Kun.uz огоҳлантирган “автолизингчилар” қамоққа олинди
ИИВнинг маълум қилишича, Kun.uz ўтказган журналистик суриштирувда тилга олинган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорлари фуқаролардан кирим қилган 1,7 млрд сўмни пластик карталарга ўтказиб, нақдлаштириб олган. Айни вақтда ушбу фирма мансабдорларига нисбатан жуда кўп миқдорда фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Фирма раҳбари ва унинг шериги эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. МЧЖдан жабр чекканлар ИИВ Тергов департаментига мурожаат қилиши мумкин.
“Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Маълум қилинишича, Kun.uz суриштирувидан сўнг ИИВ Тергов департаменти томонидан “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖнинг молиявий-хўжалик фаолияти ўрганилган.
“Жамият 31 октябр куни давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, низом жамғармаси 10 млрд сўм қилиб белгилаб олинган. Ваҳоланки, ушбу низом жамғармаси жамият таъсисчилари томонидан шакллантирилмагани аниқланган.
Бундан ташқари, жамият томонидан 52 нафар шахс билан автотранспорт воситалари етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган. Ушбу шартномалар асосида 1,7 млрд сўм пул маблағлари жамият ҳисобрақамига кирим бўлган. Мазкур пул маблағлари пластик карталарга ўтказиш йўли билан нақдлаштириб юборилган. Фуқаролардан жалб қилинган пул маблағлари ҳисобидан автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи дилерлик корхона ва ташкилотлар билан шартнома тузилмагани ҳамда автотранспорт воситаларини харид қилиш билан боғлиқ операциялар амалга оширилмагани аниқланган.
ИИВ Тергов департаменти томонидан мазкур жамиятга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида жамият раҳбари Йўлдошев ва унинг шериги Мамажоновга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган”, дейилади ИИВ Тергов департаменти хабарида.
Қўшимча қилинишича, бугунги кунда 1,7 млрд сўмнинг сарфланишини ўрганиш мақсадида жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш тайинланган.
“Halal Auto Leasing kompany” МЧЖга машина учун тўловни амалга оширган ва жамиятнинг фаолиятидан жабр кўрган фуқаролардан ИИВ Тергов департаментига мурожаат қилиши сўралмоқда.
Мурожаатлар учун телефон (71) 231-33-94.
Мавзуга оид
18:20 / 16.12.2024
Damasʼдан Kia Sonetʼгача: “Halol Avtolizing”чилар юзлаб одамни алдагани маълум бўлди
08:58 / 12.12.2024
Kun.uz суриштирувидан сўнг: “Halal Auto Leasing” фирибгарлик схемасига нисбатан тергов бошланди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
19:17 / 25.09.2024