Жамият | 17:34 / 21.07.2020
30016
12 дақиқада ўқилади

«Коронавирус ҳомиладор аёллар учун гриппдан кўра хавфсизроқ». Бўлажак оналар учун таскин ва тавсиялар

«Мен ҳомиладорлигимни билмаган ҳолда коронавирусга қарши антибиотиклар ичдим. Энди нима қилишим керак?». Бундай саволларни ижтимоий тармоқлардаги тиббий форумларда кўплаб учратиш мумкин. Қозоғистонда COVID-19 кенг тарқалиши ортидан ҳомиладор оналар ҳам ушбу вирусни юқтириш хавфи ортди. Коронавирус юқтирган ёки уни юқтириш хавфига дуч келаётган ҳомиладор аёллар ўзларининг саволларига жавоб олиш учун кўпроқ қаерга мурожаат қилишни билмай сарсон бўлмоқда. Tengrinews.kz мухбири қозоғистонлик акушер-гинеколог, репродуктолог, тиббиёт фанлари доктори Вячеслав Локшиннинг тавсиялари билан ўртоқлашди.

COVID-19 ҳомиладор аёллар учун хавфлими?

Коронавирус жуда юқумли вирусли касаллик ҳисобланади ва ҳомиладор аёлларда оддий одамларга қараганда уни юқтиришга мойиллик кўпроқ. Бунга сабаб бўлажак оналарда ҳомиладорлик туфайли иммунитет пасайиб кетади. Бугунги кунда Қозоғистонда 1000га яқин ҳомиладор аёллар коронавирусга чалинганлик ташхиси билан рўйхатга олинган. Касаллик юқтирганлар орасида ҳомиладорликнинг турли босқичида бўлганлар бор: кимдир илк босқичда, кимдир ўрта босқичда, кимдир эса яқин кунларда она бўлиш арафасида. Бундан ташқари, Қозоғистонда коронавирус юқтирган юздан ошиқ ҳомиладор аёлларнинг аллақачон кўзи ёриган. Туғилган гўдакларнинг 99 фоизида коронавирус йўқ.

Вирус жуда катта деб тахмин қиламиз ва бу унинг ўзига хос хусусияти. У йўлдош тўсиғи орқали ўта олмайди, аниқроғи уни кесиб ўта олмайди ва шу туфайли ҳомила ҳимояланади. Шу жиҳатдан коронавирус ҳомиладор аёллар учун гриппга қараганда камроқ хавфли. COVID-19 парранда ёки чўчқа гриппига қараганда ҳам анча кам таъсир қилади. Албатта, биз ушбу хусусиятни биринчи бўлиб кўрган хитойлик ҳамкасбларимизнинг тажрибасидан келиб чиқиб билдиряпмиз. Шунингдек, биз Италия ва Испания шифокорларининг амалиётини ҳам чуқур ўргандик.

Ҳозир анча тажриба тўпладик. Бугунги кунда ушбу тажрибани тўплай бошлаганимизга энди 6-7 ой бўлмоқда. Шунинг учун, биз ҳали ҳам COVID-19 шароитида она қорнида бўлган болаларнинг ўзини қандай тутишини билмаймиз. Мамлакатимизда коронавирус билан касалланган илк болалар 2021 йил бошида туғилиши мумкин.

Пандемия шароитида ҳомиладор бўлиш керакми?

Ҳозир осон вақт эмас. Пандемия тарқалиши шароитида соғлиқни сақлаш тизимига жуда катта юк тушяпти. Агар ҳомиладорликда қандайдир хавф туғилса, бўлажак оналар ёрдам сўраб мурожаат қиладиган тайинли жойнинг ўзи йўқ. Ҳамма бугун ўзи билан ўзи овора. Бундай ҳолатда, ҳомиладор бўлиш учун бироз кутиш керак деб ўйлайман. Лекин иккинчи тарафдан айрим аёлларга ҳомиладорликни шунчаки кечиктириш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди.

1-2 йил ёки коронавирусга қарши вакцина тайёр бўлгунча кутишга тайёр жуфтликлар ҳам етарлича. Менимча, барча хатарларни инобатга оламиз деб узоқ вақтни ўтказиб юборишнинг ҳожати йўқ. Бундан ташқари, агар сиз аллақачон коронавирус юқтирган бўлсангиз, унда ҳомиладорликни хавфсиз тарзда режалаштиришингиз мумкин. Юқорида айтганимдай, 99 фоиз ҳолларда коронавирус ҳомилага таъсир қилмайди, унга юқмайди ва чақалоқлар соғлом туғилади. Шунинг учун ҳам ҳомиладорлик кўринадиган асоратларсиз одатдагидай давом этади.

Энди сунъий уруғлантириш орқали ҳомиладор бўлишга келсак, пандемия эндигина бошланганида, бизнинг клиникамиз эмбрионларни кўчириб ўтказиш амалиётини бекор қилди. Аммо кейин биз бу соҳада ҳам ишларни давом эттиришга қарор қилдик, чунки кўп оилаларга фарзандли бўлиш муҳим эди. Шу туфайли сунъий уруғлантириш бўйича ҳам кўп мурожаатлар бўлди.

Бундан ташқари, табиий равишда ҳомиладор бўлаётган аёлларнинг аксарияти азбаройи тезроқ фарзанд кўришни хоҳлагани учун коронавирус пандемиясининг тугашини кутиб ўтиришни хоҳламайди. Аммо ҳомиладорлик ҳақида кейин билишади. Шу сабабли, эмбрион кўчирилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Билишимча, май ойи охирига келиб, барча репродуктив клиникалар ушбу ишни давом эттира бошлади.

Ҳомиладорликка қандай тайёрланиш керак

Ҳар доим ҳомиладорлик режалаштирилганда аёлларга фолий кислотаси етарли миқдорда буюрилади. Шунингдек, D витаминини кўпроқ қабул қилиш тавсия этилади, бу коронавирус касаллигидан кейин тананинг тикланишига ижобий таъсир кўрсатиши исботланган. Кўпроқ мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш, нафас олиш йўлларини чиниқтириш машқларини бажариш тавсия этилади. Бир сўз билан айтганда, ҳомиладор бўлиш учун тоза ҳавода юриш, жисмоний машқлар бажариш ва ижобий кайфият жуда муҳим.

Аслида пандемия бошланишидан олдин ҳам аёлларга шундай тавсиялар берилган. Бу тавсияларга амал қилиш ҳар қандай шароитда ҳам наф беради. Масалан, коронавирус пандемияси вақтида уларни бажариб юриш вирусни юқтирмасликка ёки юқтирса ҳам унинг асоратлари енгил ўтишига ёрдам беради.

Бўлажак оналар учун қатъий карантинга риоя қилиш муҳим. Вирус юқтирмаслик учун иложи борича кўпроқ ҳаракатда бўлиш лозим. Одамлар гавжум бўлган жойларга боришдан тийилиш, масофа сақлаш, ҳар доим ниқобда бўлиш керак. Катта оилада масофа сақлаш қийин, чунки эр, болалар ва ота-она бор. Оила аъзоларидан бири вирус юқтирадиган бўлса, у ҳомиладор аёлга вирус юқтирмаслик учун албатта ўзини ўзи яккалаши керак.

Шунингдек, коронавирус пандемияси ҳомиладорлик жараёнига ўзгартиришлар киритганини ҳам таъкидлашни истардим. Бугунги кунда акушерлик, гинекология ва перинатология институти билан аввалгиларидан фарқ қиладиган дастур ишлаб чиқдик. Янги дастурнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ҳомиладор аёллар кўрик ва комплекс текширувдан ўтиш учун мурожат қилганда албатта шифокор маслаҳатини олиш учун ҳам мурожат қилишлари керак.

Улар биринчи комплекс текширувдан ҳомила 12 ҳафталик бўлгунга қадар, иккинчисида 22 ҳафталик бўлганидан кечиктирмай, учинчисида 28 ҳафталик бўлганда кечиктирмасдан ўтишлари керак. Ундан бошқа пайтларда эса вирус юқтириб олмаслик учун ҳомиладор аёллар маслаҳат олиш учун турли клиникаларга боришдан тийилиб туришлари керак.

Ҳомиладор аёлда коронавирус бўлса, қандай йўл тутиш керак?

Ҳомиладор аёлларнинг коронавирусдан даволаниши бошқалардан фарқ қилиши табиий ҳол. Уларга вирусга қарши турли антибиотикларни қабул қилиш мутлақо тавсия этилмайди. Фақат фавқулодда ҳолатларда антибиотиклар қабул қилиш мумкин. Қолаверса, бугунги кунда COVID-19’ни даволайдиган дорилар топилгани йўқ, шунинг учун шифокорлар ҳомиладор аёлларга турли дориларни тавсия қилишдан тийилиб турибди.

Ҳомиладор аёлларга улар бактериал инфекция клиникасига мурожаат қилгандагина антибиотиклар қабул қилиш тавсияси берилади. Масалан, пневмония ҳарорат 5-7 кун давомида доимий баланд бўлса, бактериялар келтириб чиқаради. Ана шундай ҳолатда ҳомилага салбий таъсир кўрсатмайдиган антибиотиклардан фойдаланиш тавсия этилади. Ҳар бир дорининг кўрсатмаларида ҳомиладорлик пайтида нимани қабул қилиш мумкинлиги ёзиб қўйилган. Қоида тариқасида асосан антибиотиклар гуруҳига кирувчи пенициллин кенг қўлланади. Антибиотикларнинг тетрациклин гуруҳига кирувчи дориларни қабул қилиш тавсия этилмайди.

«Фраксипарин», «Клексан» каби дорилар эса ҳомиладор аёлларга тавсия этилади. Маълум даражада улар ҳомиладор аёллар танасига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, ҳомиладор аёллар «Аспирин»ни ҳам қабул қилиши мумкин. У бўлажак оналар учун парацетамолга қараганда нисбатан фойдали.

Бундан ташқари, ҳомиладор аёл ҳамма нарсани фақат шифокор буюрганидек бажариши жуда муҳим. Агар касаллик асоратларсиз ўтаётган бўлса, унда қандайдир дорини қабул қилмаган яхши. Агар пневмония каби асоратлар бўлса, унда ҳомиладор аёлларни касалхонада даволаш керак. Шунингдек, бўлажак оналар учун компьютер томографияси тавсия этилмаслигини билиш жуда муҳим.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдики, коронавирус юқтирган ҳомиладор аёлларнинг аксарияти табиий равишда туғмоқда. Агар кесарча учун кўрсатмалар мавжуд бўлса, унда чақалоқ албатта операция йўли билан олинади. Туғруқ ёки кесарча пайтида шифокорлар жамоаси янги туғилган чақалоқни етарлича ҳимоя қилиш ва унга вирус юқтирмаслик учун албатта махсус ҳимоя костюмларида бўлиши лозим.

Аниқ ҳолатни билмаган ҳолда антибиотиклардан фойдаланиш

Аксарият антибиотиклар унчалик хавфли эмас. Вирусга қарши дорилар жуда хавфли. Агар ҳомиладор аёл уларни қабул қилган бўлса, унда албатта шифокор билан маслаҳатлашиш лозим. Баъзида маслаҳатлашгандан сўнг ҳомиладорликни тўхтатиш лозим бўлиб қолиши мумкин. Вирусга қарши қабул қилинган дорининг ҳомилага, айниқса дастлабки икки ойда ҳомила органлари ва тизимлари шаклланишига қандай салбий таъсир кўрсатишини текшириб кўриш керак. Аммо яна бир бор айтаман, пенициллин гуруҳига кирувчи антибиотиклар туғилмаган болага салбий таъсир кўрсатмайди. Шунингдек, доксициклин ва макролид гуруҳига кирувчи антибиотиклар ҳам ҳомиладор аёллар учун унчалик хавфли эмас.

Коронавирусга чалинган она боласини эмизиши мумкинми?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, коронавирус юқтирган она боласини эмизиши мумкин. Ўтказилган тадқиқотлар вируснинг она сути орқали юқмаслигини исботлади. Аммо Қозоғистонда биз ушбу амалиётдан воз кечишга қарор қилдик. Вирус юқтирган она ўз боласини эмизаётганда ҳар гал ҳимоя костюми, ниқоб ва кўзойнак кабиларни кийиши ва тақиши лозим бўлади. Буларнинг барчаси кўп вақтни олади ва албатта, жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Шунинг учун туққан аёллар фақат COVID-19 аниқланмаганда ёки касалликдан тузалганда боласини қўлига олиши мумкин.

Агар коронавирус юқтирган она уйда бўлса, у ўзини боласидан ажратиб қўйса яхшироқ бўлади. Бундай ҳолатларда, ваҳима тушмаслик, ортиқча ташвишланмаслик жуда муҳим. Янги туғилган чақалоқлар вирусга унча мойил бўлмайди, сабаби улар кучли иммунитетга эга бўлади. Шу сабабли янги туғилган болаларнинг коронавирус юқтириш эҳтимоли жуда кам. Мабодо вирусни юқтирганда ҳам уни аломатларсиз ўтказиб юборади.

Шунинг учун, агар онада ҳарорат ва бошқа аломатлар бўлса ҳам боласини эмизавериши мумкин. Яна бир бор таъкидлайман: она сутида вирус йўқлиги исботланган.

Карантин ҳомиладорлик кўпайишига сабаб бўладими?

Эҳтимол, одамлар карантин туфайли анча эркинроқ бўлишяпти. Ишонч билан айтишим мумкин, аввал турли сабаблар билан ҳомиладор бўла олмаган аёллар карантин пайтида яхши имкониятларга эга бўлишди. Пандемия тарқалишидан олдин иш билан боғлиқ бўлган турли босимлар карантин пайтида бўлмайди. Қисқаси, уларнинг эрки ўз қўлида бўлади. Бундай шароит ҳомиладор бўлиш учун жуда қулай ҳисобланади. Олдинлари бепуштлик ҳақида ташвишланганлар ҳам коронавирус хавфи ортидан ундай нарсаларни ўйламай қўйди. Бу ҳам ҳомиладор бўлиш учун яхши шароит яратади.

COVID-19 ҳақиқатан ҳам жиддий муаммо, лекин биз уни бутун дунёдаги барча профессионаллар билан биргаликда ўрганмоқдамиз. Якуний аниқ натижаларни кейинги йилнинг бошида оламиз. Биз хитойликлар, италияликлар ва испанларнинг тажрибасини кузатяпмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳомиладор бўлишни ва туғишни тўхтатишнинг ҳожати йўқлигига ишонамиз. Фарзанд кўришни хоҳловчи оилалар албатта мақсадига етиши керак.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид