Ўзбекистон | 18:31 / 13.09.2022
15226
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ саммитининг асосий ҳужжати – Самарқанд декларациясида нималар акс этади?

Самарқанд декларацияси – 16 сентабр куни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши мажлисида имзоланадиган асосий якуний ҳужжат ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ШҲТ бўйича миллий координатори ушбу халқаро ҳужжатда акс этган масалалар бўйича Kun.uz'га маълумот берди.

Декларацияда ШҲТ фаолияти бўйича баҳо, ташкилотни ривожлантириш истиқболлари бўйича аъзо давлатлар ўртасида келишилган ёндашув, шунингдек, ҳозирги халқаро ва минтақавий вазият борасидаги ташкилотнинг позицияси акс эттирилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг ШҲТ бўйича миллий координатори Раҳматилла Нуримбетов Kun.uz'га маълум қилди.

Бундан ташқари, ҳужжатда ШҲТ ривожланишининг ҳозирги босқичида ўз олдидаги вазифаларини қандай кўриши кераклиги ҳақида ҳам муҳим маълумотлар мавжуд.

«Декларацияда Ўзбекистоннинг ШҲТга самарали раислиги якунлари ҳамда раислик доирасида мамлакатимиз илгари сураётган ташаббус ва ҳужжатларнинг аҳамияти ўз ифодасини топади. Шунингдек, ташкилот фаолиятини кенгайтириш ва такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади», - дейди миллий координатор.

Нуримбетовнинг маълум қилишича, декларацияда президент Шавкат Мирзиёев ўз мақоласида илгари сурган ғоялар ҳам ўз ифодасини топиши кутилмоқда.

«ШҲТни кенгайтириш масаласига келсак, айни вақтда ШҲТга аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг давом этаётган йиғилишида Беларуснинг тўлақонли аъзолик тўғрисидаги аризалари, шунингдек, ШҲТ мулоқоти бўйича ҳамкор мақомига эга бўлиш учун бир қатор давлатлар, хусусан араб давлатларининг аризалари кўриб чиқилмоқда. Маслаҳатлашувлар жараёни ШҲТни янада кенгайтириш бўйича ижобий қарорларга умид қилиш имконини беради. Биз оптимистик кайфиятдамиз. Умид қиламизки, Самарқанд саммити бу борада жуда муваффақиятли ўтади», - дея Раҳматилла Нуримбетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид