Жаҳон | 14:58 / 22.09.2018
57882
6 дақиқада ўқилади

Хитойдаги миллионлаб уйғурлар сақланадиган концлагер – уйдирмами ёки ҳақиқат?

9 сентябрь куни Human Rights Watch Хитойнинг Синьцзян вилоятида мусулмон аҳоли таъқибга учраётгани ҳақидаги маърузасини эълон қилди: ташкилот маълумотларига кўра, бу ерда кейинги йилларда уйғурлар оммавий ва кўпинча асоссиз равишда ушланмоқда ҳамда қамоқ ва тарбия лагерларига ташланмоқда; миллионлаб кишилар устидан мунтазам видеокузатув ташкил этилган бўлиб, уларнинг ижтимоий аҳволи ва тақдири «ижтимоий кредит» тизимида тўпланган балларга боғлиқ. Human Rights Watch’нинг билдиришича, Хитойда бундай миқёсдаги қатағонлар Маданий инқилоб давридан буён кузатилмаган.

«Медуза» Синьцзянда бўлган журналист ва сайёҳнинг мақоласини эълон қилди.

Муаллифнинг ёзишича, Синьцзянда WhatsApp ва Facebook блокланган бўлиб, уларни ўрнатганлик учун қамоқ кутади.

Фото: Getty Images

«2017 йил апрелидан динга қаттиқ берилиш, паранжи ўраш, ўта миллий кийиниш, Қуръонни омма олдида ўқиш ва ҳатто фарзандига арабча исм қўйиш ҳам қатағон қилиш учун баҳонага айланди. Норозилар «тарбиялаш лагерларига» — саҳродаги зирҳланган дарвозалар, қалин деворлар, тиканли симлар ва кўп сонли соқчилар билан қуршалган ҳудудга жўнатилади», деб ёзади у.

Унинг таъкидлашича, Синьцзянда мусулмонларни кузатиш учун уларнинг телефонларига JingWang Weishi махсус иловаси ўрнатилади. JingWang полицияга қурилманинг идентификация рақамини, унинг модели ва эгасининг телефон рақамини узатади, телефондаги ахборотларни мониторинг қилади ҳамда эгасига давлат нуқтаи назаридан хавфли саналадиган маълумотлардан огоҳлантиради.

«Илк ядровий портлашлар синаб кўрилган Синьцзян яна тажриба майдонига айланди —мамлакатда ишлаётган 20 миллионта видеокамеранинг катта қисми шу ерда ўрнатилган. Уларнинг сони нақадар кўплигини расмий манбалар ҳам тасдиқлайди — 2016 йилда Хитойнинг ички хавфсизлик харажатлари мудофаа харажатларидан 13 фоизга кўпроқ бўлган. 2014 ва 2016 йиллар оралиғида Синьцзян кузатув учун бошқа ҳудудларга нисбатан икки баравар, 2017 йилда уч баравар кўп маблағ сарфлаган», деб ёзади у.

Фото: Getty Images

Унинг ёзишича, ҳар бир кўчада тиканли сим билан ўралган полиция пости ўрнатилган. Уйларнинг томлари, деворлар ва махсус устунларда кузатув камералари ўрнатилган. Уйғур миллатига мансуб ҳар бир фуқаро бир кварталдан иккинчисига ўтиш учун пластик ID картасини кўрсатиши, сумкасини текширтириши, кўзини сканер қилдириши, айрим ҳолларда эса телефонини текширишлари учун полицияга тақдим этиши шарт. Банклар, касалхона, супермаркет ва ерости йўлларида ҳам уларни ана шундай жараён кутади. Кўчалар зирҳли техника, махсус ҳарбийлар ва кўнгиллилар гуруҳлари томонидан назорат қилинади.

Фото: Getty Images

«Масжидлар эшикларига қулф осилган. Оддий ошхона пичоғи сотиб олинганида ҳам уйғурлар лазер орқали пичоқ тиғига унинг эгасини аниқлайдиган QR-код қўйдиришлари шарт, Оқсув шаҳридаги ресторанларда пичоқлар занжир билан деворга маҳкамланган», деб ёзади у.

Муаллифнинг қайд этишича, Синьцзядаги уйғурларнинг хонадонларига вақти-вақти билан махсус гуруҳ кириб турли саволлар беради. Уйда тақиқланган буюм ёки китоблар бор-йўқлигини текширади. Бундай текширувлар бир неча соат ёки бир неча кун давом этиши мумкин. 

Фото: Getty Images

Бу ерда фуқаролар балли рейтинг тизими асосида баҳоланади. Банкдан қарздорлик, йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жарима, жамоат жойларида чекиш рейтингнинг пасайишига сабаб бўлади. Қон топшириш, хайрия лойиҳасида иштирок этиш орқали балларни ошириш мумкин.

«Аммо узоқ вақт видеоўйин ўйнаш, масжидга тез-тез қатнаш, нотинч ҳудудларга бориш ва шубҳали шахслар билан мулоқот қилганлиги видеокамерада қайд этилиши балларнинг пасайишига олиб келади», деб ёзади у.

Муаллифнинг ёзишича, юқори балл меҳмонхонада депозитсиз жойлашиш, коммунал хизматлар учун чегирма олиш ва банкдан фоизи кам кредит олиш имкониятини беради. Паст балл билан иш ва квартира топиш қийинлашади. Балл пасайгани сари муаммо жиддийлашиб боради: эркин юриш имконияти чекланади, яхши дўконларга кириш ва ҳаттоки танишув сайтларида рўйхатдан ўтишга тўсиқ қўйилади.

«Синьцзянда маълумотларни қайта ишлайдиган сунъий онг жамиятни «хавфсиз», «меъёрдаги» ва «хавфли» фуқароларга ажратади. Уларнинг ёши, эътиқоди, судланганл иги ва хорижликлар билан алоқалари ҳисобга олинади», деб ёзади муаллиф.

Унинг ёзишича, бу ерда паспорт олаётган шахс ДНК намунаси топширишга мажбур.

Муаллифнинг таъкидлашича, Синьцзянда кўпсонли «тарбия лагерлари» бўлиб, уларда юз минглаб маҳбуслар сақланади.

Фото: Getty Images

Унинг «Бутунжаҳон уйғурлар конгресси» бош котиби Долкун Айсага таяниб ёзишича, лагерларда уч миллионга яқин маҳбус бор.

Мақолада келтирилган фактлар ҳақиқатга қай даражада мос келади, буниси аниқ эмас, «Медуза» нашри «муаллифнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан» унинг исм-шарифини эълон қилмаган.

Фото: Getty Images
Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид