Ўзбекистон | 22:36 / 08.07.2023
13551
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги матбуотчи мозаикаси сақлаб қолиниши ваъда қилинди

Шаҳар марказидаги газетачилар корпуси реконструкция қилиниши асносида, бино фасадидаги мозаика бузилиши мумкин. “Tashkent modernism” лойиҳаси муаллифнинг тарихий мозаикани сақлаб қолиш ҳақида чақириғига жавобан, Маданият ва саъатни ривожлантириш жамғармаси бунинг ечимлари изланаётганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳри Бухоро кўчасидаги “Шарқ” нашриётига қарашли босмахона фасадини безаб турган “матбуотчи” мозаикаси бузилиши мумкин.

Бу ҳақда “Tashkent modernism” лойиҳаси муаллифи Александр Фёдоров Instagram'даги саҳифасида маълум қилди.

У босмахона реконструкция қилинаётгани ва бу ерда усталар ишлаётганини таъкидлаб, яқин тарихнинг миллий модернизм намунаси бўлган бу мозаикага шикаст етказмасдан бошқа жойга кўчиришни таклиф қилди.

Ҳозир босмахонанинг ички қисмини бузиш ишлари кетяпти, бино атрофида юк машиналари ва ишчиларни кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясига қарашли босмахона 1921 йилда қурилган. Босмахонада узоқ йиллар фаолият юритган ишчилардан бирининг Kun.uz'га айтишича, босмахона фасадидаги мозаика 1979 йил ўрнатилган.

“Вақт ўтиб оҳори тўкилган, лекин қурилган пайтида жуда ёрқин ва чиройли эди. Мозаикада аёл газеталарни ушлаб тургани акс этган. Ўша пайтда мозаикада газета номлари ҳам аниқ кўринарди, ҳозир ўчиб кетган. 2010 йиллардан кейин босмахона деярли фаолиятини тугатган, газеталарни босмадан чиқариш “Матбуот уйи”га ва бошқа жойларга кўчирилди”, – дейди у.

“Tashkent modernism” лойиҳаси муаллифи Александр Фёдоров давлат органлари, йирик бизнес эгаларини мозаикани бошқа жойга кўчириб ўтказишда ташаббус кўрсатишга чақирди.

“Менимча, ҳар қандай банк, ҳар қандай йирик бизнес учун бу ажойиб имиж яратишга ёрдам беради. Бу мозаика умуман шу бинодан кўчирилиб, шаҳарнинг қайсидир қисмига жойлаштириб, пастига компания логотипини жойлаштириш орқали ўз имижингизни яратасиз.

Модернистик мероснинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини сақлаб қолиш учун шундай замонавий ёндашув керак”, – дейди у.

Лойиҳа муаллифи мозаикани шаҳарнинг турли бурчаклари – реклама баннерлари, парклар ва боғлардаги жойлашувига оид таклиф-намуналарни ҳам тақдим қилди.

Фото: Tashkent modernism
Фото: Tashkent modernism
Фото: Tashkent modernism

Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабарига кўра, босмахона бузилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган ва уни асраб қолиш устида иш олиб борилмоқда.

“Босмахона биноси бузиляпти, жамоатчилик мозаиканинг кейинги тақдиридан қайғуряпти. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг вазифаси нафақат соҳани тарғиб қилиш, балки мамлакатимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлашдан иборат. Ҳозирда жамғарма Маданий мерос агентлиги мутахассислари билан ҳамкорликда мозаикани асраб қолишнинг энг яхши ечимлари устида ишлаяпти”, – дейилади жамғарма баёнотида.

Жамғарма ҳолатга бефарқ бўлмаган барчага миннатдорчилик билдириб, мозаикани сақлаб қолиш чоралари ҳақида батафсил маълумот берилишини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Тошкент ҳокимлиги, шаҳар кенгашининг қарорини асос қилиб кўрсатган ҳолда, кўп қаватли уйлар фасадидаги мозаикаларни ўчириб ташламоқчи бўлганди.

Ўшанда мозаикалар ўчирилишига қарши чиққан блогер Никита Макаренко устидан Тошкент депутатлари ИИБга шикоят қилган, Маданий мерос агентлиги блогерни фаол қўллаб-қувватлаганди.

Жамоатчилик эътирозларидан кейин Тошкентдаги мозаикаларни бўяш тўхтатилганди.

Мавзуга оид