Иқтисодиёт | 16:31 / 26.11.2020
21151
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлмаган мамлакатларга қорамол экспортини тақиқлади

Қирғизистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини Евроосиё иқтисодий иттифоқи божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга вақтинчалик тақиқ жорий этиш тўғрисидаги қарор қабул қилган. Бу ҳақида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2020 йил 23 ноябр куни Марказий банкка юборган хатида маълум қилинган.

«Олинган маълумотларга кўра, Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг 2020 йил 19 ноябрдаги «Қирғизистон Республикасидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини Евроосиё иқтисодий иттифоқи божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга (экспортга) вақтинчалик тақиқ жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини, шу жумладан, тирик қорамоллар, қўй ва эчкиларни 6 ой муддат давомида экспорт қилишга вақтинчалик тақиқ жорий қилинган», дейилади қўмита хатида.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мазкур хатда хорижий ҳамкорларга тўловни амалга оширмаслик ҳақида тижорат банкларини огоҳлантирган.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда иқтисодий муаммолар ва кутилмаган зарарларнинг олдини олишда кўмаклашиш мақсадида Қирғизистон Республикасидан қарор иловасида келтирилган чорвачилик товарларини, шу жумладан, қорамол, қўй ва эчкиларни олиб келиш бўйича Ўзбекистон Республикаси хўжалик юритувчи субъектлари томонидан имзоланган импорт шартномаларга мувофиқ хорижий ҳамкорларга тўловларни амалга оширмаслик бўйича республикада фаолият юритаётган тижорат банкларига тегишли кўрсатмалар берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», дея тижорат банкларини огоҳлантирган қўмита.

Бундан аввалроқ, Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати 26 ноябр кунидан бошлаб Россия Федерациясига Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳудудидан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид