Ўзбекистон | 15:11 / 06.07.2022
20147
2 дақиқада ўқилади

Тест синовлари бу йил ҳам стадион ва хиёбонларда ўтказилади

ОТМларнинг бакалавриатига ўқишга кириш учун тест синовлари кетма-кет учинчи йилдирки коронавирус сабабли стадионлар ва хиёбонларда ўтказилади.

Фото: Kun.uz

Бу – Давлат қабул комиссиясининг 1-сон баёни билан тасдиқланди, дея маълум қилди Давлат тест маркази.

Шунингдек, бу йилги жавоблар варақаси намунаси ҳам тасдиқланди.

Баёнга мувофиқ, қуйидагилар ҳам тасдиқланди:

  • 2022/23 ўқув йилида янги очилган жами 82 та бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати ва уларга мос тест синови (касбий (ижодий) имтиҳон) топшириладиган фанлар мажмуаси;
  • алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати;
  • чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган йўналишларга ўқишга киришда касбий (ижодий) имтиҳонлардан ташқари, мажбурий учта фан:

  • она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили);
  • математика;
  • Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича ДТМ томонидан тест синовлари ўтказилади.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон топширган абитуриентларга ОТМларга кириш тест синовларида чет тили фанидан белгиланган максимал баллга нисбатан фоиз ҳисобида табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон топшириладиган йўналишларни танлаган абитуриентларга фақат 6 та ОТМнинг тегишли таълим йўналишлари доирасида бештагача таълим йўналишларини танлаш имконияти берилади.

Бунда, чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон топширадиган абитуриентларга чет тили фанидан тест синовлари топшириладиган таълим йўналишларни танлашга йўл қўйилмайди.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид