Ўзбекистон | 11:22 / 11.07.2023
22226
8 дақиқада ўқилади

Собиқ “Алгоритм” заводи сотилди. Ундаги юзлаб тадбиркорлар кўчада қолишдан хавотирда

Чилонзор туманидаги 16 гектарлик собиқ “Алгоритм” заводи аукцион савдолари орқали 307,6 млрд сўмга сотилди. Ҳудуднинг бино ва иншоотларидан юздан ортиқ тадбиркор ижара асосида фойдаланиб келаётганди. Эндиликда улар ҳудуддан чиқариб юборилишлари мумкинлигидан хавотирда. Ҳокимлик вакили тадбиркорлар кўчада қолдирилмаслигини таъкидлаяпти.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги собиқ “Алгоритм” заводи бино ва иншоотлари 292 млрд 954 млн сўм бошланғич нарх билан аукцион савдоларига қўйилди.

23 июн куни нархи ошиб бориш тартибида ўтказилган аукцион савдоларида 307,6 млрд сўм таклиф қилган “Strategic Development Team” МЧЖ ғолиб деб топилган.

Ҳудуднинг сотилиши бу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган 120 нафар тадбиркорни хавотирга солмоқда. Чунки улар собиқ завод ҳудудидаги бино ва иншоотлардан ижара асосида фойдаланиб келишмоқда. Тадбиркорларга кўра, ишлаб чиқариш субъектлари ортидан 3 минг нафарга яқин ишчининг қозони қайнаб турибди. Агар ҳудуднинг янги эгаси тадбиркорларни чиқариб юборса, улар томонидан бу ерга келтириб ўрнатилган турли хил технологияларни бошқа ҳудудга кўчириш, қўл остидаги тажрибали ишчиларни ушлаб қолиш, қилинган харажатларга куйиш каби муаммолар юзага келади.

Тадбиркорларнинг таъкидлашича, улар масала юзасидан Чилонзор тумани ҳокимига мурожаат қилишган. Туман ҳокими масала билан шахсан ўзи шуғулланишини билдириб, тадбиркорлар тақдири эътиборсиз қолмаслигини, ҳудуд негизида “Технопарк” ташкил қилинишини, яқин кунларда муҳокама йиғилиши ўтказилишини айтган. Аммо ҳокимнинг бу гаплари қуруқ ваъдалигича қолган.

Биз анчадан бери шу ерда ишлаймиз, шу ерга жойлашдик. Ишлаётган жойларимизга анча-мунча сармоя киритдик. Шунча тадбиркорнинг салкам 3 минг нафар ишчиси бор.

Биз масала юзасидан шаҳар ҳокимига ёздик, ёнларига ҳам бордик, эшикдан киритишмади ҳатто. Туман ҳокими биз ёнига бораётганимиздан хабар топиб, шаҳар прокурори билан келиб, ҳокимлик ёнида биз билан учрашди. Сиз президентнинг вакилисиз, бизга қандай ёрдам берасиз, дея сўраганимизда ҳоким бу ерни “Технопарк” қилишга ёрдам беришини айтганди. Ҳоким ваъдасидан сўнг биз ортга қайтиб кетдик.

Мулк ўша куни аукциондан олинди. Кейин 10 кун ичида аукционга яна қайта қўйилди ва жараён тезлашиб кетди.

Салкам 7 ойдан бери экспортни тўхтатиб қўйганман. Қўшни давлатларга синтетик тола экспорт қиламан. Менга ўхшаган 120 нафар тадбиркорнинг қўйни пуч ёнғоққа тўлди.

Ижара марказидан ҳам келиб гаплашди: съёмка қилманглар, кам одам йиғилсин деди. Билсак, уларнинг мақсади бошқа экан. Майли, пул туширишсин. Бизлар ҳам ўша пулни тўлай оламиз. 307 млрд сўм биргалашиб тўласа кўпчилик учун арзимаган пул. Мутасаддилар бизга имконият беришсин. Ҳозир ҳеч қандай имконият қолдиришмаяпти. Шунча одам кўчада қоладими? 3 минг одамнинг уйида 5 нафардан одам бўлса, 15 минг киши бўлади.

3 йиллик шартнома асосида аукциондан ижарага олганмиз. Ижарачи ҳеч ким эмасми? Биз ҳам ўзимизга яраша сармоя киритамиз, қанча иш ўринлари яратамиз. Фақат имконият берилсин. Ҳамма жой сотилиб кетилаверса, “дом” қурилаверса нима бўлади? Бу ер бизга жуда қулай, шаҳарнинг чети. Биз бу ерда кимёвий нарсалар ишлаб чиқармаймиз”, дейди тадбиркор Аҳрор Акбаров.

Яна бир тадбиркор Сардор Агзамов эса агар бу ердан чиқариб юборилса, кўчиш у учун анчагина қимматга тушишини маълум қилди:

Биз ванна ва душ ишлаб чиқарамиз. Шу ерда 3 минг квадратга яқин жойимиз бор. Бир йилдан буён жойимизни кенгайтира олмаяпмиз. Сабаби, бу ер ана сотилади, мана сотилади бўлиб келяпти.

Биз ўзи экспортёрмиз, қўшни давлатларга маҳсулотларимизни экспорт қиламиз. Умумий 50 нафар ходимимиз бор.

Бизнинг технологияларимиз кичкина нарса эмас, ванна чиқарадиган аппаратларимиз жуда ҳам катта. Ўзи Хитойдан технология олиб келиб, шу ерда йиғдирганмиз. Ҳозир кўчишимиз учун уларни бузиб, яна қаердадир қайта йиғишимиз керак бўлади. Қолаверса, жиҳозларимизнинг кўпи шиша ва пластмассадан, синиши тез. Шу сабаблиагар кўчадиган бўлсак 20 фоиз жиҳозларимиз яроқсиз ҳолга келади.

Шунингдек, биз бу ерда жой олганимизда томи тешик, таъмирга муҳтож ҳолда эди. Ўзимиз у ерларни таъмирлаганмиз, дарвозалар ўрнатганмиз, томни ямаганмиз. Бизга бу шароитларни кўчадан келиб ҳеч ким қилиб берган эмас”. 

Ҳудуддаги цехлардан бирида ишловчи Ёқуб Рисқимуҳаммадевнинг таъкидлашича, собиқ завод биноларининг барчаси ишлаб чиқариш учун мослаштирилган. Уларни сақлаб қолиш жуда муҳим.

Бу завод 1981-1983 йилларда расман очилиб, ишга тушган. Мен бу ерда 1987 йилдан бери ишлайман. Бу завод бино ва иншоотлари нисбатан янги. Бор-йўғи 40 йил бўлибди мана. Бунақа заводни қуриш учун ҳозир харидор сотиб олган сумма етмайди. Мулкнинг ҳақиқий баҳоси сотиб олинган нархга тўғри келмайди: нарх туширилган.

Айтмоқчиманки, бу ҳудуддан асосан ишлаб чиқаришда фойдаланиш керак. Қурилган биноларнинг барчаси ишлаб чиқариш учун мўлжалланган. Коммуникация бор. Ҳозир ишлаб чиқариш қиладими ёки ҳар доимги каби “дом” қурадими, харидор мақсади нималигини билмайман. Шу сабабли мутасаддилар ўйлаб кўрса бўларди, ишлаб чиқариш биноларини сақлаб қолиш керак”, дейди Ёқуб Рисқимуҳаммадев.

Биз масалани ўрганишимиз жараёнида харидор томон вакили ҳам келиб, тадбиркорлар билан учрашди ҳамда мулк эгалиги ҳақидаги ҳужжатларни ҳали олмаганлигини, ҳозирча тадбиркорларни бу ердан чиқариб юбориш мақсади йўқлигини билдирди.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Абдуҳамид Абдуқодировдан ҳам изоҳ олинди. Унинг билдиришича, бирор тадбиркор ҳудуддан атай чиқариб юборилмайди. Агар тадбиркорлар орасида ўзи кўчиб чиқишни истаганлари бўлса, уларга жой топиб беришга ҳаракат қилинади.

Бу ер олдин “Royson”нинг жойи бўлган. Давлат активлари томонидан аукционга қўйилган ва сотилган. Тадбиркорлар агар харидор чиқариб юборса, биз қаерга борамиз, деган масалани қўйяпти. Ҳозир мулкни сотиб олган инвестор билан ҳам гаплашдик, ҳеч кимни ҳайдаб чиқариш нияти йўқлигини билдирди.

Тадбиркорлар билан гаплашамиз. Агар уларнинг қанчасидир бу ердан ўз ихтиёри билан кўчмоқчи бўлса, уларга жой топиб беришга ҳаракат қиламиз. Яна битта ишлаб чиқариш зонамиз бор, бўш турган жойларни аниқласак, у ерга ҳам жойлаштирсак бўлади. Олдин биз бу ердаги тадбиркорларнинг қувватини, қанча иш ўрни борлигини билишимиз керак. Шунга қараб жой топишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу ердан ҳеч ким атай чиқариб юборилмайди”, дейди Абдуҳамид Абдуқодиров.

Мутасаддилар собиқ “Алгоритм” заводида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, бугун не қиларини билмаётган юзлаб тадбиркорнинг муаммо, таклиф ва эътирозларига қулоқ тутиши зарур. Юзага келаётган масалага сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган шаклда ечим топилмас экан, минглаб инсонларни иш билан таъминлаб турган тадбиркорларнинг юрагидан хавотир аримайди.   

Руслан Сабуров,
Kun.uz
Тасвирчи ва монтаж устаси: Шоҳрузбек Абдурайимов.

Мавзуга оид