Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Олтин” авторақамлар даври ва АЭС биқинидаги “сифатли ҳаёт” ваъдаси — ҳафта дайжести
“Чиройли” авторақамлар юз баробарга арзонлашди, энди “77 777777” рақами ҳам пайдо бўладими? Ўзатом директорининг баёноти: жиззахликлар АЭС қурилишини интизор кутяптими? Ўзбекистон қарз олиш суръати бўйича минтақада етакчи: ялпи ташқи қарз 72 млрд доллардан ошди. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.
“Чиройли” авторақамларнинг ҳаммаси энди 7 млн сўм
Аукционларда 1,5 млрд сўмгача нархда сотиб келинган “чиройли” авторақамлар нархи энди 7 млн сўм. 1 октябрдан эътиборан харидоргир рақамларнинг аукционсиз, тўғридан тўғри очиқ савдоси бошланди. Бундан буён “777”, “555”, “111” каби рақамларни ҳам БҲМнинг 17 баравари, яъни 7 млн сўмга сотиб олса бўлади. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори ўтган ойда қабул қилинган эди.
Ҳозирча, аввал аукционга чиқарилган, лекин сотилмаган рақамлар сотувда турибди. 1 январдан бошлаб барча комбинациялар тўлиқлигича сотувга қўйилади. Бунда, энг харидоргир рақамлар ҳам ҳаммага етади: мисол учун, тошкентликлар “01 ... 111”, қашқадарёликлар эса “70 ... 777” рақамларининг ҳарф комбинацияларидан 90 фоизини сотиб олиб қўйса, у ҳолда ҳудудий коднинг кейингисига ўтилади: Тошкентда “02”, Қашқадарёда эса “71”дан бошланувчи “чиройли” авторақамлар пайдо бўлади.
Шу тариқа, 1 январдан кейин авторақамларнинг нархи бўйича уч хил тоифаси пайдо бўлади. Биринчи тоифа – эркин танловсиз тасодифий тартибда бериладиган, 1,5 млн сўмлик базавий нархдаги “оддий” рақамлар. Иккинчи тоифа – 7 млн сўмга сотиб олинадиган “чиройли” рақамлар. Учинчи тоифа эса, 6 тагача ҳарф ва (ёки) рақамлардан иборат, исмлар ёки сўзлар шаклидаги янгича давлат белгилари. Бунда, авторақамига “ESHMAT”, “SHOX07”, “BUXORO” ёки “ONAMGA” деб ёздирмоқчи бўлганлар, бу ҳуқуқни аукционда ютиб олишига тўғри келади. Ҳукумат қароридан келиб чиқилса, олтита 7 (“01 777777”) шаклидаги авторақамлар ҳам аукционга чиқарилиши мумкин. Шундай бўлган тақдирда, бир неча ой олдин “777 ZZZ” рақами учун аукционда 1,5 млрд сўм нарх таклиф қилингани – ҳолва бўлиб қолиши аниқ.
Бундай ностандарт авторақамга эга машина бошқа шахсга сотилганда, унинг рақами билан нима бўлиши – ҳозирча маълум эмас. 7 млн сўмлик рақамларни эса, рақам эгаси 3,5 млн сўм тўлаган ҳолда, уни ўз номида сақлаб қолиши мумкин. Шунингдек, сиз сотиб олаётган автомобилда аллақачон “чиройли” рақам турган бўлса, 7 млн сўмга янгисини олиш ўрнига, 3,5 млн сўм тўлаб машинада тақилиб турган рақамни ўзгартирмай қолдирса бўлади. Лекин “чиройли бўлмаган” рақамга эга автомобил олди-сотдисида бунинг иложи йўқ: харидор 1,5 млн сўм тўлаб янги ва тасодифий рақам олишга мажбурлигича қолади. Чиройли рақамга қизиқмайдиганлар ёки унга пули етмайдиганлар учун, 750 минг сўм эвазига машина рақамини ўзгартирмай олиб қолиш имконияти кўзда тутилмаган.
Ҳайдовчиларга оид бошқа янгиликлар
Келаси ойда ҳайдовчиларни яна бир енгиллик кутмоқда. Президент қарорига асосан, 1 ноябрдан эътиборан автомобилига газ баллон ўрнатган ҳайдовчилар техпаспортини алмаштириши шарт бўлмайди. Бунда, автомобилга газ баллони ўрнатилгани ҳақидаги маълумот электрон шаклга ўтказилади ва янги гувоҳнома олиш талаби бекор қилинади. Шу тариқа, ҳайдовчилар 288 минг сўмлик харажатдан қутуладиган бўлди. Айни пайтда, машинага газ ўрнатиш учун рухсатнома олишдаги 124 минг сўмлик тўлов сақланиб қолади.
Ҳафта давомида автомобилларга оид яна бир ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унга кўра, 2026 йилдан эътиборан ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган машиналардан фойдаланишни тақиқлаш таклиф этиляпти. Бунга сабаб – улар хавфсизлик талабларига ва экологик меъёрларга жавоб бермайди. Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда ёши 50 дан ошган машиналар сони салкам 88 мингтани ташкил этади. Улар орасидан антиквар деб топилганларига алоҳида ҳуқуқий мақом ва тилларанг фондаги алоҳида авторақамларни жорий этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, оғирлиги 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари ва очиқ конларда ишловчи самосваллар учун ҳам алоҳида давлат рақам белгилари жорий этилиши мумкин. Бу – ушбу турдаги транспортларни йўлларда осон ажратиб олиш мақсади билан изоҳланяпти.
Шунингдек, юк машиналарининг тунги вақтда йўл ёқасида тўхтаб тургани учун жавобгарлик белгилаш ҳам таклиф этилмоқда. Маълум қилинишича, 2024 йилда шундай ҳолатлар 113 та ЙТҲга олиб келган ва уларда 47 киши ҳалок бўлган.
Ўзбекистон – ташқи қарз олиш суръати бўйича минтақада етакчи
2025 йил 1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72 млрд доллардан ошди. Шундан 36,8 млрд доллари – давлат ташқи қарзи бўлиб, бу миқдор бир йил ичида 6 млрд долларга кўпайган.
Айни пайтда, асосан давлат корхоналари ҳиссасига тўғри келадиган корпоратив ташқи қарзлар давлат қарзидан ҳам тезроқ ўсяпти. Хусусан, 1 июл ҳолатига корпоратив ташқи қарз 35,4 млрд долларга етиб, давлат ташқи қарзини ортда қолдириш арафасида турибди. Таққослаш учун, биринчи ярим йилликда давлат ташқи қарзи 2,7 млрд долларга кўпайган бўлса, корпоратив ташқи қарзлар 5,2 млрд долларга ошган.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ялпи умумий қарзнинг ўсиш суръати бўйича Марказий Осиёда мутлақ етакчилик қиляпти. 2020 йилдан кейинги даврда Қозоғистон ва Тожикистоннинг ялпи ташқи қарзи 5-6 фоизга, Қирғизистонники 42 фоизга ўсган. Худди шу даврда, Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи 2,1 баробарга кўпайган.
Муҳим жиҳати шундаки, давлат кафолати остида олинаётган қарзларнинг катта қисми аниқ бир лойиҳаларга эмас, давлат бюджети тақчиллигини қоплашга ишлатиляпти. Охирги вақтларда геосиёсий шарт-шароитлар туфайли қарз олиш ниҳоятда қимматлашиб кетган. Демак, модомики давлат бюджети юқори фоизлардаги ташқи қарзлар ҳисобидан тўлдирилаётган экан, бюджет харажатлари ҳам шунга мувофиқ тарзда оқилона бўлиши керак. Лекин бунинг аксини кўрсатувчи мисоллар жудаям кўп.
Масалан, шу ҳафта Тошкент шаҳрида гул кўчатлари экиш учун яна 10 млрд сўм ажратилди. Бюджет бу умумий қозон эканидан келиб чиқиб, олинган ташқи қарзларнинг 1 млн долларга яқин қисми гул экиш учун ишлатилди десак ҳам бўлади. Демакки, пойтахт кўчалари ва хиёбонларида экилган гулларга кўзингиз тушганида, бемалол айтишингиз мумкин: бу гулларни кўриб кўзим қувнаши – текинга эмас, бунинг нархини эртага фарзандларим, ўз солиқлари ҳисобидан тўлайди.
АЭС сабаб Жиззахда “ҳаёт сифати каррасига ошади”ми?
Ўзатом директори Азим Аҳмадхўжаев ўтган ҳафта Москвадаги форумда АЭС масаласи бўйича жиззахликлар номидан баёнот бериб келгани маълум бўлди. Унинг сўзларидан гўёки вилоят аҳолиси Россия билан ҳамкорликдаги АЭС лойиҳасини сабрсизлик билан кутаётгандек тасаввур уйғонади.
Аҳмадхўжаевнинг айтишича, жиззахликлар АЭС лойиҳаси масъулларидан: “Қачон? Қачон энди бошлайсизлар?” деб сўраётган экан. Аҳоли орасида лойиҳа тезроқ бошланиши учун “қўлидан келганча ёрдам бераётганлар” ҳам бор экан. “Нега? Чунки улар бу лойиҳанинг мултипликатив самарасини тушунишяпти: минтақага ҳам, умуман вилоятга ҳам ҳамма йўналишлар бўйича тараққиёт келади”, дейди Ўзатом раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, АЭС лойиҳаси амалга оширилса, Жиззахда “ҳаёт сифати каррасига ошади”. Чунки у ерда станциялар билан бирга, ижтимоий ва инфратузилма объектлари ҳам қурилади. Қолаверса, Азим Аҳмадхўжаев жиззахликлар ўз ватанини ташлаб, ҳеч қаерга кетмоқчи эмаслигини ҳам қўшимча қилган.
“Биз уларнинг ҳеч қаерга кетишни хоҳламаётганини аниқ-равшан кўриб турибмиз. Улар бу ривожланишнинг иштирокчиси ва ушбу йўналишда биринчи бўлишни хоҳлашяпти”, – дея Жиззах аҳолисининг АЭСга муносабати ҳақида гапирган Ўзатом директори.
Ўтган ҳафта хабар берганимиздек, Россия пойтахтидаги атом ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда ҳам кичик, ҳам катта АЭСлар қуриш бўйича шартномалар имзоланди. Бу лойиҳанинг ноёблиги шундаки, дунёнинг ҳали ҳеч қаерида икки хил станция битта майдонда интеграция қилинган эмас. Котлован қазиш ишлари шу йил кузда бошланиб, аввалига кам қувватли АЭС, кейинроқ – 2033 йилга бориб, йирик АЭСнинг биринчи энергоблоки ишга туширилиши режа қилинган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг янги бош мураббийи Фабио Каннаваро бўлиши мумкин. ЎФА у билан музокаралар кетаётганини тасдиқлади. Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг маълум қилишича, тайинлов ҳақида душанба куни эълон қилиниши кутиляпти. Агар шундай бўлса, италиялик мутахассис ё 9 октябрда Кувайт билан, ё 13 октябрда Уругвай билан ўртоқлик ўйинида дебют қилиши мумкин. Каннаваро номзодини футбол жамоатчилиги турлича қабул қилаётганини таъкидлаш жоиз. Аввалроқ Йоахим Лёв, Фотиҳ Терим, Паулу Бенту ва Славен Билич номзодлари кўриб чиқилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бу ҳафта, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжон 2027 йилги ФИФА U-20 жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши аниқ бўлди.
Ўзбекистон бўйлаб баҳорда экилган дарахт кўчатларининг 27,5 миллионтаси қуриб қолди. Расмий хабарга кўра, “Яшил макон” дастури доирасида шу йил баҳорда экилган 137 миллионта кўчатнинг 27,5 миллионтаси ёки 20 фоизи қуриб қолган. Масъуллар буни об-ҳаво билан, яъни иссиқ кунлар кўп бўлгани билан изоҳлади. Шу сабабли энди дарахтларни кўпроқ кузда экишга қарор қилинган. Ҳафта давомида, шунингдек, Тошкент вилоятидаги Бўзсув каналига ифлос оқовалар оқизилгани ҳам жамоатчиликда ташвиш уйғотди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан “Тошкент сув таъминоти” масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатган.
Тошкент вилоятидаги боғчаларда заҳарланган мингга яқин боланинг деярли барчаси соғайиб, касалхонадан уйига қайтди. Расмий баёнотлардан келиб чиқилса, сўнгги 35 нафар болага 30 сентябрда, яъни заҳарланишдан 6 кун ўтиб уйига жавоб берилган. Ўша кун ҳолатига шифохоналарда фақат 3 нафар бола қолган бўлиб, улар ҳам ўткир гастроэнтеритдан тўлиқ соғайган, лекин даволаш жараёнида аниқланган олдиндан мавжуд касалликлар сабабли, уларнинг шифохонада қолиш муддати чўзилган. Ҳолат юзасидан тузилган ишчи гуруҳ оммавий заҳарланишдан кейин орадан 10 кун ўтганига қарамай, ҳамон дастлабки хулосаларни тақдим этгани йўқ.
Йилнинг энг йирик хусусийлаштириш битимларидан бири тасдиқланди. Самарқанд автомобил заводидаги 75 фоизлик давлат улуши 80 млн долларга Туркиянинг Anadolu Isuzu компаниясига сотилди. Харидор яна 80 млн доллар инвестиция киритиб, 12-18 метрли автобуслар ва электробуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мажбуриятини ҳам олган. Маълумот учун, Anadolu Group 2021 йилда Coca-Cola Uzbekistan'ни 252 млн долларга сотиб олган ва Ўзбекистон расмийлари шундан бери бу келишувни энг муваффақиятли хусусийлаштириш мисоллари қаторида санаб келади. Эслатиб ўтамиз, шу йил охиригича Ўзбекистондаги энг йирик ва монопол автозавод – UzAuto Motors'ни ҳам хусусийлаштириш бошланиши белгиланган.
Дунё бўйлаб автомобилда саёҳатга чиққан америкалик блогер Ўзбекистонда муаммога дуч келди. Camperghini Ўзбекистондан чиқиб кетиш учун Самарқанддаги “Жартепа” божхона постига келганида, машинаси мамлакатда 90 кундан ортиқ қолиб кетгани учун уни жаримага тортишган. Жаримани тўлаш учун сайёҳнинг банк картасида пули бўлган, лекин терминал ишламагани учун тўлов қилолмаган. Устига устак, виза муддати тугагани сабабли 40 км масофадаги энг яқин банкоматга ҳам боролмаган. Натижада 3 кун Lamborghini машинасида, пашшага таланиб ухлашига тўғри келган. Унинг интернетдаги мурожаатидан кейин, Божхона қўмитаси муаммо ҳал этилганини маълум қилди.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
09:00 / 21.12.2025
Энергетикада катта истеъфо ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести
19:11 / 16.12.2025
Yandex Go ҳайдовчиларининг бойкотга чорловлари муваффақиятсиз бўлди
10:00 / 14.12.2025
Нақдсиз савдо талаби, метанга чеклов ва коррупцияга қарши кластер — ҳафта дайжести
15:17 / 08.12.2025