Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сув хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш концепцияси тасдиқланади
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш концепцияси тасдиқланади
Фото: KUN.UZ
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини 2020–2030 йилларда ривожлантириш концепцияси;
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини 2020–2030 йилларда ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си тасдиқланади.
Қуйидагилар Концепцияни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланади:
барча ер усти, ер ости ва қайтар сувларни интеграллашган ҳолда бошқариш тамойилларини кенг жорий қилиш орқали иқтисодиётнинг барча тармоқларини ўрта ва узоқ келажакда сув билан барқарор ва кафолатли таъминлаш, шунингдек сувдан самарали ва оқилона фойдаланиш, унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш;
замонавий сув тежовчи суғориш технологиялардан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувни тежаш усуллари ва технологияларини жорий этган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизимини янада ривожлантириш;
сув омборлари, гидроузеллар, канал ва коллекторлар, насос станциялари ва бошқа сув хўжалиги иншоотларини ишчи ҳолатда сақлаш, уларни модернизация қилиш ва техник хавфсизлигини таъминлаш ҳамда суғориш тизимларида сув йўқотилишини камайтиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, энергия тежовчи ва энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали уларнинг унумдорлигини ошириш, сизот сувларини мақбул сатҳларда сақлаб туриш, тупроқ шўрланишига қарши курашишнинг самарали усулларини жорий этиш;
сув хўжалигида бозор тамойилларини жорий этиш, давлат-хусусий шерикчилик механизмларини ва аутсорсингни жорий этиш ҳамда хорижий инвестицияларнинг салмоғини кўпайтириш ҳисобига сув хўжалигининг молиявий барқарорлигини ошириш;
сув хўжалигини бошқариш тизимини мақбуллаштириш, республика сув ресурсларини бошқариш ва сув етказиб бериш хизматларини кўрсатиш бўйича фаолият юритаётган давлат органларининг функциялари, вазифалари ва ваколатларини аниқлаштириш ва қайта тақсимлаш бўйича тавсияларни халқаро услубларга мувофиқ равишда ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали сув хўжалигини давлат томонидан бошқариш тизимини такомиллаштириш;
трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган минтақанинг трансчегаравий сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг ўзаро мақбул механизмларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш;
сув ресурсларини бошқаришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнларини, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизимини автоматлаштириш;
сув хўжалиги соҳасига кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалигида илмий ва инновацион салоҳиятни ривожлантириш, илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни жорий қилиш, соҳада лойиҳалаштириш ишларига халқаро стандартларни жорий этиш.
Сув хўжалиги вазирлиги Концепцияда белгиланган вазифаларни ва тадбирларни амалга ошириш орқали 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришишни таъминлайди:
суғориш тизимларининг фойдали иш коэффицентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;
сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ерлар майдонини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;
сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 8,0 млрд.кВт.с-дан 6,0 млрд.кВт.с-га камайтириш;
қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган умумий майдонни 2,0 миллион гектаргача, шу жумладан томчилаб суғориш технологиясини 500 минг гектаргача етказиш;
суғориладиган жами шўрланган майдонларни 1935 минг гектардан 1603 минг гектарга, ўрта ва юқори шўрланган ерларни 607 минг гектардан 258 минг гектаргача қисқартириш;
"Ақлли сув" ("Smart Water") автоматлаштирилган сув ўлчаш ва назорат қилиш тизими жорий этилган сув хўжалиги объектлар сонини 1000 тагача етказиш;
100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳаларни амалга ошириш.
Белгиланишича, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг электр энергияси истеъмолини босқичма-босқич камайтириш ҳамда сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари, аутсорсинг ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ҳисобидан тежаладиган маблағлар сув иншоотларини модернизация қилиш, сув хўжалиги ташкилотлари моддий-техник базасини кучайтириш ва ходимларининг ойлик иш ҳақларини босқичма-босқич оширишга йўналтирилади.
Сув хўжалиги вазирлиги фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатларида бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирлик тузилмасида қўшимча 4 та штат бирлигидан иборат масъул бошқарма ташкил этади ҳамда хорижий экспертлар жалб этилишини таъминлайди.
Хорижий экспертларни жалб этиш вазирликнинг бюджетдан ташқари ҳамда халқаро молия институтларининг грант ва техник кўмак маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланади.
Мавзуга оид
17:48 / 26.12.2025
Байрамларнинг ғоявий-маънавий мазмуни янада кучайтирилади
19:16 / 15.12.2025
Тошкентда халқаро сув ҳафталиги ўтказилади
18:45 / 16.10.2025
Россияда 2026-2030 йилларга мўлжалланган давлат миграция сиёсати концепцияси тасдиқланди
18:08 / 10.10.2025