Иқтисодиёт | 21:09 / 17.03.2022
53403
6 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани оширди. Бу нимани англатади?

Асосий ставканинг 14 фоиздан 17 фоизга оширилиши шу кунгача ажратилган ипотека ва ижтимоий кредитлар фоиз ставкасига ҳам таъсир кўрсатадими?

Фото: iStock/depositphotos

Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Охирги марта асосий ставка 2018 йилнинг сентябрь ойида кўтарилган эди. Ундан кейин 2020 йил давомида икки марта туширилди.

Марказий банк баёнотида қайд этилишича, ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган юқори ноаниқлик ва кескинликлар фонида девалвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётимизга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатдаги макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида асосий ставка оширилган.

Асосий ставка нима?

Марказий банк асосий ставкаси – инфляцион таргетлаш режими доирасида пул-кредит сиёсатини юритишнинг асосий инструменти бўлиб, Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга оширадиган пул-кредит операциялари бўйича мўлжал фоиз ставкаси ҳисобланади. Ушбу ставкани ўзгартириш орқали Марказий банк иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини белгилаб боради.

Асосий ставканинг вазифаси қуйидагилардан иборат:

  • мамлакатдаги инфляцияни секинлаштириш ёки қисман тўхтатиб туриш;
  • банкларнинг тадбиркорлар ва фуқароларга бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг энг кам даражасини белгилаш;
  • Марказий банкнинг банкларга уларнинг қисқа муддатли ликвидлигини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган қайта молиялаштириш кредити қийматини аниқлаш;

Содда қилиб тушунтириладиган бўлса, Марказий банк белгиланган асосий ставкадан келиб чиқиб, тижорат банкларига кредит беради. Ўз навбатида тижорат банклари олинган пулга ўз фоизини қўшиб жисмоний ва юридик шахсларга кредит ёки қарз кўринишида қайта тарқатади. Асосий ставканинг ошиши ўз навбатида тижорат банклари томонидан фуқароларга тақдим қилинадиган кредитлар фоизларининг ҳам ошишига таъсир ўтказади.

Асосий ставка даражаси Марказий банк бошқаруви мажлисларида пул-кредит сиёсати шароитлари, жорий ва кутилаётган инфляция даражаси ҳамда макроиқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгиланади. Одатда, агар инфляция даражаси кўтарилса, Марказий банк ҳам асосий ставкани кўтаради. Агар инфляция даражаси пасайса, бунда Марказий банк асосий ставкани пасайтиради.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрига кўра, ҳозирги шароитда асосий ставканинг оширилиши қўшни давлатлар билан макроиқтисодий координация қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

«Асосий ставканинг оширилиши сўм курсининг барқарорлашиши (сўмдаги жамғармаларнинг жозибадорлиги ортиши) ҳамда инфляцион кутилмаларнинг пасайишида муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, асосий ҳамкор давлатларимизда уруш бошлангандан буён монетар сиёсат сезиларли даражада қаттиқлашди, бу жиҳатдан ҳам фоиз ставкасининг оширилиши қўшни давлатлар билан макроиқтисодий координация қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Лекин ҳар қандай қарорда ҳам танлов бўлгани каби фоиз ставкасининг оширилиши ҳам ўзи билан фақат ижобий эмас, балки салбий натижалар ҳам олиб келади. Фоиз ставкасининг оширилиши иқтисодий фаолликка салбий таъсир қилиши, бу эса ишсизликнинг ортиши ёки иқтисодий ўсишнинг кутилаётганидан кўра пастроқ бўлишига олиб келиши мумкин. Ҳозир осон қарорнинг ўзи мавжуд эмас».

Мустақилликдан кейинги даврда Марказий банк асосий фоиз ставкаси қандай ўзгарган?

Ўзбекистон тарихида қайта молиялаш ставкасининг энг юқори кўрсаткичи 1995 йилнинг февраль-март ойлари оралиғида кузатилган бўлиб, ўша пайтда асосий ставка 300 фоизга етганди. Энг паст кўрсаткич эса 2015 йилнинг январь ойидан 2017 йилнинг июнь ойлари оралиғида қайд этилган – 9 фоиз.

Асосий ставканинг ўзгариш динамикаси:

Марказий банк маълумотлари асосида тайёрланди

Россиядаги иқтисодий ҳолатнинг Ўзбекистонга таъсири

Ўзбекистон Марказий банки баёнотига кўра, ташқи иқтисодий шароитларнинг ёмонлашиши қисқа муддатда қуйидагиларга олиб келади:

  • экспортдан тушумлар камаяди;
  • пул ўтказмалари камаяди;
  • юқоридаги икки омил ҳисобига ички валюта бозорида таклиф қисқаради;
  • импорт товарлар нархи ошади;
  • импорт товарлар нархи ошиши импорт қилинмайдиган товарлар нархига ҳам таъсир қилади.

Қайд этилишича, жаҳон бозорида асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархларининг сезиларли даражада ўсаётганлиги, ташқи таклифнинг қисқариши ва географик жиҳатдан ўзгариши, истеъмол товарлари импортида логистика билан боғлиқ масалалар йил сўнгига қадар ички нархларга қўшимча босимни юзага келтириш эҳтимолларини оширмоқда.

Миллий валюта йил бошидан бери 6,8 фоизга қадрсизланган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич бутун 2021 йил мобайнида 3,4 фоизни ташкил қилган. Марказий банк курснинг кескин тебранишларининг олдини олиш учун валюта интервенцияларини кўпайтирган. Шу нуқтаи назардан асосий ставка 14 фоиздан 17 фоизга оширилди.

Аввалроқ, Россия Марказий банки йиллик асосий ставкасини 9,5 фоиздан 20 фоизга оширганди. Бундан ташқари, Қозоғистон Марказий банки йиллик базавий ставкани 10,25 фоиздан 13,5 фоизга, Қирғизистон Марказий банки эса дастлаб 8,5 фоиздан 10 фоизга, кейинроқ эса 14 фоизга кўтарганди.

Ҳозиргача оширилган ипотека ва ижтимоий кредитлар фоиз ставкалари ҳам ошадими?

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, 17 фоизлик асосий ставка фақат янги молиялаштириладиган кредитларга нисбатан қўлланилади.

«Асосий ставканинг оширилиши шу кунгача ажратилган мақбул ипотека ва ижтимоий кредитлар фоиз ставкасига таъсир кўрсатмайди. Қоида тариқасида бу тоифадаги кредитлар ставкаси асосий ставкага боғланган, лекин асосий ставка тушганда ставка туширилади, ошганда эса ўзгармай қолади. Шунинг учун ипотека эгалари ва бошқа ижтимоий кредитдан қарздорлар хавотирга тушмаса бўлади», - дея ёзди иқтисодчи.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовга кўра, Марказий банкнинг асосий ставкаси (олдинги қайта молиялаш ставкаси) ўзгартирилган тақдирда унинг жорий кредитларга таъсири шартномада белгиланган шартлар асосида бўлади. Хусусан, тижорат банклари ва мижозлар ўртасида ўзгармас фоиз ставкаларида тузилган шартномаларга Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришлари таъсир этмайди.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров

Мавзуга оид