Жаҳон | 11:03 / 23.08.2025
10650
2 дақиқада ўқилади

Трамп ҳарбий кемалар юборганидан кейин Венесуэлада сафарбарлик эълон қилинди

Президент Николас Мадуро «армия, халқ ва полициянинг максимал бирдамлиги»ни эълон қилиб, ҳарбий сафарбарликни бошлади.

Фото: AP

Венесуэла президенти Николас Мадуро АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларини Лотин Америкаси наркокартелларига қарши курашга қўшилганидан кейин «армия, халқ ва полициянинг максимал бирдамлиги» ҳақида эълон қилди.

Вашингтонда боши учун 50 миллион доллар мукофот эълон қилинган Мадуро «мамлакат суверенитети ва тинчликка» тажовузлардан ҳимояланиш учун захирадагиларни чақириш ва кўнгиллиларни ёллашни бошлади.

Қуролли кучлар бош қўмондони ҳам бўлган Мадуро дам олиш кунлари миллий милицияга чақирув эълон қилиб, «барча захирадагилар ва кўнгиллиларни» мудофаа кучларига ёллашни эълон қилди.

Чақирув мамлакатдаги ҳарбий қисм ва казармаларда, майдонларда, шунингдек, 16 мингга яқин Халқ умумий мудофааси кучлари базаларида бўлиб ўтади.

Ҳафта бошида АҚШ Венесуэла қирғоқларига бошқарилувчи ракеталарга эга учта эсминец, 4 минг денгизчи ва денгиз пиёдалари, разведка самолёти ва зарба берувчи сув ости кемасини юборди. Трамп АҚШда глобал террорчилик ташкилотлари деб тан олинган Лотин Америкаси наркокартелларига қарши курашиш учун денгиз флотидан фойдаланишга қарор қилди.

Америка маъмуриятининг фикрича, Мадуро наркокартелларга ҳомийлик қилади. У АҚШга ўлимга олиб келадиган гиёҳванд моддалар, жумладан, кокаин ва фентанил етказиб беришни таъминлаш учун «хорижий террорчилик ташкилотларидан» фойдаланади, деди АҚШ бош прокурори Пэм Бонди.

Июль ойида Трамп маъмурияти наркокартеллар ва Мадуро ҳукуматига қарши санкциялар эълон қилганди.

Вашингтон, шунингдек, Мадуронинг президентлик сайловидаги иккита ғалабасини тан олмайди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид