Ўзбекистон | 11:59 / 14.12.2024
1850
2 дақиқада ўқилади

Медиа маҳсулотларини «маънавий экспертиза»дан ўтказишга доир қарор бекор қилинди – Адлия вазирлиги

Адлия вазирлигига кўра, медиа маҳсулотлар фақат қонунийлик юзасидан экспертиза қилиниши мумкин. Шу сабабли «маънавий экспертиза»дан ўтказишга доир қарор ижродан чақириб олинган. Маънавият ва маърифат маркази мутахассисларига эса қонунчиликка зид медиа-маҳсулотлари юзасидан ваколатли органларга таклиф киритиш тавсия қилинди.

Адлия вазирлиги медиа маҳсулотларини «маънавий экспертиза»дан ўтказишга доир ҳужжатда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи умуммажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий нормалар белгиланганлиги аниқлади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ вазирлик ва идораларнинг шундай турдаги ҳуқуқий ҳужжатлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган бу турдаги ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

«Шу боис, медиа маҳсулотларини «маънавий экспертиза»дан ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарор ушбу ҳужжатни қабул қилган органлар томонидан бекор қилинганлиги ва ижродан чақириб олинганлиги маълум қилинади», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, Маънавият ва маърифат маркази мутахассисларига медиа маҳсулотларнинг амалдаги қонунчиликка зидлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш юзасидан таҳлилий фикрлар тарзида ваколатли органларга таклиф киритиб бориш ҳақида тавсия берилган.

Аввалроқ, Маънавият ва маърифат маркази сериаллар, мультфильмлар, фильмлар ва қўшиқлар «маънавий экспертизадан» ўтказилишини маълум қилган эди.

«Қайд қилинишича, мутахассислар Ўзбекистон ва хорижда ишлаб чиқарилган оммавий ахборот воситаларининг давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга мувофиқлигини ўрганади. Шунингдек, инсоний фазилатларга зид ахлоқсизлик ва одобсизлик тарғиботининг мавжудлиги ҳам текширилади», — дейилган марказ тарқатган хабарда.

Марказ экспертизадан ўтмаган медиа маҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклиф киритишини айтган.  

Мавзуга оид