Ҳайдовчилик гувоҳномасининг муддати ўтиб кетса, нима бўлади?
Гувоҳномани вақтида алмаштирмаганлик учун жарима йўқ, лекин муддати ўтиб кетган гувоҳнома билан автомобил бошқариш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин бир йил ичида янгиси олинмаса, ҳайдовчи имтиҳон топширишига тўғри келади.
ИИВ ЙҲХХ Ахборот хизмати раҳбари Азизхон Муродов Kun.uz мухбирининг саволига жавобан ҳайдовчилик гувоҳномаси муддатининг ўтиб кетиши ҳайдовчи учун қандай ҳуқуқий оқибатлар келтиришини тушунтириб берди.
“Ҳайдовчилик гувоҳномасининг берилган санасига қараш керак. Агар 2010 йилгача берилган бўлса, улар 2022 йил 31 мартгача алмаштирилиши керак бўлади. Агар алмаштирилмаса, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 1 апрелдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агарда ушбу ҳолатда ҳайдовчи эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси билан транспорт воситасини бошқарса ва ЙПХ ходимлари томонидан ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатиб текширилганида бу ҳолат аниқланса, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади ва чора кўрилади”, – деди Азизхон Муродов.
Шунингдек, у ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақиқий эмас деб топилганидан бошлаб 12 ой давомида янгиланмаса, у ҳолда гувоҳномани янгилашдан олдин назарий ва амалий имтиҳон топширишга тўғри келишини маълум қилди.
“Вазирлар Маҳкамасининг қарорида ҳайдовчи бир йил давомида транспорт воситасини бошқармайдиган бўлса, у қайта имтиҳон топшириб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши белгиланган. Гувоҳномани алмаштириш муддати бир йилдан ўтиб кетмаслиги керак. Агар бир йилдан ўтиб кетса, унда имтиҳон топшириб олади”, – дейди ЙҲХХ расмийси.
Унинг қўшимча қилишича, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати ўтиб кетганининг ўзи жаримага тортиш учун асос бўлмайди.
Маълумот учун, автотранспорт воситаларини тегишли ҳужжатларсиз бошқариш МЖТК 135-моддасига асосан БҲМнинг бир баравари (270 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, ушбу ҳолат МЖТК 291-моддасига кўра, ҳуқуқбузар автомобилининг жарима майдонида ушлаб турилишига асос бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини қуйидаги муддатларда янгисига алмаштириш белгиланган:
- 2010 йилгача берилгани – 2022 йил 31 мартгача;
- 2010 – 2012 йилларда берилгани – 2022 йил 30 июнгача;
- 2013 – 2015 йилларда берилгани – 2022 йил 30 сентябргача;
- 2015 йилдан кейин берилгани – 2022 йил 31 декабргача.
Мавзуга оид
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
13:39 / 08.12.2024
Автоҳалокат туфайли келиб чиққан можаро бир инсон умрига зомин бўлди
10:06 / 24.11.2024
Ҳалоллик мукофоти: йўлдан топилган 5 минг долларни эгасига қайтарган ҳайдовчи ҳақида ҳикоя
18:44 / 12.11.2024