Ўзбекистон | 11:42 / 21.02.2023
12267
3 дақиқада ўқилади

Бойсун – Элбаён йўли таъмирланади, поликлиника қурилиши учун маблағ ажратилади — Сурхондарё вилоят ҳокимлиги

Kun.uz’ интернет сайтида «Қумқўрғондаги абгор йўл ва қурилиши чала поликлиника: 35 йиллик муаммо ниҳоят барҳам топадими?» сарлавҳаси остида Қумқўрғон туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ оқсоқолларнинг мурожаати эълон қилинган эди. Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ушбу мурожаатга расмий муносабат билдирди.

Видеомурожаатда Қумқўрғон туманидаги 4Р-105 йўлини асфалтлаштириш ҳамда маҳалла оилавий поликлиникаси қурилиши чала ташлаб кетилгани бўйича фуқароларнинг эътирозлари келтирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг «2019-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 октябрдаги 871-сонли қарорига асосан туман ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари, жумладан, мурожаатда келтирилган 4Р-105 «Дарбанд қ.–Бойсун–Элбаён қ.» автомобиль йўлининг 70–79 км оралиғи ҳамда 79–80 кмдаги таъмирталаб қисмларини жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Мурожаатда келтирилган 4Р-105 «Дарбанд қ.–Бойсун–Элбаён қ.» автомобиль йўлининг 85–89 км оралиғидаги 4 км қисмини таъмирлаш ишлари Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштириладиган Халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўлларни таъмирлаш дастурига киритилган бўлиб, дастур молиялаштирилгандан сўнг йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Қумқўрғон тумани Чўкирли маҳалласида жойлашган 36-сонли Оилавий поликлиника биноси 1960 йилда қурилган бўлиб, Давлат архитектура-қурилиш назорат инспекцияси хулосасига кўра бино фойдаланишга яроқсиз, деб топилган.

Шу сабабли 2018 йилда 36-сонли Оилавий поликлиника учун янги бино қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланиб, умумий қиймати 1 млрд 982 млн сўм бўлган қурилиш ишлари бажарилган.

Янги бинонинг ғишт ва томини ёпиш ишлари амалга оширилган ва ушбу ишлар учун 2 та қурилиш корхонасига маблағлар тўлаб берилган. Кейинчалик айрим сабабларга кўра лойиҳа молиялаштирилиши тўхтаб қолганлиги боис қурилиш ишлари якунига етказилмаган.

Мазкур бинонинг қурилиш ишларини якунлаш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетидан лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилган ва молиялаштирилмаган қисми учун 10 кун муддатда маблағ ажратилиши, «Жануб декор қурилиш таъмирлаш» хусусий корхонаси томонидан эртадан ишлар бошланиб, қисқа муддатларда якунлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланганини маълум қиламиз», — дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабатида.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид