Жамият | 21:16 / 26.05.2025
9474
2 дақиқада ўқилади

Халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик икки аёл Ўмондан экстрадиция қилинди

Улар одам савдоси ва фирибгарлик жиноятлари бўйича қидирувда бўлган. Интерполнинг Ўзбекистон Миллий марказий бюроси ходимлари Ўмондаги ҳамкасблари билан гумонланувчиларни соддалаштирилган тартибда экстрадиция қилди.

Фото: INTERPOL

Интерполнинг Ўзбекистон Миллий марказий бюроси ходимлари кузатуви остида халқаро қидирувда бўлган икки нафар аёл фуқаро Маскат шаҳридан Тошкентга олиб келинди.

Қайд этилишича, Ўмон ҳудудида халқаро қидирувда бўлган икки нафар ўзбекистонлик аёл ушланган. 23 май куни бюро ходимлари томонидан уларнинг экстрадицияси амалга оширилган. Иккала аёл ҳам фирибгарлик ва одам савдоси билан айбланиб, қидирувда бўлган.

Фирибгарлик билан боғлиқ хатти-ҳаракати учун қидирувда бўлган шахсларни экстрадиция қилиш жараёнини амалга ошириш мақсадида кузатув гуруҳи Маскатга борган. Интерпол Маскат Миллий марказий бюроси вакиллари билан учрашув давомида, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан халқаро миқёсда қидирув эълон қилинган, одам савдоси билан шуғулланишда гумон қилинаётган яна бир жиноятчи аёл қўлга олингани маълум бўлган. Ўтказилган учрашув натижасида соддалаштирилган экстрадицияни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.

«Шу тариқа, ўрнатилган ҳамкорлик муносабатлари ва икки томонлама амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида, қидирувдаги шахслар суд олдида жавобгарликка тортилиши ва муносиб жазо олиши учун Ўзбекистондаги Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларига топширилди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Қотилликда айбланаётган ўзбекистонлик Салвадордан Россияга экстрадиция қилингани тўғрисида хабар берилганди.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид