Ўзбекистон | 22:04 / 23.01.2020
35943
2 дақиқада ўқилади

ТИВ: Ухань шаҳрида 30дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкин

Ухан. Хавфсизлик ходими йўловчининг ҳароратини ўлчамоқда / Фото: Getty

Хитойнинг 2019-nCoV коронавируси тарқалаётган Ухань шаҳрида 250 нафар атрофида Ўзбекистон фуқароси, асосан олий таълим муассасалари талабалари яшайди. Уларнинг нисбатан кўпчилиги семестр якунлангани сабабли ватанга қайтишган.

Ҳозирда шаҳарда 30дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин, деб хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

«Уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун «Wechat» ижтимоий тармоғида «Ухан 2020 Ўзбекистон» гуруҳи тузилди. Талабаларга хотиржамликни сақлаш, зарурий эҳтиёт ва профилактика чораларига амал қилиш кераклиги тушунтирилди, элчихона консуллик бўлими ходимларининг телефон рақамлари берилди», – дейилади хабарда.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатнинг Пекин шаҳридаги элчихонасига (тел.: +8610-6532-6305) ҳамда Шанхай шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +8621-6307-1896) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.

Қўшимча қилинишича, Уханда махсус шошилинч штаб жойлаштирилган ва 23 январь соат 10:00дан бошлаб жамоат транспорти вақтинча тўхтатилган, аэропорт ва темир йўл рейслари бекор қилинган. Шаҳардан чиқиш йўллари ёпилган. Шаҳарнинг барча транспорт воситалари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 23 январь ҳолатига кўра янги коронавирусни юқтирган беморлар сони 600 нафардан ошган, вафот этганлар эса 17 кишини ташкил этмоқда. Касаллик Таиланд, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Саудия Арабистони, Вьетнам ва АҚШда ҳам қайд этилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатдаги 11та аэропорт тепловизорлар билан жиҳозлаб чиқилгани, ходимлар махсус тайёргарликдан ўтказилганини маълум қилган эди.

ОАВда янги типдаги зотилжамга чалинган бемор муваффақиятли даволангани ҳақида хабарлар тарқалган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид