Сўнгги 7 йилда қарийб 5,3 минг киши оқланди. Бу камми ёки кўп?
Ўзбекистон судлари томонидан 2016 йилдан 2023 йилнинг июл ойигача бўлган даврда 5 304 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. 2007-2015 йиллар оралиғида эса оқланганлар 110 кишини ташкил этган.
2011 йил декабр ойида ишхонасидан жиноятчилардек олиб кетилиб, ўйлаб топилган айбловлар билан 12 йилга қамалган ҳамда 2022 йилнинг 22 сентябр куни Олий судда оқланган Хазорасп тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходими Дилшод Машарипов ёки биргина “и” ҳарфи учун судга берилиб, сарсонгарчиликлардан сўнг оқланган Тошкент вилоятида яшовчи Аброр Шамаровники каби тақдирлар кўп. Суд тизими эркин бўлмаган жамиятда бу каби синовли лаҳзалар оғир қисматга айланиши, айбсиз фуқаролар пешонасига судланган деган тамға осонгина ёпиштириб қўйилиши ҳеч гап эмас.
Рақамларга эътибор қаратиладиган бўлса, Ўзбекистонда 2007-2015 йилларда судлар томонидан 688 354 нафар шахсга нисбатан 498 730 та жиноят иши кўриб чиқилиб, атиги 110 нафар шахс оқланган. 2016-2022 йиллар ва 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 457 823 нафар шахсга нисбатан 352 842 та жиноят иши кўриб чиқилган ҳамда 5 304 нафар шахсга оқлов ҳукми чиқарилган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, оқлов ҳукмларининг ортиши суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси билан боғлиқ.
Мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида қонунчилик базаси халқаро андозаларга уйғун тарзда такомиллаштириб борилмоқда. Бу жараёнда ривожланган давлатлар тажрибасида муваффақиятли татбиқ этилган институт ва тамойилларни миллий амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Жумладан, суд жараёнида ишларнинг ошкора кўрилиши, тортишув тамойилини тўлиқ таъминлаш мақсадида жиноий-процессуал қонунчиликка 2021 йил февралдан дастлабки эшитув институти жорий этилган. Мазкур институт орқали суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўлган процессуал қонунбузилишларининг олдини олишга, суриштирув ва тергов органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга имконият яратилган.
Фуқаролик ва иқтисодий судларда эса судгача мажлис институти жорий этилган. Бу ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнларида аниқланган камчиликларни бартараф этишга ҳамда тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлашга замин яратган.
Сўнгги йилларда мамлакатда жиноий жазоларни либераллаштириш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилди. Бу иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратган.
“Сўнгги йилларда судлар томонидан қабул қилинган оқлов ҳукмлари сонининг ортиб бораётгани – суд тизими фаолиятидаги реал ижобий тенденциядир. Умуман айтганда, судларнинг фаолияти жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тамойилини таъминлашдан иборат. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судларда қарор қабул қилиш чоғида асосий эътибор оқлов ёки айблов ҳукми чиқаришга эмас, балки ҳар жиҳатдан қонуний, асосли ва адолатли ҳукм чиқаришга қаратилиши ғоятда муҳим.
Судлар томонидан қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиниши замирида жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг судларга ишончини ошириш каби кўплаб мақсадлар мужассамдир”, дейди Азиз Обидов .
Мавзуга оид
11:41 / 07.12.2024
“Тўппонча ўқталиб, отиб ташлайман деди” – “Саидазиз медгородок”ка яна бир “дело” бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
13:02 / 21.08.2024
Суд «Озодлик»ка 100 млн сўм тўлаш ва «газ чайқовчиси» ҳақидаги суриштирув бўйича раддия эълон қилишни юклади
18:36 / 13.08.2024