Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентдаги 14 та маҳалла махсус лойиҳалар асосида ободонлаштирилади
Тошкент шаҳрининг 14 та маҳалласи миллий ва замонавий қиёфани уйғунлаштирган ҳолда ободонлаштирилади. Лойиҳа ўзбек маҳалласи феноменини Венеция биенналесига олиб чиққан Маданият ва санъат жамғармаси томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳукумати кўмаги билан 2021 йилда Венециядаги 17-Халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистоннинг “Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти”деб номланган биринчи миллий павильони намойиш этилган эди. Мазкур лойиҳа пойтахтдаги 14 та маҳаллада давом эттирилмоқда.
Шу муносабат билан 26 октябрь куни Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан “Маҳалла келажаги” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда архитектура ва қурилиш соҳаси экспертлари тарихий меросни асрашда инновацион ёндашувлар мавзусини муҳокама қилишди.
Қурилиш вазирлиги архитектура ва шаҳарсозлик бошқармаси бўлими бошлиғи Жаҳонгир Анваровнинг айтишича, лойиҳанинг асосий мақсади маҳаллаларнинг аслини, миллийлигини йўқотмаган ҳолда қайта ободонлаштиришдан иборат.
“Тарихий мерос объектлари тоифасига кирувчи 14 та маҳаллаларимиз танлаб олинган. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, шаҳар ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамкорлигида лойиҳалар ишлаб чиқилади. Бу лойиҳалар миллий ва замонавий қиёфаларни уйғунлаштириш асосида амалга оширилади.
Ушбу тарихий ҳудудларимизга замонавий технологияларни олиб кириш орқали аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, шу билан биргаликда маданий мерос объектларидаги миллийликни сақлаб қолиш кўзда тутилган. Лойиҳаларни амалга оширишда жамоатчилик фикри ҳам ўта муҳим.
Бу ерда вазирлигимизнинг асосий вазифаси лойиҳаларнинг шаҳарсозлик қоидаларига мос равишда яратилишини таъминлаш ва шу асосда қурилиш ишларини назорат қилиб боришдан иборат. Албатта, бош режа ишлаб чиқилади ва жамоатчилик фикри муҳокамаси асосида амалга оширилади”, – деди у.
Вазирлик мутасаддиси ҳозирги вақтда лойиҳанинг бошланғич босқичида иш олиб борилаётганини айтди. Бош режа тасдиқлангач, тузилган дастур асосида маҳаллаларда йиллик иш кўлами бажарилади.
Жорий йилнинг май ойида Венеция биенналесидаги Ўзбекистон павильони очилиш маросимига ЮНЕСКО бош директори Одри Оузел ташриф буюрган ва бу кўргазмага юқори баҳо берган эди.
Мавзуга оид
12:40
Тошкентнинг асосий кўчаларида агротехник тадбирлар олиб борилмоқда
10:20
Қорли об-ҳаво: Тошкентда йўл ҳаракатида хавфсизлик кучайтирилмоқда
12:13 / 21.01.2026
“Жудаям чанг, нафас олиб бўлмайди” – Тошкентда йўловчилар ифлос автобусда ташилмоқда
11:02 / 21.01.2026