Ўзбекистон | 00:00 / 19.01.2018
128881
6 дақиқада ўқилади

52 қурбон. Автобус Россияга ета олмади

Бугун, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи «Самара-Чимкент» автомобил йўлининг 1068 километрида Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 км узоқликда йўловчи автобус ёниб кетди. Setra русумли автобус (дастлабки хабарларда бу «Икарус» бўлгани айтилганди) бошқа транспорт воситаси билан тўқнашмаган, ҳаракатланаётган вақтида аланга олган. Автобус ҳали йўлнинг ярмида эди.

Бу одатдаги рейс бўлмаган. Кўп эҳтимол билан ушбу автобус ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Қозоғистон жанубидаги Чимкент шаҳридан Россиянинг Қозон шаҳрига олиб кетаётган эди. Ушбу икки қаватли автобусда жами 57 киши бўлган, фақат 5 киши ундан чиқа олган, қолган 52 киши ҳалок бўлган.

Фото: Қозоғистон ФВВ

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг Фавқулодда вазиятлар қўмитаси дастлаб ҳалок бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам ушбу ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар бўлганини тасдиқлади ва ҳалок бўлганларнинг фуқаролигини аниқлашга киришди.

Айни вақтда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ташкил этилган махсус ҳукумат комиссияси Ақтўбеда бўлиб турибди ва фожеа қурбонларининг шахсини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. 

Йўловчилар Россияга ишлаш учун йўл олган меҳнат муҳожирлари бўлган — кўп эҳтимол билан улар ноқонуний меҳнат муҳожирлари бўлган. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги «Медуза»га маълум қилишича, автобусдаги ўзбекистонликлар агентликда рўйхатдан ўтмасдан кетган меҳнат муҳожирлари бўлиши мумкин (агентлик хорижга меҳнат муҳожирларини фақат қонуний асосда, самолёт ёки поёздда юборади). «Балки, нелегаллардир… Аммо Ўзбекистоннинг исталган фуқароси мустақил равишда Россияга бориши, у ерда патент олиб, ишлаши мумкин», — деган агентлик вакили Хуршид Ҳакимов.

Ўзбекистондан Россияга Қозоғистон орқали йўловчи ташишнинг «кулранг схема»си мавжуд бўлиб, бу йўлдан ҳеч қандай ҳужжатларни расмийлаштирмасдан Россияга бориб ишлашни мақсад қилган ўзбекистонликлар фойдаланади.

Автобуснинг эгасида йўловчи ташиш учун лицензия бўлмаган; Қозоғистон инвестициялар ва мамлакатни ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, автобус мажбурий техник кўрикдан 2015 йилнинг 17 августида ўтган ва 1989 йилда ишлаб чиқарилган автобуснинг муддати 2016 йилнинг 17 февралида тугаган. Кишиларнинг ўлими билан якунланган ушбу ҳодиса бўйича Қозоғистон республикаси ЖКнинг 345-моддаси 4-банди бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бу моддага кўра жавобгар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ёнғин сабаби тўғрисида турли тахминлар билдирилди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлган. «Автобус тўхтаган, ҳайдовчилар ундан чиққан. Йўловчилар эса чиқишга улгурмаган», дея маълумот берди «Sputnik-Казахстан» Ақтўбе области фавқулодда вазиятлар департаменти раиси Виталия Синега асосланган ҳолда. Хабарда қўшимча қилинишича, автобус тез ёниб кетишига унга захира сифатида ортилган ёқилғи сабаб бўлган.

Фото: Қозоғистон ФВВ

«Интерфакс» агентлиги Ақтўбе Фавқулодда вазиятлар департаментига асосланган ҳолда автобусда меъёридан кўп йўловчи бўлгани ҳақида хабар берди. 

Қозоғистондаги маҳаллий нашрларда эса автобус қайта жиҳозланган бўлиши мумкинлиги, шу сабабли олов тузоғига илинган йўловчилар тезда уни тарк эта олишмагани, чунки, эшик ёпилиб қолгани ҳақида ёзилди.

Россиядаги «360» телеканали қозоғистонлик журналист Актар Актилевга асосланиб, ушбу ёнғинга автобус тунда иситиш учун кавшарлашда ишлатиладиган лампа ёқилиши оқибатида ёнгани ҳақида тахмин билдирди. Шунингдек, автобус қасддан ёқиб юборилгани борасида ҳам фаразлар айтилди. Ҳозирча ҳеч бир тахмин тасдиқланмаган.

Қозоғистон ИИВ раҳбари ўринбосари Ерлан Тургумбаев эса бу ҳодисада жиноий ҳаракат излари йўқлигини айтиб, бу шунчаки бахтсиз ҳодиса эканини маълум қилди. У бу бахтсиз ҳодисанинг асл сабаби яқин вақт ичида маълум бўлишига умид билдирди.

15 январь куни Ақтўбе областида «автотранспорт воситалари хавфсизлиги маданиятини юксалтириш» тадбирлари ўтказилганди. Бутун вилоят бўйлаб техник кўрикдан ўтиш зарурлиги тўғрисида профилактик суҳбатлар бўлиб ўтганди. Аммо бу тадбирлар 52 киши ҳалок бўлишининг олдини ола олмади.

Фото: Қозоғистон ФВВ

Фожеа рўй бериши ортидан ҳодисани ўрганиш ва жабрланганлар ва уларнинг оилаларига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш учун Қозоғистонда ҳукумат идоралараро комиссияси тузилди. 

Ўз навбатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан кўплаб ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлишига олиб келган ушбу фожеа сабабларини ўрганиш юзасидан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат комиссияси ташкил этилган. Айни вақтда ушбу комиссия Ақтўбе шаҳрида бўлиб турибди. 

Махсус ҳукумат комиссиясига Қозоғистон вакиллари билан ҳамкорликда содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш, мамлакат фуқаролари шахсини аниқлаш вазифалари юклатилган. Шунингдек, комиссия ҳалок бўлганларнинг таналарини мамлакатга олиб келиш, уларнинг оилаларига зарур ёрдамни кўрсатиш билан шуғулланади.

Қайд этиш керакки, бу Қозоғистон ёки Россия бўйлаб ҳаракатланаётган ва кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг ўлими билан тугаган автобуслар иштирокидаги сўнгги бир йилда кузатилган биринчи йўл-транспорт ҳодисаси эмас.

2017 йилнинг 22 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе областида, «Самара-Чимкент» йўлининг 946-километрида салонида Ўзбекистоннинг 50 нафар фуқароси бўлган автобус ағдарилиб кетганди. Ҳодиса оқибатида ватанга қайтаётган 9 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган, яна 17 киши турли даражада жароҳатланганди.

2017 йилнинг 6 октябрь куни тонгида эса Россиянинг Владимир областидаги темирйўл кесишмасида салонида Ўзбекистоннинг 55 нафар фуқароси бўлган автобусни поезд уриб кетди. Бу ҳодиса оқибатида 16 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Бу ўзбекистонликлар ҳам Россиядан ватанга қайтаётган, аммо ета олмаганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид