Жамият | 14:48 / 20.05.2020
19358
2 дақиқада ўқилади

«Соғлиғимдаги муаммо сабабли ишлолмай қолганимда беш қизим қўлимдан ҳунаримни олди» – чинозлик дурадгор ҳикояси

Чиноз туманининг Гулзоробод қишлоғида 5 нафар опа-сингил дурадгорлик билан шуғулланади. Дурадгорлик улар учун ота касб. Оталари Нормуҳаммад ака Эштоев бетоб бўлиб қолганда беш қиз уни ёлғизлатиб қўймади.

“Икки йил аввал соғлиғимда бироз муаммо пайдо бўлди. Шифокорлар дастгоҳларда ишлашимни ман этишди. Катта қизим Ҳулкарга ҳолатни айтдим. У мени дарҳол тушунди. “Дадажон, сиз хавотир олманг, дамингизни олинг, бизга йўл-йўриқ кўрсатиб турсангиз бас, барчасини ўзимиз эплаймиз”, деди у. Барака топишсин, ҳозир буюртмаларнинг ҳаммасини ўзлари уддалашяпти. Шаҳардан тахта олиб келишдан тортиб, ҳисоб-китоб ишларигача ўзлари эплашяпти”, –дейди Нормуҳаммад ака.

– Аслида бу касб мен учун ота мерос бўлиб, ундан воз кечолмайман. 5 қиз, бир ўғлим бор. Ўғлим кичкина бўлгани учун ҳунаримни ҳозир қизларим давом эттиришяпти. Улар бир-бирига жуда меҳрибон. Ўз вазифаларини қунт билан бажаришади. Ишга жону дили билан киришиб, охирига етказмагунча тиним билишмайди. Ҳулкарда ижодий ёндашув кучли. У ясаган қутичалари, сувенирларини ўзи дизайнерлик қилиб безайди. Гавҳар эса рўзғорда ишлатиладиган ўқлов, жўва, хонтахта учун қуббали оёқлар ясайди. Камола хонтахта ясашни маромига етказади, – дейди фахр билан ота.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, дурадгор қизлар оиласи ҳозирча керакли асбоб-ускуналар ва дастгоҳлар харид қилишган, беш турдаги хилма хил дастгоҳларни моҳирлик билан бошқаришяпти. Бу йил устахонани кенгайтиришни режа қилишган.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид