Иқтисодиёт | 17:22 / 02.10.2025
11493
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72 млрд доллардан ошди

1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларни ташкил этди. Шундан 36,8 млрд доллари – давлат ташқи қарзи, 35,4 млрд доллари – корпоратив ташқи қарзлардан иборат. Умумий ташқи қарз қолдиғи йил бошидан бери 8,1 млрд долларга ошди. Ярим йиллик жорий операциялар ҳисобининг манфий салдоси 156,3 млн долларгача қисқарди.

Фото: Getty Images

2025 йил биринчи ярим йиллик якуни бўйича Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларни ташкил қилди.

Шундан 36,8 млрд доллари – давлат ташқи қарзи, 35,4 млрд доллари – корпоратив ташқи қарзлардир. Бу – Марказий банк ҳисоботида келтириб ўтилган. Йил бошидан бери давлат ташқи қарзи 2,7 млрд долларга, корпоратив ташқи қарз эса 5,2 млрд долларга кўпайган.

Маълумот учун: корпоратив ташқи қарз таркибида хусусий сектор ва давлат иштирокидаги корхоналар томонидан давлат кафолатисиз жалб этилган ташқи қарзлар акс эттирилади.

Жорий операциялар ҳисоби

2025 йилнинг 1-ярмида халқаро савдо сиёсатининг кескинлашуви ва глобал ноаниқликлар ортишига қарамасдан, Ўзбекистон ташқи сектори анъанавий экспорт маҳсулотлари жаҳон нархларининг ўсиши, шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси ва туризм йўналишларидаги ижобий тенденциялар таъсирида ўзининг мувозанат ҳолатига яқинлашган

Жумладан, жорий операциялар ҳисоби 156,3 млн доллар манфий салдо билан шаклланган (2024 йилнинг 1-ярмида қарийб 2,9 млрд доллар бўлган). Бу савдо баланси тақчиллигининг сезиларли даражада қисқариши ҳамда хориждан Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши билан изоҳланади.

Экспорт ҳажмининг импортга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсиши натижасида савдо балансининг манфий салдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга қисқариб, 6,4 млрд долларни ташкил қилган. Хусусан, жами экспорт ҳажми 29 фоизга ошиб, 16,6 млрд долларни ташкил қилган бўлса, жами импорт ҳажми 10 фоизлик ўсиш билан қарийб 23 млрд долларга етган.

2025 йилнинг 1-ярми давомида Ўзбекистонга келиб тушган халқаро пул ўтказмалар ҳажмининг ўсиши бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси ижобий салдо (мос равишда 850 млн доллар ва 5,4 млрд доллар) билан шаклланишига сабаб бўлган.

Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги тўғридан тўғри, портфел ва бошқа инвестициялар жалб қилиниши ҳисобига молиялаштирилди. Жумладан, 2025 йилнинг 1-ярми давомида мамлакатга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизга ўсиб, 1,6 млрд долларга тенг бўлган. Портфел инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 3,1 млрд долларни ташкил қилган. Юқоридаги таркибий омиллар ҳисобига ҳисобот даври якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий салдоси 895,9 млн долларни ташкил этган.

Тўлов балансида акс этган амалиётлар ва нооперациявий ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқейи жорий йил бошига нисбатан 23 фоизга мустаҳкамланиб, 2025 йил 1 июл ҳолатига 16,9 млрд долларга етган.

Бунда, резидентларнинг чет эл валютасидаги активлари ҳажми йил бошига нисбатан 12,1 млрд долларга (13 фоиз) ҳамда ташқи мажбуриятлари ҳажми 8,9 млрд долларга (11 фоиз) кўпайган.

Мавзуга оид