Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эсда қоларли жумлалар ва тилга олинмаган мавзулар. Тадбиркорлар – президент билан учрашув ҳақида
20 август куни президент илк бор бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Kun.uz тадбирда қатнашган тадбиркорлардан тўрт нафарига айрим саволлар билан мурожаат қилди.
Суҳбатдошларимиз – Office Market, Deli ва Dekos компаниялари асосчилари, MFaktor лойиҳаси муаллифлари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидов, “Arzon Apteka” бренди маркетинг менежери Нигора Акилова ва PDP академияси асосчиси Одилбек Мирзаев.
Президент нутқидаги қайси гаплар сиз учун муҳим ва эсда қоларли бўлди ва нима учун?
Ҳасан Мамасаидов: — “Хориж валютасидаги қарздорликларни сўмга ўтказиб берамиз”, деган гаплари эътиборимни тортди. Чунки тажрибамизда бизни 3 марта банкротлик нуқтасига олиб келган муаммо айнан шу бўлади. Бизнесни 1994 йил бошлаган пайтимиз, 2005 ва 2015 йилда еган зарбаларимиз – сўм девалвацияси бизнесимизни жар ёқасига олиб борган.
Нафақат бизда, балки кўп ҳолатларда айнан чет эл валютасидаги қарзлар – тадбиркорларни инқирозга олиб кетадиган омил.
Ҳусан Мамасаидов: — Энг эсда қоладигани тадбиркорлар кунининг белгиланиши бўлди. Ҳамма соҳа вакилларининг куни бўлган, лекин бу қатламга қаратилган эътибор эсда қоларли янгиликлардан бири бўлди. Ҳар йили 20 август тадбиркорлар куни бўлиб, президент бизнес вакиллари билан учрашиб турса ҳам кўплаб масалаларнинг кўтарилишига, соҳада меҳнат қилаётган тадбиркорларнинг эътироф этилишига сабаб бўлади деб ўйлайман.
Нигора Aкилова: — Битта гапни жуда яхши эслаб қолдим: “Қарор эмас, қонун ишласин”. Чунки қонун чиққандан кейин у ҳамма учун бир хилда ишлаши керак. Бизнинг жуда катта муаммомиз қонун чиққач, нечта қарорлар чиқиб, қонунни де-факто нолга чиқариб юборади.
Ҳар хил давлат корхоналари монополиясига берилган имтиёзлардан узоқлашиш керак. Менга жуда таъсир қилди шу гап.
Одилбек Мирзаев: — Президент мени танишини айтгани энг эсда қоларли жумла бўлди мен учун. Ўзимни таништирганимдан сўнг: “Мен телевизорда кўрдим сизни”, деганлари мен учун “сюрприз” бўлди.
Бундан ташқари, лойиҳаларимиз асосида Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқарилиши бўйича топшириқ берганлари кутилмаган қарор бўлди. Ҳатто “Ўзим назорат қиламан”, дедилар.
Мулоқотдан олдин ёки мулоқот чоғида президентга қандай муаммо ёки таклифлар билан мурожаат қилдингиз?
Ҳасан Мамасаидов: — Ҳамма нарсанинг орқасида илм ёки илмсизлик, муваффақият ёки муваффақиятсизлик бўлишини англаб шунга жон куйдириб ҳаракат қилиб келганмиз. MFaktor студиясидан президентга мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлганида, мамлакат бўйлаб бизнес инкубаторларни ривожлантириш таклифини бердик.
Юртбошимиз: “Сизлар ўзига хос бир полигон – тажриба майдони ўтадинглар, бир-биримизга ёрдам берсак, бутун республика миқёсида шу соҳани тарғиб қилсак, жаҳон тажрибасини ўрганиб бизнес инкубаторларни татбиқ қилсак”, – дедилар. “Маблағдан биз ёрдам қиламиз: биноларни текинга берамиз, шароитини яратиб берамиз. Ижтимоий қатлам бор, пули йўқ; пул тўлаб билим оладиганлар билан бирга билимга пули йўқ қатламга илм бериш учун шароитини биз яратайлик, тажрибани ўргатиш сизлардан бўлсин”, – дедилар.
Бу албатта катта масъулият, биз бу амалга ошишини тасаввур қилмагандик, келажакка умидимизни оширди.
Ҳусан Мамасаидов: — Бир ой олдин шунақа мулоқот бўлишини билгандик, яъни хабар берилганди. Таклифларни бердик. Кўпроқ солиқ, молиялаштириш, ислом молиясига оид таклифлар бергандик. Бу нарсаларга навбат етмади-ю, кўп муаммоларга тизимлаштирилган тартибда ечимлар айтилди.
Биз тадбиркорлар юз фоизга эмас, нолга нисбатан солиштирамиз. Яъни мен учун кечаги мулоқот нолга нисбатан муаммоларнинг ярми бўлса ҳам кўтарилгани плюс ҳисобланади.
Солиқлар ставкаси ва ислом молиясини татбиқ этиш бўйича таклифларимиз бор эди. Мен таклиф сифатида берган ҚҚСни камайтириш ва ислом молияси мавзуларига тўхталинмади, лекин бошқа таклифлар кўтарилди.
Нигора Aкилова: — Мулоқотдан олдин венчур қонуни ҳақида таклиф бергандим. IT соҳасида инвестицияларни кенгайтириш учун бизга албатта венчур қонуни керак. Лекин бу 35 миллион аҳоли кузатадиган катта саммитда бериладиган савол эмас. Чунки у менга ва стартап бошламоқчи бўлганлар учун қизиқ бўлиши мумкин, лекин бошқаларни қизиқтирадиган тизимли муаммо эмас.
Иккинчиси, IT соҳасига оид: Ўзбекистонда қайсидир ҳудудда – эҳтимол IT-паркда, British law (британ ҳуқуқи) деган ҳудудни яратиш. Бизда кўп инвестициялар шу нарса йўқлиги учун ҳам тўхтаб турибди. Буюк Британия қонунчилиги асосида ишлаётган ҳудуд Aстанада бор, бизда эса йўқ. Бу муаммо тез ҳал бўладиган масала эмаслигини биламан.
Президент билан мулоқотда: “Ҳозир сиз тадбиркор бўлсангиз, қайси соҳани танлаган бўлар эдингиз”, деган саволни бердим. Тахминим бўйича улар “IT соҳаси” дейишларини кутгандим ва мана шу соҳага эътибор каттароқ бўларди.
Улар: “Мен сизларга шароит, имконият яратай. Сизлар ҳамма йўналиш бўйича зўр тадбиркор бўлсангиз, мен сизлардан миннатдорман”, деб жавоб бердилар. Бу мен кутгандан бошқача бўлса-да, асосли жавоб. Яъни ҳамма ўз иши билан шуғуллангани яхшироқ.
Одилбек Мирзаев: — Tадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида давлат раҳбарига PDP Academy IT мактаби эришган ютуқлари ва келгуси 5 йил ичида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берган эдим. Шавкат Миромонович сўзларимни диққат билан тинглаб, ушбу лойиҳаларни йўлга қўйишда давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини билдирдилар.
Мақсадимиз шундан иборатки, яқин 5 йил ичида 100 мингдан зиёд ўзбек ёшларини дастурлаш, IT соҳасига ўқитиб, yларни камида 2000 доллар маош оладиган кадрга айлантириш. Бу албатта Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичларида ҳам ўз аксини топади. Бунга эриша олишимизга ишонаман.
“Ҳали кўп қонунларимиз тадбиркорларга маъқул эмаслигини тан олишимиз керак”, деди президент ўз нутқида. Тадбиркор сифатида сиз қонунчиликдаги қайси нормалар ўзгаришини истаган бўлардингиз?
Ҳасан Мамасаидов: — Очиғи, бу таклифимни мулоқотда ҳам айтолмадим. Ёшлигимизда дўконнинг гўшти бўларди: дўконнинг гўшти деганда ҳалол-ҳаром қадрият нуқтайи назаридан қараларди.
Бугунги кунда кўп инсонлар билан гаплашганимизда кредитни қадрият нуқтайи назаридан олмайман деган фикрни билдиради. Кеча шу мавзу очилмади-ю, келажакда алоҳида урғу берилса, валютадаги кредитни сўмга ўзгартиргандан-да яхшироқ иш бўлган бўларди. Юзлаб эмас, минглаб одамларга фойдали бўларди. Бу – Ўзбекистонда ислом банкларини ривожлантириш. Европа ва бошқа Осиё мамлакатларида ислом банк тизими бор.
Фоизга банкка пул қўймайдиган ва олмайдиган қатлам бор. Шу нуқтайи назаридан ислом банк тизимига келажакда эътибор қаратилиши иқтисод ривожига таъсир қиладиган омил бўлар эди.
Ҳусан Мамасаидов: — Ислом молиясининг Ўзбекистонга кириб келиши учун ҳуқуқий асос тезроқ ишлаб чиқилса, яна кўплаб ресурслар Ўзбекистонга кириб келишига туртки бўлади деб ўйлайман. Жамиятимизнинг катта қисми мусулмонлар ва аксариятининг пулини банкка қўйишга, фоизга банклардан пул олишга иштиёқи йўқ. Ислом молияси ривожлантирилса, халқ пули ҳам тезроқ ислом банки инструментларига жойлашиши, тадбиркорлар ҳам шу инструментлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаярди.
Нигора Aкилова: — IT соҳасида ҳамма нормаларни ўзгартирган бўлардим. Масалан, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларни мамлакат ҳудудида сақлаш тўғрисида қонун қабул қилинди. Бунга катта ўзгартириш киритиш керак. Одамларнинг шахсий маълумотларини фақат Ўзбекистондаги серверларда сақлаш керак деган қонун шунчаки кулгили туюлади.
Қолаверса, МЧЖлар тўғрисидаги қонун кўриб чиқилиши керак деб ўйлайман. Чунки бу IT соҳасидаги ҳеч қандай бизнес моделларга тўғри келмайди.
Одилбек Мирзаев: — Ҳозирда Ўзбекистонда деярли барча соҳаларда тадбиркорлик учун қулай имкониятлар яратилмоқда. Лекин битта нарсага эътибор қаратишни сўраган бўлар эдим. Яқинда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги модда қўшилди. Унга кўра, ижтимоий тармоқлар ва жаҳон интернет-компанияларидан Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда жойлаши талаб этилди. Ҳозир қонунга кўра, агар компания бундай маълумотларни Ўзбекистонда сақламаса, бу қонунбузарлик ҳисобланади. Бу қонун IT-соҳаси ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин. Буни қанчалик ривожланишга таъсир қилишини ўрганиш керак. Фикримча, бундай чекловлар ривожланишни фақат секинлаштириши ёки тўхтатиб қўйиши мумкин.
Бу, шунингдек, янги платформа яратишимизга ҳам ҳалақит беряпти. Масалан, ушбу модда Aws (Amazon Web Services), Azure тизимлари билан ишлашимизга тўсиқ бўлмоқда.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:03 / 24.08.2025
Иордания подшоҳи давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади
14:35 / 18.02.2025
“Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси жорий этилади
11:50 / 18.02.2025
Наманганда газдан ўғринча фойдаланиб келган тадбиркор аниқланди
18:54 / 17.02.2025