Ўзбекистон | 10:50 / 05.10.2025
9731
8 дақиқада ўқилади

 “Тўлқинли” йўллар: асфалтдаги дўнгликлар бартараф этиладими?

Ўзбекистон йўлларида деформацияга учраган асфалтдаги тўлқинсимон нотекисликлар (халқ тилида “гармошка”) кўп учрайди. Айрим жойларда бундай дўнгликларнинг баландлиги ҳайдовчини қўрқитиб юборади ва ЙТҲларга ҳам сабаб бўлади. Муаммо шаҳар йўлларида ҳам, шаҳарлараро магистралларда ҳам бирдек долзарб. Хўш, гап асфалтнинг сифатидами ёки юк машиналарида? Kun.uz ҳайдовчилар ва масъулларга микрофон тутди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бир неча йил олдин Қашқадарёнинг Муборак туманида асфалт йўлнинг тўлқинсимон нотекислиги (“гармошка”) бор жойда мудҳиш ЙТҲ рўй бериб, 8 киши ҳалок бўлган эди. Ва бу муаммо ҳозир ҳам актуаллигича турибди.

“Гармошка”лар нафақат шаҳарлараро йўлларда, балки шаҳарлар ичкарисида ҳам кўп учрайди. Тошкент ҳалқа йўлида Kun.uz билан суҳбатлашган ҳайдовчилардан бири бундай нотекисликлар авария хавфини оширишини айтади.

“Светофорга яқинлашаётганда машиналар жуда ноқулай тўхтайди. Ёнингиздаги машина бўлса, гармошка ҳисобига манёвр қилиш қийин. Ёки айримлар гармошкани кўриб, бирдан тормоз бериб қолади, авариявий ҳолатлар юзага келади”, – дейди суҳбатдош.

Тошкент автовокзалидан вилоятларга қатнайдиган таксичилар билан ҳам суҳбатда бўлдик.

“Гармошкалар Сирдарёда кўпроқ. Олдимизда қиш, қишда унақа нарсалар жуда кўп бўлади. Гармошкадан қочаман деб кимнидир қисиб юборади ё туртиб олади, ағдарилиб кетади, баллонлари дам қўйиб юборади... Ўзим неча марта гувоҳи бўлганман. Мен ҳам ўтган йили баллонимни йиртиб олдим”,дейди ҳайдовчилардан бири.

“Жиззахдан қатнаймиз. Трассага чиққандан кейин Тошкентга келгунча жуда кўп. Сирдарёда, Бахтда бор, ямалар кўп. Баллонга зарар етади, диска қийшаяди. Ҳозирги баллонлар камирсиз, битта ямага тушсак бўлди, дам қўйяпти-да. Мисол учун, Бахтдан бурилгандан кейин гармошка жуда кўп. Гагариндан Дўстликка боргунча ҳам йўллар ўта ёмон, гармошка. Авария кўп бўлади, тойиб кетамиз. Олдинги йили шахсан ўзим шу бетонкада гармошканинг касрига қолдим”, – дейди бошқа бир ҳайдовчи.

“Самарқанд, Иштихоннинг йўли жуда ҳам расво бўлиб кетган. Гармошкаси жуда ҳам кўп. Кейин Жиззахга киришдан то чиқишгача машиналарни сакратиб юборяпти. Гармошка келган пайтда бирдан тормоз бериб қўйсак, орқадан етиб оляпти. Одамларимиз қўрқиб, дод деб юборяпти. Асосан, ҳомиладорлар қийналяпти. Мен ҳам оилам билан Тошкентдан Самарқандга бориб келишда 5-6 та гармошкага тушдим. Аёлим ҳомиладор эди, боргандан врачга кўрсатдик. “Угрожающий” деб бир ҳафталик “лечения” ёзиб берди”, – дейди яна бир суҳбатдош.

“Бухорода ҳам бор. Қизилтепа чўлида ўтгандан кейин. Лойиш бетонкаларида. Биз бориб юрганимиз учун биламиз, лекин билмайдиган инсонларнинг баллонлари тешилиб қолади”, – дейди таксичилик билан шуғулланувчи ватандош.

Масъуллар нима дейди?

Транспорт назорати инспекцияси Қурилиш ишларини назорат қилиш бошқармаси бош инспектори Дониёрхўжа Пўлатов йўллардаги нотекисликларга кўпроқ юк автомобиллари сабаб бўлаётганини айтди.

“Умумфойдаланувдаги автомобил йўлларида ҳосил бўлаётган силжишларнинг асосий сабабларидан биттаси – оғир юк автомобиллари. Чунки ушбу қопламаларнинг юк кўтариш қобилияти 13 тоннагача мўлжалланган. Ҳозирги вақтда битта ўқига 30 тоннагача юк олиб ҳаракатланаётган транспорт воситалари бор. 3 баробаргача оғир юк тушиши натижасида асфалтда силжишлар, ўйилишлар, бузилишлар ҳосил бўляпти”, – дейди Пўлатов.

Унинг сўзларига кўра, сифатсиз бажарилган қурилиш ишлари ҳам нотекисликларга сабаб бўлиши мумкин. Пўлатовнинг айтишича, 2025 йилнинг 9 ойида 19 млрд 300 млн сўмлик сифатсиз йўлқуриш ишлари аниқланган. 2024 йилнинг худди шу даврида бу кўрсаткич 16,9 млрд сўм бўлган.

Дониёрхўжа Пўлатовнинг айтишича, инспекция йўллардаги дўнгликлар айнан нимадан келиб чиқаётганини илмий асос билан исботлаш таклифини тайёрламоқда. Бу тез орада Автомобил йўллари қўмитасига тақдим этилади.

“Бу таклифимиз силжишлар ҳосил бўлган асфалт қопламаларни текширишни илмий иш даражасигача кўтариш. Бир неча объектларни танлаб, раҳбарият билан келишдик. Шу объектларда айнан нима сабабдан шу ҳолатлар юзага келаётгани бўйича Автомобил йўллари қўмитасига бевосита мурожаат хатимизни тайёрлаяпмиз. Автомобил йўллари қўмитаси таркибида илмий-тадқиқот институти бор. Шу институтнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларидан айнан шу ҳолатга нима сабаб бўлаётгани бўйича илмий асослар сўрамоқчимиз.

Чунки фақат юк машинасининг ҳаракатидан ҳосил бўлмаслиги ҳам мумкин. Балки бошқа сабаблар бордир. Балки асфалт-бетон маҳсулотимизнинг таркибини ўзгартирармиз”, – дейди у.

Йўллардаги нотекисликларни камайтириш учун юк автомобилларининг оғирлигини ўлчайдиган стационар ва кўчма тарозилар ташкил этилган. Лекин уларнинг сони кўп эмас, республика бўйича 50 тача. Транспорт назорати инспекцияси ахборот хизмати бошлиғи Фирдавс Хайриддиновнинг сўзларига кўра, 100 тоннадан ортиқ юк билан ҳаракатланган автомобиллар ҳам учраб турибди.

“Стационар тарозилар Бухоро, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қамчиқ довонидан чиққанда бор. Кўчма тарозилар қаерда қоидабузарликлар кўп бўлса, ўша жойга ўтказилади ва рейд тадбирлари ташкил этилади. 2025 йилнинг 9 ойлик ҳисоботини оладиган бўлсак, 560 мингдан зиёд юк автомобиллари тарози назоратидан ўтказилган ва улардан 10 500 тасидан ортиғи белгиланган меъёрларни бузгани аниқланган ва уларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланган.

Барча давлатларда юк автомобилларига қўйилган меъёрлар бор. Йўл қанчалик сифатли қурилмасин, ўша меъёрга амал қилинмаса, тезда бузилади. Рейдлар давомида 100 тоннадан ортиқ юк билан ҳаракатланганлар ҳам қайд этилган. Кўпинча рейдларда кузатамиз, ҳайдовчи тарозидан ўтказмаса ҳам юки оғирлигини ҳаракатланаётган пайт билади, чунки бу юк автомобилини ҳайдашда ҳам билинади. Ҳаммада ижтимоий тармоқлар бор, қаердадир тарози назорати қўйилган, дейишади, кейин унга яқин бўлган жойда атайин тўхтаб туриш ҳолатлари бор”, – дейди Хайриддинов.

Унинг қўшимча қилишича, дунёнинг кўплаб давлатларида, хусусан, Ўзбекистон йўлларида максимал 44 тоннагача бўлган юк билан ҳаракатланиш мумкин. Бироқ ҳозирча буни доимий назорат қилиш ва барча қоидабузарларни аниқлаб, жарима қўллашнинг имкони йўқ. Хайриддиновга кўра, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда вазн ва ҳажм параметрлари назоратининг автоматлаштирилган WIM тизими йўлга қўйилади. У инсон омилисиз бўлиши кутилмоқда. Ҳозирда шундай тизимлардан бири Тошкендаги “Роҳат” пост олдида қурилмоқда. Тизимлар босқичма-босқич кўпайиб бориши кутиляпти.

Бундан ташқари, куни кеча жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида, оғирлиги 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари учун алоҳида давлат рақам белгиларини жорий этиш кўзда тутилган. Бу орқали энг оғир транспортларни йўлларда осон ажратиб олиш имкони пайдо бўлади.

Инспекция вакили Дониёрхўжа Пўлатовга кўра, республика бўйича кўчма тарозилар сонини ошириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Бу ҳақдаги таклиф Автомобил йўллари қўмитасига киритилган.

Пўлатовдан дўнгликлар ҳосил бўлган йўлларни таъмирлаш масаласи ҳақида сўрадик. У бу ишга “Ўзавтойўл” ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ваколатли эканини айтди.

Тайёрлаган:  Ўроқбоев Шаҳзод

Мавзуга оид