Олий суд Бекобод прокурорини доғда қолдирди. Тадбиркор кўрган зарарни энди ким қоплайди?
Бекобод туман прокурори айрим фуқароларнинг номаълум «манфаат»ларини кўзлаб иш тутиши оқибатида ёш тадбиркор аукционда сотиб олган ер давлат захирасига қайтариб олинганди. Тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари Олий судда тикланди. Аммо...
Бекобод туманида яшовчи Ғайбулла Худойбердиевнинг давлат белгилаган шартлар асосида, онлайн аукционда қатнашиб, савдо дўкони қуриш учун 2 сотих ер сотиб олгани атрофдагиларга ёқмади. Мулк ҳуқуқи шубҳали бўлган «мулкдор»лар дарров туман прокурорига чопиб боришди.
Прокурор эса масаланинг моҳиятини чуқурроқ ўрганиб ҳам ўтирмасдан, андишанинг отини қўрқоқ қўйди чоғи, тадбиркор қонуний йўл билан сотиб олган ер участкасини давлат захирасига қайтаришга киришди. Бу ишда унга Бекобод туман маъмурий суди «кўмаклашиб» юборди. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек, осон битди. Ҳокимнинг ерни аукционга чиқариш тўғрисидаги қарори бекор бўлди, ер эса захирага қайтарилди. Бу сафар воқеанинг тафсилотларига батафсил тўхталмаймиз, зеро бу ҳақда ҳар томонлама тўла баён этилган мақоламизни ўқиган бўлсангиз керак.
Бахтсизликни қарангки, давлатдан алданиб қолмаслигига ишонган содда тадбиркор бу вақтга келиб бор-будини сарфлаб, ер участкаси устида бино қуриб қўйган эди. Олий судда иши кўрилаётганини айтиб, бузишни бироз кечиктириб туришни илтимос қилишига қарамай, бино бир зумда ер билан яксон қилинди.
Дарҳақиқат, Ғайбулланинг адолат йўлидаги курашлари Олий судда ҳали давом этиб турган бир вақтда у бунёд этган (қурилиши тугалланмаган) савдо дўкони биноси МИБ томонидан аёвсиз тарзда бузиб ташланди. Бу бузишнинг ортида танқиддан ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилган туман прокурори турган бўлса не ажаб...
Kun.uz’да мақола эълон қилингач, ушбу ҳолат Тошкент вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилиб, расмий муносабат билдирилганди. Энг қизиғи, вилоят прокурори С.И.Самадовнинг имзоси билан йўлланган бу муносабатда Kun.uz таҳририяти нохолисликда айбланди.
Бундан ташқари, вилоят прокуратураси ҳам худди туман прокуратураси каби зўр бериб, И.Сувонқуловни мулкдор ва иш бўйича манфаатдор эканини, бу қурилиш унинг манфаатларига зиён етказаётганини исботлашга уринди.
Kun.uz ҳақ бўлиб чиқди. Бекобод туман прокурорнинг “савияси” Олий судда аён бўлди
Тадбиркор Ғайбулла Худойбердиев маъмурий суднинг туман ва вилоят инстанциялари қарорларидан норози бўлиб, Олий судга назорат тартибида шикоят киритган эди. Мазкур иш жорий йил 3 сентябрь куни Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилди.
Ҳайъат қарорида, жумладан шундай сўзлар битилади:
«... Бекобод туман прокуратураси И.Сувонқуловнинг манфаатида баён қилинган ариза билан судга мурожаат қилган.
Қуйи суд мажлислари ва назорат инстанцияси суд мажлисида сўралган И.Сувонқулов фуқаро Ғ.Худойбердиевга ажратилган ер участкасининг орқасида унга тегишли бўлган савдо дўкони мавжудлигини, шунинг учун унинг манфаатлари бузилаётганини баён қилган.
Иш ҳужжатларига қараганда, И.Сувонқуловнинг фойдаланишида бўлган савдо дўкони ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади, мазкур савдо дўконининг бирон бир юридик ҳужжати мавжуд эмас, ушбу дўконга нисбатан хеч кимнинг эгалик ҳуқуқи белгиланмаган.
Фуқаро И.Сувонқулов ўзбошимчалик билан қурилган ва ноқонуний бўлган қурилмада фаолият олиб бораётган бўлса-да, туман прокуратураси унинг вужудга келмаган ва амалда мавжуд бўлмаган манфаатини кўзлаб, ариза билан судга мурожаат қилган (бу ҳақида Kun.uz ўз суриштирувида батафсил тўхталган эди – таҳр.).
Қуйи судлар томонидан туман прокуратурасининг аризасини қаноатлантиришга асос сифатида кўрсатилган барча ҳолатлар фуқаро И.Сувонқуловнинг вужудга келмаган ва амалда мавжуд бўлмаган манфаатини ва ҳуқуқларини тиклаш учун асос бўла олмайди.
Агарда туман прокуратураси айнан ушбу важларни кўрсатиб, давлат манфаатида судга мурожаат қилганида, мазкур важлар текширилиши лозим бўлар эди, лекин ўзи ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган фуқаронинг манфаатини кўзлаб келтирилган аризада эмас.
Шундай қилиб, Олий суд судлов ҳайъати ўз қарори билан Бекобод туман маъмурий суди ва Тошкент вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг тегишли қарорларини бекор қилиб, Бекобод туман прокурорининг шикоят аризасини рад қилиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори қабул қилди.
Афсуски, суднинг бу қарори тадбиркорнинг барча муаммоларига барҳам бера олмайди, чунки у қарийб 200 млн сарфлаб бунёд этган бино бузиб ташланган.
Мамлакат ичида миллионлаб ёшлар ишсиз, яна аллақанчаси иш йўқлигидан ўз ризқини ўзга юртлардан териб, минг азоб-уқубатларда юрган бир вақтда, юртда тадбиркорлик қилиб, 4-5 кишини ишли қиламан деб юрган одам шахсан прокурор томонидан синдирилса... Шунинг ўзи юрт келажагига энг катта хавф эмасми?
Президент фармони билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилаётганидан хабарингиз бўлса керак. Давлат раҳбари ва юқори идораларнинг бундай қарорга келишига шу суд судьяларининг маҳаллий ҳоким-у прокурорларнинг чизган чизиғидан чиқа олмай қолгани ҳам сабаб бўлган бўлса не ажаб...
Воқеалар ривожини кузата туриб, келгуси журналистик материалларимизда фойдаланишда асқотиб қолар, дея Тошкент вилоят прокурорига айрим саволлар билан мурожаат қилишга жазм этдик.
Бу борадаги журналистик суриштирувлар давом эттирилади.
Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
19:16 / 31.10.2024
Бекободда ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этди
17:18 / 08.07.2024
Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри судланади
15:42 / 29.06.2024
“Электросет” огоҳлантирмасдан светни ўчирса, жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда — бизнес омбудсман
08:08 / 10.06.2024