Жамият | 19:56 / 06.07.2023
98570
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда “новостройка” учун тўлов қилган мингдан ортиқ одам чув тушди. Зарар миқдори 300 млрд сўмдан ошади

Фуқаролардан ҳали қурилмаган квартиралар учун тўловларни қабул қилиб олган фирманинг ваъда қилинган ҳудудда турар жой мажмуаси қуришга рухсати бўлмаган.

Фото: Видеодан кадр

“AZIYA INVEST FAVORIT” МЧЖ билан Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Иззат кўчасида қурилиши режалаштирилган уйлардан бирини сотиб олиш бўйича шартнома тузган бир гуруҳ фуқаролар Kun.uz’га мурожаат қилиб, орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай қурилиш ишлари ҳали бошланмаганидан шикоят қилишди. Уларнинг айтишича МЧЖ раҳбари қамоққа олинган бўлиб, ишчи-ходимлар пулларини қайтаришни талаб қилиб борганларга фирма ёпилганини айтишган. Бундан ташқари, бир гуруҳ фуқароларнинг видеомурожаатлари YouTube платформасига ҳам жойлаштирилган

“2022 йил 21 февраль куни шартнома тузганман. Иззат кўчасида жойлашган 58-уй қурилиши учун 273 млн 800 минг сўм тўлов қилганман. Бир ярим йилдан буён турли ваъдалар билан қурилиш кечиктириб келинди. Шу пайтгача мен пулини тўлаган уй қурилиши учун битта чўп ҳам қўйилмади.

Айтишларича, “AZIYA INVEST FAVORIT” МЧЖ раҳбари Ҳатамов Хайрулло Абдуқодирович ҳозирда қамоққа олинганмиш ва ушбу МЧЖ ходимлари “биз ишламаяпмиз, биз ёпилдик” деяётганмиш. Уларнинг пулларни олиб четга кетиб қолмаслигига ким кафолат беради? Шунча одамнинг пулини олиб уй қурилмаса ёки пуллар қайтариб берилмаса, бунинг учун ҳеч қандай жавобгарлик йўқми?” дейди Тўлқинжон Жумабоев.

“2023 йил 14 февралда AZIYA INVEST FAVORIT қурилиш фирмасига уй олиш мақсадида тўлов қилганмиз. Улар бизга шартномада Яшнобод тумани Иззат кўчасидаги бир ерни кўрсатиб, 58-уй шу ерда қурилади деб айтишган. Энди аниқ бўляптики, фирмада бу ерга эгалик ҳуқуқи йўқ. Фирма раҳбарлари қурилиш учун тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан мингдан зиёд одамни алдаб қурилмайдиган уйларни сотган. Бунинг оқибатида 1090 тадан зиёд харидор пулсиз ва уйсиз қолмоқдамиз”, дейди бошқа бир мурожаатчи.

Бу каби мурожаатлар талайгина. Ушбу мурожаатларда алданган фуқаролар қурувчилар аввалбошдан уй қуриш ниятида бўлмагани, уйларнинг квадрат метри учун пойтахт бўйича энг арзон нарх белгилаб, шу йўл билан кўпчиликни тузоққа туширишгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ушбу фирибгарлик схемаси ва анча олдин йўлланган шикоятларни эътиборсиз қолдиришгани таъкидланади.

Фирма тўғрисидаги маълумот Фото: Stat.uz

Kun.uz’нинг прокуратурадаги манбаси ҳозиргача аниқланган маълумотларга кўра “AZIYA INVEST FAVORIT” МЧЖ мансабдорлари томонидан фуқароларга етказилган зарар 300 миллиард сўмдан ошиши, қонунбузарлар жиноий таъқибдан қочиб яширинишганини билдирди.

Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Мавзуга оид