Жаҳон | 12:15 / 06.01.2024
37256
14 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Дунёнинг машҳур обидаси – Тож Маҳал заволга юз тутадими?

Тож Маҳал. Дунёнинг турли чеккаларида бу сўзни эшитган одам дарров Ҳиндистонни кўз олдига келтиради. Бундан тўрт юз йил олдин Марказий Осиёдан борган Бобурийлар сулоласи вакили Шоҳ Жаҳон қурдирган бу обида, бироз муболаға билан айтганда, дунёда Ҳиндистоннинг ўзидан ҳам машҳурроқ.

Агра шаҳрида жойлашган Тож Маҳални кўришни жуда кўпчилик орзу қилади. Ҳиндистонга ташриф буюрган турли давлат раҳбарларининг аксарияти албатта Тож Маҳалга борган.

Обида олдидаги ўриндиққа ўтириб кимлар расм тушмаган дейсиз?! АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп, ўлимидан сал аввал Малика Диана, унинг ўғли шаҳзода Уилям ва рафиқаси Кейт, Facebook асосчиси Марк Цукерберг, Владимир Путин ҳамда унинг собиқ рафиқаси Людмила, Покистон собиқ бош вазири Парвез Мушарраф, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов, АҚШ президентлари орасида биринчи бўлиб Ҳиндистонга ташриф буюрган Дуайт Эйзенхауэр кабилар Тож Маҳални бориб кўришган.

1966 йилда одамлар ҳали селфи сўзи нимани англатишини билмайдиган замонларда афсонавий “The Beatles” гуруҳи мусиқачиси Жорж Ҳаррисон Тож Маҳал олдида селфи тушган эди.

Шунингдек, Тож Маҳалга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам рафиқаси Зироат Мирзиёева билан борган ва суратга тушган.

Хўш, Тож Маҳал нимаси билан одамларни бунчалик ўзига ром этади?

Кўриниши ва архитектураси билан. Ҳа, ҳа, ишонаверинг, дунёда бундай ноёб обида бошқа йўқ. Шу сабабли ҳам у дунёнинг етти мўъжизаси рўйхатига киритилган.

Тож Маҳалнинг қурилиш тарихи 17-асрга бориб тақалади. Уни Бобурийлар сулоласи вакили Шоҳ Жаҳон 1631-1652 йиллар оралиғида севимли рафиқаси Мумтоз Маҳал шарафига қурдирган.

Тарихий манбаларга кўра, 1612 йилда асли исми Хуррам бўлган Шоҳ Жаҳон Мумтоз Маҳалга уйланганда 20 ёшда, қиз эса 19 ёшда бўлган.

1631 йилда Мумтоз Маҳал ўзининг ўн тўртинчи фарзандини дунёга келтираётиб, вафот этади. Шундан сўнг Шоҳ Жаҳон Агра шаҳри яқинида, Жамна дарёси бўйида мақбара қурдиришга қарор қилади.

Мақбара лойиҳаси Усто Аҳмад Лаҳори ва турк меъмори Муҳаммад Исохон афанди бошчилигида тайёрланади.

Мақбара мурабба тарҳли, 3 қаватли, 5 гумбазли қилиб, мармар супа устига қурилган. Унинг тўрт бурчагида 45 метр баландликдаги минора барпо этилган. Гумбаз шифтининг баландлиги 56,7 ташкил этади, гумбазнинг ўзи эса 74 метр баландликкача чўзилган.

Мақбара қурилиши 20 йилдан ошиқроқ давом этган ва унда 20 мингдан ошиқ одам, мингдан ошиқ фил қатнашган. Обидага қарийб 30 хил қимматбаҳо тошлар ишлатилган. Инглизлар Ҳиндистонни эгаллаганида уларни талон-торож қилишган.

Фото: shutterstock.com

Тож Маҳалга ишлатилган мармар тошлар ўша пайтда 300 километр узоқликдан ташиб келтирилган. Улар тонгда пуштиранг, кундузи оқ, тунда олтинранг кўринишда товланади.

Эринмаган олимлар Тож Маҳал ҳозир қурилганда қанча маблағ сарфланишини ҳам ҳисоблаб кўришган. Агар мақбара ҳозир қурилганида, бунинг учун 100 млн доллардан ошиқ маблағ сарфланган бўларди.

Мақбаранинг олд томонига фавворали ҳовуз, ҳовузнинг икки ёнида йўлак қилиниб, дарахтлар экилган. Мақбара ўртасидаги катта хонада Мумтоз Маҳал ва Шоҳ Жаҳоннинг қабри жойлашган.

Бинонинг ноёблиги шундаки, унинг устида нафақат Ҳиндистон, балки Марказий Осиё, Эрон, Туркия ва византиялик усталар ишлашган. Шу сабабли бинода турли ҳудудлар меъморларининг ўзига хос услублари ўз ифодасини топган.

XX асрда телевидение, XXI асрда эса интернет ривожлангач, Тож Маҳалнинг довруғи Ер юзининг барча бурчакларигача етиб борди. Натижада уни томоша қилиш учун келаётган сайёҳлар оқими кескин ошди. Тож Маҳал – Ҳиндистоннинг биринчи рақамли туристик маскани ҳисобланади. Уни томоша қилиш учун ҳар куни ўн минглаб одам келади.

2018 йилда Ҳиндистон ҳукумати Тож Маҳалга кириш учун тўловларни кескин оширди. Ўшангача 50 рупий тўлаб обидага кириб юрган ҳиндистонликлар нарх ошганидан сўнг 250 рупий тўлашлари белгилаб қўйилди.

Нархларнинг бир неча баробарга оширилиши аҳолининг кескин норозилига учради. Шунда ҳукумат ҳиндистонликлар учун аввалги 50 рупий нархни қолдирди.

Агар бугунги курс бўйича 1 доллар тақрибан 83 рупийлиги инобатга олинса, ҳиндистонликлар Тож Маҳални кўриш учун 60 цент атрофида, хорижликлар эса 13-15 доллар атрофида тўлов қилишади.

Тож Маҳални кўриш учун келаётган сайёҳларнинг унга кириш тўлови, меҳмонхоналарда туриш, транспорт ва бошқа харажатлари ҳисобга олинса, обида Ҳиндистонга ҳар йили салмоқли миқдорда фойда келтираётганини кўриш мумкин.

Мажмуа пойдевори эътиборга муҳтож

Шу билан бирга, ўтган асрда обида яқинида кўплаб завод ва фабрикалар қурилди. Улардан ҳавога чиқаётган чанг ва зарарли газлар Тож Маҳалнинг оқ мармарига зарар етказа бошлади. Кейинчалик, обида яқинидаги заводлар ёпилди. Бироқ шунда ҳам Тож Маҳалдаги оқ мармар ўз жилосини йўқотиб боряпти.

“Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деганларидай, кейинги йилларда Ҳиндистон ҳукумати жаҳон меъморчилигининг дурдонаси бўлган иншоотга анча эътиборсизлик қиляпти. 2018 йилда Ҳиндистон Олий суди айнан шундай айблов билан чиққанди.

Жамна дарёсининг суви камайиб, кимёвий чиқиндилар билан ифлосланиб бораётгани туфайли Тож Маҳалнинг пойдевори зарар кўрмоқда. Мармар деворлари ўз жилосини йўқотмоқда.

Унда айтилишича, федерал ҳукумат ва Тож Маҳал жойлашган Уттар Прадеш штати ҳукумати обида ҳолатини яхшилашга панжа ортидан қараб келяпти.

2018 йил май ойида мамлакат Олий суди Ҳиндистон ҳукуматига Тож Маҳал биносидаги мармар ранги ўзгариб, тўқ тусга киргани айтиб, муаммони бартараф этиш учун хориждан ёрдам сўраш ҳақида буйруқ чиқарган. Бироқ бу буйруқ бажарилмаган.

Кейинги йилларда Тож Маҳал ёнидан оқиб ўтаётган Жамна дарёсининг суви камайиши оқибатида обиданинг қизил ёғочдан қилинган пойдевори қуриб, ёрилиб кетмоқда. Бу муаммони дарёга тўғон қуриб, унинг сувини бироз кўтариш билан ҳал қилса бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу иш учун жуда катта маблағ ҳам шарт эмас. Бироқ Ҳиндистон ҳукумати шу ишни ҳам пайсалга солиб келмоқда.

Агар вазият шундай кетаверса ва зарур чоралар кўрилмаса, Тож Маҳалнинг пойдевори мармар гумбазлар ва миноралар оғирлигини кўтара олмай, емирилиб кетиши мумкин.

Тож Маҳални сотиб юбормоқчи бўлишган

2014 йилдан буён Ҳиндистонда “Бхаратия жаната парти” (Ҳинд халқ партияси) номли партия лидери Нарендра Моди ҳукуматга бошчилик қиляпти. Бу ўнгчилар партияси бўлиб, сиёсатда ҳинд миллий ўзлигига асосий урғу беради. Шу сабабли Модининг ҳукмронлик йилларида мамлакатда мусулмонларга ва тарихда уни бошқарган мусулмон подшоҳларга нисбатан салбий муносабат бирмунча ошди.

Шунингдек, Ҳиндистонда мусулмонлар томонидан қурилган бошқа турли тарихий биноларга ҳам эътибор пасайганини кўриш мумкин. 1992 йилда ҳинд миллатчилари Уттар Прадеш штатидаги Айодҳа шаҳрида Бобур томонидан тикланган қарийб 500 йиллик масжидни бузиб ташлаган эди. Улар масжид биносини ҳинд ибодатхонаси ўрнига қурилган деб даъво қилишади.

Ҳинд миллатчилари Бобур даврида қурилган қадимий масжидни ҳинд ибодатхонаси ўрнида қурилганини даъво қилиб бузиб ташлашди.

Узоқ йиллар давом этган суд жараёнларидан кейин 2019 йилда мамлакат Олий суди масжид ўрнини ҳиндларга берди. Улар эса дарҳол ибодатхона қурилишини бошлаб юборишди. Янги ибодатхона қурилишига биринчи ғиштни ким қўйди, топинг-чи?! Албатта, бош вазир Нарендра Моди.

Моди ҳукумати яқинда миллатчилик йўлидаги яна бир иши билан ҳамманинг эътиборини тортди. 2023 йил 18-22 сентябр кунлари Ҳиндистонда G20 саммити ўтказилди. Саммит бошланишидан аввал унда бўлиб ўтадиган анъанавий кечки овқатга таклифнома “Ҳиндистон президенти” номидан эмас, балки “Бҳарат президенти” номидан жўнатилган. Қолаверса саммит давомида Модининг олдидаги кўрсаткичда India эмас, Bharat деган ёзув турди.

Гап шундаки, мамлакатнинг India номи ҳиндийчадаги “Ҳиндустан” номидан олинган. Бу давлатни “Ҳиндустан” деб аташни эса бир пайтлар мусулмон форслар ёки Бобурийлар жорий қилишган. Ҳукмрон ўнгчи партияга айнан бу ҳолат ёқмаётган бўлса ажаб эмас.

Ҳиндистон бош вазири Нарендранинг олдида яқингача  India деб ёзилган кўрсаткич турарди. / Фото: Alamy
Энди Нарендра Модининг олдида Bharat ёзуви туширилган кўрсаткич қўйилаяпти. / Фото: BBC

“Бхаратия жаната парти” партияси вакилларининг радикал йўлдан кетаётганига яна бир мисол. 2017 йилда партия вакилларидан бири Сангит Сом исм-шарифли шахс Тож Маҳал обидасини тарихдан ўчириб ташлаш кераклигини айтиб чиққанди. У ушбу мажмуани “Ҳиндистон маданиятига туширилган доғ” деб атаб, уни “хоинлар қурган” деб даъво қилган.

Сўнгги йилларда Тож Маҳалга Ҳиндистон томонидан эътиборнинг суст бўлаётгани нима бўлибди?! Сал қолса, ҳукумат уни сотиб юбормоқчи ҳам бўлганди.

2018 йилда жаҳон оммавий ахборот воситаларида Ҳиндистон ҳукумати мамлакатдаги 95 та тарихий обидани хусусийлаштиришни кўзда тутувчи лойиҳа ишлаб чиққани ҳақида хабар берди. Ўшанда хусусийлаштириладиган тарихий обидалар орасида Тож Маҳал ҳам бор эди.

Ўшанда Ҳиндистон туризм вазирлиги Деҳлидаги 17-асрга тегишли Лаъл Қалъа тарихий обидасини ва мамлакат жанубидаги Андхра-Прадеш штатида жойлашган яна бир қалъани хусусий компанияга ижарага бериш бўйича 5 йил муддатга қиймати 3 млн 700 минг долларлик шартнома тузилганини эълон қилади. Шундан кейин ҳукуматнинг бошқа тарихий обидаларни ҳам хусусий компанияларга бериш ҳақидаги лойиҳаси ошкор бўлиб қолади.

Ўшанда бу иш жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлади ва вазирлик лойиҳадан воз кечишга қарор қилади.

Малика Диана Тож Маҳалда / Фото: Getty Images

Мумтоз Маҳал шахси ҳақидаги қарашлар

Бугун Тож Маҳал номини эшитган киши борки, уни Шоҳ Жаҳон кучли муҳаббати туфайли севимли рафиқаси шарафига қурган деб билади. Бироқ охирги йилларда обида қурилиши ҳақида бошқача гап-сўзлар, турли асарлар пайдо бўла бошлади.

BBC'нинг ёзишича, 2014 йилда Ҳиндистонда Шоҳ Жаҳон ва унинг рафиқаси Мумтоз Маҳал ҳақидаги спектакл саҳналаштирилган. Спектакл тарихий воқеаларга бутунлай бошқача қарашни тақдим этади. Саҳна асарида воқеалар подшоҳлик тожи учун Шоҳ Жаҳон ва унинг укаси шаҳзода Парвез ўртасидаги қарама-қаршиликдан бошланади. Бу ерда Мумтоз севимли эрининг ғалабаси учун ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Воқеалар давомида Мумтоз Маҳал шахсининг турли қирралари олдинги планга чиқади – итоаткор хотин эмас, эрининг маслаҳатчиси, унга гапини ўтказа олган сиёсатчи сифатида кўрсатилади.

Спектаклни намойиш этган Деҳли театри қошидаги труппа директори Саид Аъламнинг айтишича, Мумтоз Маҳалнинг гўзал ва итоаткор бўлгани шубҳали. Аёл ўта интилувчан ва шафқатсиз бўлган, дейди у. Дарҳақиқат, кўплаб тарихчилар ҳам Бобурийлар ҳукмронлиги даврида саройда маликаларнинг таъсири сезиларли бўлгани ва бу мамлакатни бошқаришда ҳам ўз аксини топганини айтишади.

Асардаги талқинга кўра, вақти келиб, Шоҳ Жаҳон суюкли хотинини тўхтатиш кераклигини тушунади. Подшоҳлик муҳри учун кураш маликанинг тахтнинг ағдарилиши билан якун топади ва тез орада Мумтоз туғуруқ вақтида жон беради.

Фото: vietgiaitri.com

Спектаклда малика ўлдирилгани ҳақида бирорта гап йўқ. Лекин у томошабинларда “Маликанинг ўлимида балки шоҳнинг роли бўлганмикан?” деган шубҳа туғдира олади.

Ваҳоланки, аксар тарихчилар Шоҳ Жаҳон хотинини қаттиқ севганига шубҳа билдиришмайди. Чунки буни Тож Маҳал исботлаб турибди. 20 йилдан ошиқ вақтда, жуда катта маблағ ва куч сарфлаб қурилган мақбара Шоҳ Жаҳоннинг Мумтоз Маҳалга нисбатан бўлган муҳаббатининг рамзи ҳисобланади.

Тож Маҳалнинг қурилмаган эгизаги

Шоҳ Жаҳон Ҳиндистон учун жуда кўп ишлар қилган. Жумладан, Тож Маҳал, Лаъл қалъа (Қизил қалъа), Деҳлидаги Жоме масжид, Лоҳурда Шалимар боғи ва яна бошқа кўплаб иншоотларни қурдиради.

Каналлар, ариқлар қаздиради. Шунингдек, шароити оғир бўлган ҳудудларда солиқларни бекор қилган ёки камайтирган. Шундай бўлса-да, унинг кейинги ҳаёти аянчли кечади.

1658 йилда Шоҳ Жаҳон 66 ёшда бўлганида 40 ёшли ўғли Аврангзеб томонидан тахтдан ағдарилади. Аврангзеб уни Тож Маҳал кўриниб турадиган қалъага қамаб қўяди.

Шоҳ Жаҳон шу ҳолида 8 йил яшайди ва 1666 йилда, қамоқда ётган жойида вафот этади. Уни Тож Маҳалга, хотини Мумтоз Маҳалнинг ёнига дафн этишади.

Аслида Шоҳ Жаҳон Жамна дарёсининг нариги томонида қора мармардан худди Тож Маҳалнинг кўринишида ўзи учун ҳам мақбара қуришни режалаштирганди.

Ўшанда Шоҳ Жаҳон Жамна дарёсининг нариги соҳилида Тож Маҳалга қарама қарши томонда ўзи учун яна битта мақбара қурдиришни ният қилган, бироқ бу амалга ошмаган дейишади.

Янги мақбара билан Тож Маҳал кўприк орқали бирлаштирилиб, ягона мажмуа тарзида бўлиши лозим эди. Бироқ ўғлининг исёни ва тахтни бой бериши бу ишга тўсқинлик қилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид