Жаҳон | 18:55 / 08.08.2025
4966
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэла президентини ҳибсга олиш учун мукофотни 50 миллион долларгача оширди

Давлат департаменти Мадурони гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси учун масъул бўлган «De Los Soles» картелининг раҳбари деб ҳисоблайди.

Фото: Getty images

АҚШ Адлия вазирлиги Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳибсга олишда ёрдам берадиган маълумот учун мукофотни икки бараварга оширди - 25 миллион доллардан 50 миллион долларгача. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабарида айтилган.

Баёнотга кўра, Мадуро ўн йилдан ортиқ вақтдан бери АҚШда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси учун масъул бўлган «De Los Soles» картелининг етакчиси ҳисобланади.

2020 йилда АҚШ Мадуро ва унинг иттифоқчиларига қарши гиёҳванд моддалар савдоси бўйича айбловларни илгари сурган эди.

Мадуро бир неча бор Американинг даъволарини туҳмат деб атаб, айбловларни рад этган ва Вашингтон гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни камайтиришга кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини айтган.

Қўшма Штатлар Мадуронинг 2024 йилги президент сайловидаги ғалабасини ноқонуний деб ҳисоблайди ва уни ҳибсга олиш учун ордер берган. Венесуэла етакчиси 2013 йилдан буён ушбу лавозимда ишлаб келмоқда ва мамлакат сайлов органлари ва олий суди томонидан июл ойидаги сайловда ғолиб деб эълон қилинган. Бироқ овоз бериш жараёнининг батафсил баённомалари ҳеч қачон эълон қилинмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид