Ўзбекистон | 12:58 / 11.12.2024
1743
2 дақиқада ўқилади

Франция адлия вазири «Эзгулик» жамияти раҳбарига халқаро мукофотни топширди

Кеча, 10 декабр куни Париж шаҳрида бўлиб ўтган маросимда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятига «Озодлик, тенглик, биродарлик» халқаро мукофоти топширилди. Жамият раиси Абдураҳмон Ташанов мукофотни — Франция адлия вазири Дидие Миго ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маслаҳат комиссияси раиси Жан-Мари Бургубурудан қабул қилиб олди.

Фото: Франция Адлия вазирлиги

Франция Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича «Озодлик, тенглик, биродарлик« мукофоти 1988 йилда CNCDH ташаббуси билан яратилган. Ушбу мукофотнинг мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг асосий ролини тан олишдир.

«Гарчи бу йил танланган мавзу қуролли можаролар шароитида тинч аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлса-да, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти вакилларининг муҳим роли ва халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳамма жойда ҳимоя қилиш зарурдир. Дунёда сиз инсоният учун бугун ва эртага умид йўлларини яратасиз. Сизга тақдим этилган мукофотларни ҳурматимиз, қўллаб-қувватлаганимиз ва эътироф этилганимиз далили сифатида қабул қилинг»,деган Франция адлия вазири.

Мазкур мукофот дунёнинг 5 нафар фуқаролик жамияти ташкилотига берилади. Бу галги ғолиблар орасида «Эзгулик» билан бирга Камерундаги «Манделла» маркази, Гаитидаги «Citizens» ташкилоти, Колумбиянинг Ludirlena PÉREZ CARVAJAL ташкилоти ва Суриядаги «Caesar» ташкилотлари бор.

Мавзуга оид