Ўзбекистон | 12:02 / 03.04.2024
3494
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Эроннинг Суриядаги консуллигига уюштирилган авиазарбани қоралади

Ўзбекистон ТИВ Исроил томонидан Эроннинг Суриядаги консуллигига қилинган ва бир неча кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳаво ҳужумини кескин қоралади. 

Фото: AP / Omar Sanadiki

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Дамашқ (Сурия)даги консуллигига уюштирилган ҳаво ҳужумини кескин қоралашини маълум қилди.

«Хорижий давлатларнинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига ҳужум қилинишини мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат ҳамда халқаро дипломатик ҳуқуқ асослари ва тамойилларини энг қўпол равишда бузилиши деб ҳисоблаймиз», — дейилади ТИВ хабарда.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг икки генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ҳоди Хожа Раҳимий Исроил томонидан Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги яқинида уюштирилган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Эрон ОАВ корпус матбуот хизматига таяниб хабар берди. Улардан ташқари корпуснинг яна беш зобити ҳалок бўлган.

Зоҳидий 2006 йилдан 2009 йилгача корпус қуруқликдаги қўшинлари қўмондони бўлган, 2017 йилдан буён корпус операцияларига раҳбарлик қилган. Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгашининг хабар беришича, умумий ҳисобда зарба оқибатида ўн бир киши ҳалок бўлган ва яна бир неча киши жароҳатланган. Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, ҳужум консуллик биносига туташ бинога амалга оширилган. Натижада бино бутунлай вайрон бўлган. 

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиённинг айтишича, Теҳрон ҳужум учун Исроилни жавобгар деб билади. Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба бериш «барча халқаро конвенцияларни бузишдир», деди Абдуллоҳиён. Исроил ҳарбийлари бу хабарларга изоҳ бермаслигини айтди. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид