Жамият | 19:37 / 15.08.2022
20549
2 дақиқада ўқилади

Магистратурада ўқиётган хотин-қизлар 15 сентябргача ариза бермаса, контракт пули тўлаб берилмайди

Давлат олийгоҳларининг магистратурасида ўқиётган хотин-қизларнинг тўлов-контрактини давлат бюджетидан тўлаб бериш тартиби тасдиқланди. Жараён автоматлаштирилмаган: талабгорлар 15 сентябргача ректорга ариза бериши керак, ундан кечикканларнинг аризалари кўриб чиқилмайди ва уларнинг контракти қоплаб берилмайди.

Фото: Kun.uz

2022 йил 7 март куни имзоланган президент фармони асосида, 2022/23 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини давлат бюджетидан қоплаш белгиланган эди.

Бу янгиликни амалга жорий этиш тартибини белгиловчи ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, давлат ОТМларининг магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган ва ўқиётган хотин-қизларга базавий тўлов-контракт (стипендиясиз) суммалари тўлиқ тўлаб берилади.

Бунинг учун талабгорлар ўзлари таълим оладиган ОТМ ректори (филиал директори) номига 15 сентябрига қадар ариза билан мурожаат қилиши керак. Шу асосда ректорлар (филиал директорлари) ҳар йили 15 октябргача тегишли буйруқни қабул қилади.

Маълум қилинишича, 15 сентябрдан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди ва тўлов-контракт суммалари қоплаб берилмайди.

Бу тартиб давлат олийгоҳлари билан бирга, қуйидагиларга нисбатан ҳам татбиқ этилади:

  • Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси;
  • Бош прокуратура Академияси;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби;
  • Банк-молия академияси.

Бу тартиб нодавлат ОТМлар ва хорижий ОТМларнинг Ўзбекистондаги филиалларида магистратура босқичида таҳсил олаётган талаба хотин-қизларга нисбатан тадбиқ этилмайди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид