Ўзбекистон | 17:49 / 05.12.2024
1727
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайлови халқаро экспертлар иштирокида таҳлил қилинди

5 декабр куни Тошкентда “Ўзбекистондаги парламент сайловлари натижалари: халқаро нигоҳ ва ислоҳотлар истиқболлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Прогрессив ислоҳотлар маркази томонидан ташкил этилган тадбирда сиёсатчилар , фуқаролик жамияти етакчилари ва халқаро экспертлар иштирок этишди.

Конференциянинг асосий мақсади 2024 йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларининг таҳлилига бағишланди.

“Бизнинг марказимиз мустақил “ақл маркази” сифатида парламент сайловларидан кейин унинг натижаларини муҳокама қилиб, янги парламентнинг ислоҳотлардаги ўрни ҳақида баҳслашмоқчи эдик.

Қолаверса, бугунги тадбирнинг ўзига хослиги шундаки, бунда нафақат давлат идоралари вакиллари, балки фуқаролик жамияти аъзолари ҳам бор”, - деди Прогрессив ислоҳотлар маркази раҳбари Миршоҳид Асланов.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов сайловларда ёшлар иштироки кенгайгани, парламентда аёлларнинг улуши ортгани ҳамда инклюзивлик ошганини қайд этди.

Сайловда рақамли технологияларнинг жорий қилиниши инсон омили иштирокини камайтиргани айтилди. Бу эса ўз ўрнида бошқа мамлакатлар экспертлари эътиборини тортган.

“Бизда энг муҳим ютуқлардан бири – e.saylov тизимининг жорий этилиши ва электрон сайлаш ҳуқуқига имконият яратилиши бўлди. Бу инсон омилини камайтириш ва одамларга қулайлик яратиш билан боғлиқ демократиянинг бир кўриниши бўлди.

Буни кўп хорижий мамлакатлар ҳам қайд этишди. Ҳатто ривожланган мамлакатлардан келган кузатувчилар шу тажрибани ўрганмоқчилиги ва жорий қилиш режасини айтишди”, - дея маълум қилди Олий Мажлис Сенати биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Мавзуга оид