш бўлими ҳокимликнинг «чўнтаги» бўлганми? Тадбиркорга 332,45 млн сўмлик маҳсулотнинг пули бир йилдан бери тўлаб берилмаяпти

Миришкор туман ободонлаштириш бўлими пулига харид қилинган хориж гиламлари, диван-кресло, ётоқхона тўпламлари, ошхона мебели, музлаткич-у телевизорлар ҳозир қаерда? Писта-ю бодом, нондан тортиб картошкагача Ободонлаштириш бўлимига нега керак бўлиб қолди?

Миришкор туман ҳокимлиги / Фото: Kun.uz

Миришкор туманига «каттаконлар»нинг ташрифи ҳамда қишлоқ хўжалигига оид турли семинар-тадбирларда совға-саломлар ташкил қилинган. Буни қарангки, совға ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берган тадбиркор бир йилдан буён пулини ололмай юрганини айтмоқда.

Дарвоқе, совға-саломларнинг Миришкорга етиб бориш тартиби ғалати.

Масалан, 2020 йил 3 март куни «Nasaf Express Baraka Savdo» МЧЖ билан Миришкор тумани ободонлаштириш бошқармаси ўртасида 63,45 млн сўмлик шартнома имзоланган. Шартномага кўра 3 дона кондиционер, 10 дона шкаф, кепка, блокнот, китоб, ручка ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Барча маҳсулотларнинг сони 250тадан.

Табиийки, ободонлаштириш бошқармасининг ўзига қолса, писта-бодом, нон ва картошка каби маҳсулотларга эҳтиёжи йўқ. «Nasaf Express Baraka Savdo» МЧЖ раҳбари Мираббос Раҳимов Миришкор туманида қишлоқ хўжалиги ходимлари учун қандайдир семинар бўлгани, бу маҳсулотлар шунинг учун керак бўлганини айтмоқда. Демак, ободонлаштириш бошқармасининг ҳисоб-рақами бу ерда шунчаки тўлов манбайи, пул ўтказиш воситаси бўляпти, холос. Чунки махсус уст-бош ва иш қуролларидан бўлак эҳтиёжи бўлмаган ташкилотга бу каби нарсаларнинг кераги йўқ.

Шу ўринда, учта кондиционер ва ўнта шкафнинг бир марталик семинарга нега керак бўлгани тушунарсиз.

2020 йил 3 март куни «Nasaf Express Baraka Savdo» МЧЖ ва туман ободонлаштириш бошқармаси ўртасида 23-сонли шартнома ҳам тузилган. Буниси яна ҳам қизиқ. 65 млн сўмлик шартномага асосан ғалати-ғалати хориж гиламлари, диван-кресло, иккита ётоқхона тўплами (!), ошхона мебели, икки хил музлаткич ва телевизор каби жиҳозлар етказиб берилган.

Тадбиркорнинг маълум қилишича, бу жиҳозлар Миришкор тумани прокурорининг хизмат уйига олиб борилган.

Буни қарангки, «Nasaf Express Baraka Savdo» МЧЖ ва ободонлаштириш бошқармаси ўртасида 2020 йилнинг 4 майида яна шартнома тузилган. Буниси аввалгиларидан ҳам ошиб тушган. Шартнома жами 46 млн сўмлик 1­0 та телевизор, 2 та музлаткич, 20 тадан чангюткич, термос ва сервизлар жамланмасини етказиб беришни назарда тутади.

Мираббос Раҳимовнинг айтишича, 2020 йилда туман пилла режасини биринчилардан бўлиб бажаргани учун вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Миришкорга борган. МЧЖ етказиб берган маҳсулотлар пиллакорларга совға сифатида тарқатилган.

Мираббос Раҳимов ўзи раҳбарлик қиладиган бошқа бир корхона – «Turkiston Mega Universal Leader Mir» МЧЖ орқали ҳам айнан Миришкор тумани ободонлаштириш бошқармаси билан шартнома тузилганини маълум қилди. 2020 йил 4 августдаги 157,5 млн сўмлик шартномага кўра, 40га яқин телевизор-у жалюзилар, кондиционер-у турк гиламлари, хуллас, мундайроқ идора ўн йилда ҳам харид қилмайдиган маҳсулотлар Миришкор туман ободонлаштириш бошқармасига «етказиб берилган».

МЧЖ раҳбари аслида бу жиҳоз ва маҳсулотлар ҳам ободонлаштириш бошқармасига етиб бормаганини айтмоқда. Бу сафар 2020 йил пахта мавсуми муносабати билан республика комиссияси Миришкор туман ҳокимлигининг хотин-қизлар қабулхонасида пахта штаби ташкил этиб, бу ерни «генералларнинг вақтинча яшаш жойи»га айлантиришган. 157 млнлик маҳсулот ўша штабга олиб бориб берилган.

Тадбиркорнинг айтишича, бу ерда Миришкор тумани ободонлаштириш бошқармаси шунчаки донор вазифасини ўтаган, холос. Маҳсулотлар бу ташкилотга етиб бормаган. Туман ҳокимлиги бош бўлган турли тадбирлар ва ташрифларга совға-салом сифатида харид қилинган. Борингки, бу тартибда ишлаш, совға ва дастурхон ташкил қилиш тартиби нафақат Миришкор туманида, балки бошқа ҳудудларда ҳам бордир эҳтимол.

Аммо, муаммо шундаки, Мираббос Раҳимовга тегишли МЧЖ орқали Миришкор туманига етказиб берилган 332,45 млн сўмлик маҳсулотнинг пули бир йилдан бери тўлаб берилмаяпти.

Тадбиркор ҳақини талаб қилиб судга мурожаат қилган ва Касби туманлараро иқтисодий суди зарур ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда ишни унинг фойдасига ҳал қилган. Раҳимовнинг айтишича, ўша вақтда амалда бўлган ҳоким Ғайрат Бегалиев коронавирус сабабли вафот этган ва ҳозирча янги ҳоким Шерали Санаев унинг қарзларини тан олмаяпти.

Ҳолат бўйича Миришкор тумани ҳокими Шерали Санаев билан телефон орқали боғландик.

«Масаладан хабарим бор, тадбиркор менинг олдимга ҳам келган. Хизмат уйига олинган жиҳозларни ҳеч ким еб кетмаган, биринчи чорак якуни билан тўлаб берамиз. Лекин у ўтган йили пилла мавсумида совға-салом олиб берганман деяпти, марҳамат, ҳужжатларини тақдим қилсин, кимга берган, қандай қилган.

Давлатнинг бир сўм пули ҳам ҳисоб-китобли, назоратда, бюджет маблағини мен талон-торож қила олмайман. Марҳамат, келиб ҳужжатларни тақдим қилсин, биринчи ўринбосаримга топшириқ бераман, шунга қараб ҳисоб-китоб қиламиз», – дейди Миришкор ҳокими Шерали Санаев.

Мираббос Раҳимов эса ҳокимнинг биринчи ўринбосари Сардор Тўраев билан учрашишга икки марта ҳаракат қилгани, аммо унинг ҳар сафарги қабулга киришга уринишлари самарасиз якун топганини айтади.

«Ҳоким Санаев билан қарийб 15 дақиқа гаплашиб, суд қарори ва асосимни ҳам келтирганман. Ободонлаштириш бошқармасининг масаладан хабардор вакили билан биргаликда хат киритганман. Ҳоким хатимни ўринбосари Сардор Тўраевга йўналтирган, Тўраев эса масаладан бехабарлигини айтган», – деди тадбиркор.

Хуллас, Мираббос Раҳимовнинг қўлида солиштирма далолатномалар, шартномалар, суднинг қарори ва яна етарлича асослар бор. Аммо ҳозирча бу далиллар Миришкор туманида эътиборга олинмаяпти.

Ҳоким Шерали Санаев «тадбиркор далилларни тақдим қилсин», дейди. Тадбиркор эса далилларни қайта-қайта тақдим қилишга ҳам тайёрлигини, бир неча марта тақдим этганини айтмоқда. Аммо у футбол тўпидек у ёқдан бу ёққа тепиляпти, холос.

Миришкордаги мансабдорларнинг лафзсизлиги сабаб тадбиркор инқироз ёқасига келиб қолган.

Қонунчиликка биноан, ободонлаштириш бўлимларининг маблағлари солиқ тўловчилар ҳисобидан шакллантирилади. Шундай экан, на ҳоким ва на прокурорнинг бу пулларга панжа солишга ҳаққи йўқ.

Умид қиламизки, Миришкордаги «каттакон»ларнинг тадбиркорга нисбатан бу ҳурмача қилиқлари ва давлат ташкилотининг пулига харид қилинган қимматбаҳо буюм ва жиҳозларнинг тақдири Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эътиборидан четда қолмайди.

Дарвоқе, тадбиркорнинг пулини МИБ олиб бера олмаётгани, бу жараёнда уларга ҳокимнинг «чизган чизиғи» халал бераётгани ҳақида Kun.uz алоҳида суриштирув ўтказмоқда.

Тез кунда бу мавзуга яна қайтамиз.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид