Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йирик корхоналарнинг кредитлари ва ташқи қарзлари устидан назорат кучаяди
Ўзбекистонда йирик корхоналар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича Мувофиқлаштирувчи комиссия тузилди. 2026 йилдан эътиборан, 50 млн доллардан ортиқ кредити бор корхоналар яна қарз кўтармоқчи бўлса, ушбу комиссия рухсатини олиши керак бўлади. МЧЖ шаклидаги йирик қарздорлар янги қарз жалб қилиш учун АЖга айланишига тўғри келади.
Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиниши устидан назоратни кучайтиришга оид ҳукумат қарори қабул қилинди.
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раислигида Йирик корхоналар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия ташкил этилди. Комиссия:
- алоҳида мониторингни талаб этувчи тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар (кейинги ўринларда – йирик қарздорлар) рўйхатини тасдиқлайди;
- йирик қарздорлар томонидан жалб қилинаётган банк кредити ёки ташқи қарз ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган лойиҳа бўйича тақдимотларни кўриб чиқади;
- тақдимот қилинган лойиҳалар учун банк кредити ёки ташқи қарз жалб этилишини маъқуллайди ёки рад этади; лойиҳаларнинг натижадорлигини ўрганади;
- йирик қарздорларнинг молиявий ҳолатини мунтазам мониторинг қилади ҳамда молиявий ҳолати ёмонлашганда молиявий соғломлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
- йирик қарздорлар молиявий ҳолатига кўра “паст хатарли”, “ўрта хатарли” ва “юқори хатарли” гуруҳларга тоифаланади ҳамда ушбу тоифалардан келиб чиққан ҳолда улар томонидан банк кредити ва ташқи қарз жалб қилиш тартиби белгиланади;
- йирик қарздорларнинг йил якуни бўйича молия-хўжалик фаолияти халқаро аудиторлик тармоқлари ва уюшмаларига аъзо бўлган аудиторлик ташкилотлари текширувидан ўтказилади (мазкур қарор қабул қилинишидан олдин танлаб олинган аудиторлик ташкилотлари бундан мустасно);
- йирик қарздорлар чораклик молиявий ҳисоботларини, шунингдек, банк кредити ва ташқи қарзлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, ташқи қарз битимлари ва кредит шартномалари бўйича мажбуриятларининг бажарилиши билан боғлиқ маълумотларни ҳар чорак якуни билан Мувофиқлаштирувчи комиссияга тақдим этади;
- масъулияти чекланган жамият шаклидаги йирик қарздорлар банк кредити ва ташқи қарз жалб қилишга Мувофиқлаштирувчи комиссиядан рухсат олиши учун ташкилий-ҳуқуқий шаклини акциядорлик жамиятига ўзгартириши ва фаолиятини АЖлар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этиши керак бўлади.
Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, “йирик қарздор” деганда Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга, молиявий қарзлари 50 млн доллар эквиваленти миқдоридан кам бўлмаган, юридик шахс мақомига эга бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи ёки таркибидаги корхоналар (тижорат банклари бундан мустасно) тушунилади.
Низом талаблари тижорат банклари олдида кредит мажбуриятига эга бўлмаган, давлат иштирокисиз ташқи қарз жалб этмоқчи бўлган хусусий корхоналарга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маълумот учун, 2022 йилда ташқи қарзлари устидан назорат ўрнатиладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати тасдиқланган ва бу рўйхатга 28 та корхона киритилган. Янги қарор билан белгиланган тартиб ана шу тизимни сезиларли кенгайтиради, 28 та корхонага тааллуқли бўлган эски (амалдаги) тартиб эса 2026 йил 1 январдан бекор қилинади.
- 2025 йил 1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларга етган. Шундан 36,8 млрд доллари – давлат ташқи қарзи, 35,4 млрд доллари – давлат кафолатисиз корпоратив ташқи қарзлардан иборат. Биринчи ярим йилликда давлат ташқи қарзи 2,7 млрд долларга кўпайган бўлса, корпоратив ташқи қарзлар 5,2 млрд долларга ошган.